ҚЎШНИ МУҲТОЖ БЎЛМАСИН

ҚЎШНИ МУҲТОЖ БЎЛМАСИН

Ҳикоя

Бола эдик. Биз кўчиб келган қишлоқ қўриқ ерда барпо қилинган, ҳали қўрғонлар йўқ, уйлар девор уриб тўсилмаган эди. Ўша йили қиш қаттиқ келди, қор ҳам эрта ёғди. Ҳовлимиз четига бир машина кўмир тўктирдик. Бир кўмирки, ҳавасга ёқасиз. Дона-дона, ловуллаб ёнгани билан чўғи саҳаргача бузилмай туради.

Олапар лақабли итимиз бўлиб, жуда ҳушёру одамни тишламас, аммо ҳовлига бегона кирса, акиллаб дунёни бузгудек бўларди. Бир куни оқшом маҳали басма-басига ҳурганини эшитиб, акам ташқарига чиқиб кетди. Бир оз ҳаяллагач, қовоғи уюлиб кириб келди. Нима гаплигини сўраган онамга тагдор қилиб жавоб берди:

— Қўшнимиз Ҳайит хола экан. Қўлида эски қоп. Товуғимни излаб чиқдим, дейди.

Дадам билан онам бир-бирига маъноли қараб қўйишди.

— Биламан, кўмир ўғирлагани чиққан! – дедим мен дадиллашиб. Чунки уюмнинг қўшни томони ҳар куни ўйилиб қолаётганини анчадан бери сезиб юрардик.

— Тек! – пўписа қилдилар онам. – Ўзингдан каттага билиб-билмай маломат қилма.

— Рост айтяпти, – гапга қўшилди опам. – Уларникида кўмир йўқ, шунинг учун ҳам…

Дадам вазмин томоқ қирди, ҳаммамиз унга юзландик.

— Уларда кўмир йўқ, дегин? Унда яхшилаб эшитволинглар. Бугундан бошлаб кечаси итни бўшатмаймиз. Ким қўшнининг кирганини пайқаб қолса, тезда билдирмай изига қайтсин. То оладиганини олиб кетмагунча чиқмай туринглар, изза бўлмасин. Кейин онамга юзланди:

— Тез-тез пақирда опчиқиб бериб тур.

Онам индамай бош ирғаб тасдиқлади. Ҳайронлигимиз юз-кўзимизда зоҳир эди шекилли, дадам қўшимча қилди:

— Қўшнинг совуқда дийдираб ўтирса, сенга иссиқ уй татийдими. Қўли юпқалик қилгандирки, кўмир ололмагандир. Муҳтожлик ёмон… Неваралари майда, ёрдам бериш керак.

Шу-шу Ҳайит холанинг кириб-чиқишларига кўз юмиб юравердик. Онам ора-сира ҳеч нарсани билмайдигандай, уларникига пақирни тўлдириб кўмир опчиқадиган бўлгач, оқшомлари яширинча чиқадиган одатини ҳам ташлади.

Қишдан ҳамма омон чиқди. Кўмир ҳаммага етди…

Ундан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Ўша одамлар энди йўқ… Ҳайит холанинг “майда” неваралари аллақачон шаҳарда катта одам бўлиб кетишган. Лекин, қачон йўллари тушса, ота уйимизни бир йўқлаб ўтишади. Бувилари васият қилган экан…

 

Гулчеҳра Асронова.