ОДАМФУРУШЛАР ёхуд соддаликнинг нархи қанча?

ОДАМФУРУШЛАР  ёхуд соддаликнинг нархи қанча?

Нафс қулига айланган андижонлик дугоналар Асила ва Мунира (исмлар ўзгартирилган) мўмай пул топиш йўлини излай бошлашди. Шундай кунларнинг бирида Асилага Туркиядаги Ойдин исмли таниши WhatsApp орқали қўнғироқ қилиб қолди: “Чиройли қизлардан борми? Ҳар бирига 2000 доллардан оласиз”. Муддао нималигини англаган Асила шоша-пиша жавоб берди: “Э, гўзаллар бизда-да”.

Эртасигаёқ ёнига Мунирани чақириб, ўзларича режа тузишди. “Бу ишга яқин қариндошлар тўғри келмайди, эртага иси чиқади”, – дея ақллилик қилди Мунира. Хуллас, “танишимнинг таниши” йўсинида иш кўришга келишиб олгач, икки дугона “ов”га отланишди.

Ўлжа узоқ куттирмади. Ким кўп – иш излаган, осонгина пул топишни кўзлаганлар кўп. 26-28 ёшли, турмуши бузилган қўқонлик Феруза ва фарғоналик Наима “овчи”ларнинг мўлжалига тўғри келди. Бинойидай чиройи бор бу қизларни “Туркияда ишлайсизлар, бизни фирма уй бекалигига ходим сўраяпти. Ойига минг доллардан маоши бор”, деб ишонтиришди. “Яна ўзингиз биласиз, кўнмасангиз, бошқа топамиз” деб уларнинг кўнглига ғулғула ҳам солиб қўйишди. Қарангки, икки аёл суриштириб ҳам ўтиришмай, рози бўлишди. Паспортлари-ю бошқа керакли ҳужжатларни қўш қўллаб Асила ва Мунирага топширишди…

Хайрият, мудҳиш жиноятнинг “миси чиқди”. 2020 йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси (ТЭҚКБ) ҳамда Фарғона вилояти ТЭҚКБ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорлигида Туркиянинг Истанбул шаҳрига шаҳвоний мақсадларда (фоҳишаликда) фойдаланиш учун 2 нафар қизни юбораётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Асила ва Мунира Тошкент халқаро аэропортида қўлга олинди ҳамда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Улар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси билан айбдор деб топилиб, суд органи томонидан жиноий жавобгарликка тортилди.

Афсуски, бундай ҳолатлар кўп содир этилмоқда. БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 3 миллионга яқин шахс одам савдоси қурбонига айланади. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир.

Чет элларга ноқонуний равишда чиқиб кетиш, норасмий йўллар билан фирибгар воситачилар ёрдамида иш топиб, қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириш, номаълум одамларга паспорт ва бошқа ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини топшириб қўйиш содда одамларнинг қулга айланиб қолишларига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг чет элларда бўлиш даврида яшаб ва ишлаб турган мамлакат қонунчилиги, меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида амал қилиниши лозим бўлган қоидаларни билмасликлари аянчли оқибатларга замин яратмоқда. Айниқса, борган мамлакати тилини билмаслик, муайян касб ва малакага эга бўлмаслик, аксарият одамларнинг ўз ҳақини талаб қила олмаслиги оғир меҳнат шароитларида қул сифатида эксплуатация қилинишларига олиб келмоқда.

Одам савдоси ўзининг содир этилиш услублари бўйича трансмиллий характерга эга эканлигини инобатга олиб, мазкур турдаги жиноятчиликка қўшни давлатлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда профилактик тадбирларни олиб боришни тақозо этади. Шуларни эътиборга олган ҳолда, МДҲ давлатлари раҳбарлари қарори билан тасдиқланган, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган Давлатлараро чора-тадбирлар Дастурига асосан, йил мобайнида белгиланган вақтларда Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорликда, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашишга қаратилган ҳамкорликдаги “Стоп трафик” номли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Огоҳ бўлайлик! Ушбу мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш барчамизнинг Ватан, маҳалла ва жабр-дийда оилалар олдидаги бурчимиз эканлигини унутмайлик!

 

Жавлонбек Юлчиев,

Фарғона вилояти ИИБ

Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходими, капитан.