Вилоят ҳокими кубоги «Бунёдкор»да!

Вилоят ҳокими кубоги «Бунёдкор»да!

Кеча анъанавий “Вилоят ҳокими кубоги — 2021” халқаро турнири якунланди. Икки ҳафта давомида 16 та жамоа бош соврин учун кураш олиб борди. Гуруҳ ўйинлари, чорак ва ярим финал учрашувларидан сўнг финалда Тошкентнинг “Бунёдкор” ва Фарғонанинг “Истиқлол” жамоалари майдонга тушди.

Финал учрашувидан олдин «Нефтчи» ўйингоҳида 3-ўрин учун «Нефтчи» ва «Қўқон-1912» жамоалари ўртасида кечган баҳсда қўқонликлар 2:0 ҳисобида зафар қучишди.

Турнир финали Фарғона давлат университети ўйингоҳида бўлиб ўтди. Мухлислар 90 дақиқа давомида ҳужумкор ўйиннинг гувоҳи бўлишди.

Суперлига жамоаси – «Бунёдкор» учрашувнинг бошиданоқ ташаббусни ўзида сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Ўз навбатида, Анвар Бердиев бош мураббийлик қилаётган «Истиқлол» жамоаси тажрибали рақибларига муносиб қаршилик қилди.

Ҳисоб 20-дақиқада очилди.
“Бунёдкор” ярим ҳимоячиси Нурилло Тўхтасинов бурчакдан ошириб берган тўпни ҳужумчи Лутфулла Тўраев боши билан дарвозага аниқ йўллади. Ўтказиб юборилган тўпдан сўнг фарғоналиклар қарши ҳужумга зўр беришди. Бироқ биринчи бўлим охиригача ҳисоб ўзгармади.

Иккинчи бўлим бошида “Истиқлол” ҳисобни тенглаштирди. Кетма-кет уюштирилган ҳужумлардан бирини Сардор Сотволдиев аниқ ниҳоясига етказди.

Учрашувнинг 70-дақиқасига келиб Лутфулла Тўраев жамоасини яна олдинга олиб чиқди. Ўйин тугашига яқин қолганда “Бунёдкор” ҳисоб орасидаги фарқни учтага оширди. Тошкентликлардан Фаррух Икромов ва Расул Йўлдошев муқаррар ғалабани мустаҳкамлади (4:1).

Финал учрашуви якунлангандан сўнг турнир ғолиби «Бунёд-
кор» жамоасига ғолиблик медаллари, 50 миллион сўмлик сертификат ва вилоят ҳокими кубоги тантанали топширилди.

Шунингдек, совриндорлар —

“Истиқлол”, “Қўқон-1912” жамоалари футболчиларига ҳам эгаллаган ўринларига муносиб медаллар топширилди. Турнирнинг “Энг яхши дарвозабони” — Фаррух Турдиалиев («Истиқлол»), “Энг яхши ҳужумчи” — Шоҳназар Норбеков («Қўқон-1912»), ”Энг яхши мураббий” — Илҳом Мўминжонов («Нефтчи»), “Энг яхши ўйинчи” — Анвар Ҳожимирзаев («Истиқлол») эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Рустам ОРИПОВ,

Аброр ДЕҲҚОНОВ.

Шерзод ҚОРАБОЕВ

олган суратлар.