Ёшлар ўртасидаги битта жиноят ҳам — фожиа

«Чорбоғ» маҳалласида яшовчи мактаб ўқувчиси А. Н. жиноятга қўл урди. У ярим тунда уч нафар ўртоқлари билан спиртли ичимлик ичиб, улфатчилик қилади. Уй эгасининг ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, унинг автомашинасини олиб қочган. Кўчада турган икки нафар ўртоғини ҳам машинага ўтқазади. Маст ҳолатда автомашинада Яккатут қишлоғи ҳудудидан ўтган Андархон-Фурқат йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг чап томонида бўлган ўрик дарахтига урилади. Натижада енгил тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди томонидан 11-синф ўқувчиси — вояга етмаган шахснинг жиноий иши кўриб чиқилди. Унга шартли ҳукм қўлланиб, икки йил синов муддати тайинланди. Жабрланувчига етказилган моддий зарар ундириладиган бўлди. Хўш, ҳали мактабни битирмаган бу ёш ўспирин нега жиноят содир этди? Маҳалла, мактаб ва бошқа масъул идоралар унинг тарбиясига нега эътибор қаратмади?

Бу каби саволларнинг туғилиши табиий.  Биз “Чорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Қамбарованинг бу борадаги фикри билан қизиқдик.

— Жиноятни содир этиш омил ва сабаблари маҳалламизда чуқур муҳокама қилинди, — дейди маҳалла раиси. — Ўзим бу болага мураббийман. Ота-онаси савдогарлик билан шуғулланиб, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлган. Ҳатто туни билан қаерда юриши билан қизиқмаган. Албатта, бунда маҳалланинг айби бор. Ҳозирда бу ўқувчи назоратимизда. Мактаб-ларда ўтказилаётган тадбирларга жалб қиляпмиз.

Ёшлар ўртасидаги битта жиноят ҳам аслида фожиа. Бунга асло бефарқ қараб бўлмайди. Бугунги кунда тирикчилик важи билан аксарият оилаларда фарзанд тарбиясига эътибор сусайди. Айрим ота-оналар болаларини назоратсиз қолдириб, йиллаб хорижда ишлайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноятларга фарзандлар тарбияси билан ота-оналар етарли даражада шуғулланмаслиги, оиладаги дои-мий жанжаллар сабаб бўлмоқда.

Маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантириш осон иш эмас. Бугунги кунда Бешариқ туманида 62 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Ўтган йилда 58 та маҳаллада жиноятчилик содир этилган. “Юқори Зарқайнар”, “Кулолобод” маҳалла фуқаролар йиғинида криминоген вазият оғир.

— Жиноятчиликни жиловлаш ва турли ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда маҳалланинг ўрни беқиёс, — дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Гулчеҳрахон Йўлдошева. — Шу боис мамлакатимизда бу тизимнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш, ваколатларини кенгайтириш, ҳар бир маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга муҳим эътибор қаратиляпти. Туманимиздаги маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тизимли равишда маҳаллада муҳокама қилиняпти. Таъсир чораси — “жамоатчилик иззаси” қўлланилмоқда. Аммо, тан олиш керак, қилинаётган бу саъй-ҳаракатларга қарамай, маҳаллаларда жиноятлар, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар сони камаймаяпти. Таянч пунктларининг фуқаролар йиғини билан бир бинода жойлаштирилиши, профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари штати жорий этилганига қарамай, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид чора-тадбирлар кутилган натижаларни бермаяпти. Аввало, маҳалла раислари, ўринбосарлари бунда масъулиятни ошириши керак.

Қайсики маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш учун барча бир ёқадан бош чиқарса, бу иллатга қарши одамларда муросасиз кайфият шаклланса, ўша ҳудудда тинчлик-осойишталик таъминланиб, эзгу ишлар кенг қулоч ёзади. Аҳоли хотиржам ҳаёт кечириб, юртда олиб борилаётган ислоҳотларга ишончи ортади. Аҳоли билан ишлашда “маҳаллабай” тизимининг жорий этилиши жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда ҳам катта самара беради. Энди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимидаги барча масъуллар маҳаллаларда, одамлар орасида юриб, уларнинг муаммоларини ўрганади, аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топади.

 

Маъсуджон Сулаймонов.