Назм бўстони

Назм бўстони

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин

Фарида Афрўз (Фарида Бўтаева) 1956 йил 5 мартда Қўқон шаҳрида туғилган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг “Қирқкокиллигим”, “Изтироб кўйлаги”, “Тунлар исёни”, “Кўзим маним…”, “Қурбонжон додхоҳ” тарихий драмаси, “Ўзимдан ўзимгача”, «Пока есть на земле разлука…», «От Фариды Афруз» (Москва), “Гун айдин” (Истанбул), “Ушшоқ”, “Тасбиҳ”, “Ўша кун – бугундир” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган. Шеърлари турли тилларга таржима қилинган.

Шоира Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати. Учкўприк туманидан депутатликка сайланган Фарида Бўтаева тез-тез туғилиб ўсган юртига ташриф буюради, ҳамюртлари, унга ишонган сайловчиларининг дарду ҳасратини тинглайди, шодлигига шерик бўлади. Бу галги ташрифи чоғида “Фарғона ҳақиқати” газетасига туркум шеърларини илинди.

Дилимни оғритди дилимдагилар,

Туну кун номлари тилимдагилар,

Офтобим шамолим селимдагилар,

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,

Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.

 

Заҳарлар келтирди, шароблар тутдим,

Ғийбатлар уйдирди, жавоблар тутдим,

Қасамлар ичдилар, савоблар тутдим,

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,

Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.

 

Дастурхон тўримда шарбат тотдилар,

Ўгрилдим, ортимдан тошлар отдилар,

Улар мени бунча осон сотдилар,

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,

Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.

 

Душманим айёрдир, пайтлар пойлайди,

Дўстим эса нодон, сувни лойлайди,

Иккиси бир бўлиб кўзим бойлайди,

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,

Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.

Жонимга жазодир, жонимдагилар,

Кўзимнинг қароғи, қонимдагилар,

Эй, воҳ, бегонадир ёнимдагилар,

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,

Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.

 

Аслида дўст ҳам бир душманнинг тури,

Душманнинг энг зўри, душманнинг шери,

Чунки қўлидадир кўнглингнинг сири,

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,

Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.

 

Бошимга балодир, балодир кўнглим,

Бир сўзнинг тиғидан яродир кўнглим,

Дўсту душман аро адодир кўнглим,

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,

Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.

 

Ўзингдан йўқ ўзга маҳрами жоним,

Ўзингсан Султоним, ўзинг Ҳоқоним,

Ўтда куйдирмагин икки жаҳоним,

Мен уларни кечирай, бир қудрат бергин,

Аллоҳим, меҳрингдан бир хилват бергин.

***

Она ер – туфроқ қолиб,

осмон билан овворамиз,

Жон бериб, жонинг олар,

жон билан овворамиз.

Кўзларингга жовдирар,

сарсон висол, саргашта ишқ,

Ёш тўкиб, йиртиб яқо,

ҳижрон билан овворамиз.

Теграмизда ҳур малаклар,

бири сингил, бири ёр,

Инсоф қолиб, инсон қолиб,

шайтон билан овворамиз.

Отамиз мезбон эди,

оҳ, онамиз мезбон эрур,

Зор этиб ҳар иккисин,

меҳмон билан овворамиз.

Ҳар нафас ёнингда дилдош,

ҳар мушкулотингга ечим,

Яхшилар бунда қолиб,

ёмон билан овворамиз.

Чин ҳақиқат йўли бошқа,

чин вафолиқ ўзгадир,

Ҳақ қолиб, иймон қолиб,

ёлғон билан овворамиз.

Кўнгли уммон кимсаларнинг

жилғасидин сув ичиб,

Роз қолиб, эъзоз қолиб,

тўғон билан овворамиз.

Ҳар кишики, кўзи очдир,

кўр қилар, тўзони ганж,

Йўл кўрсатар сарбон қолиб,

карвон билан овворамиз.

Бизни Ҳақ ҳур айлади,

нур айлади, озод этиб,

Ҳар тарафга қулф уриб,

қўрғон билан овворамиз.

Кимки бизга интизордир,

Фарид Афрўз чин сўзим,

Жоним нисор, чин дўст учун

қурбон билан овворамиз.

***

Анча бўлди,

Шеърлар ёзмадим,

Ҳайратларим тугмайди мева.

Ич-ичимда йиғлайди кимдир,

Ёзилмаган шеър каби бева.

Анча бўлди,

Ҳолим паришон,

Аҳволимнинг аҳволи ҳароб.

Айтилмаган сўз каби гирён,

Сархуш қилмас минг йиллик шароб.

Анча бўлди,

Юрагим бўм-бўш,

Вайронадир, ҳувиллар қаср.

Умидларим кўраётир туш,

Илинжларим қул бўлган, аср.

Анча бўлди,

Сендан дарак йўқ,

Нома келмас, сувратлар йиғлар.

Хотирамнинг боғларидан жим,

Кулгуларинг ҳидлари келар.

Анча бўлди,

Яшамай қўйдим,

Танни судрар нимжон руҳият.

Филнинг юкин чумоли тортар,

Ўзлигидан кечган моҳият.

Анча бўлди,

Муҳаббат сарсон,

Қисматига тошлар отади.

Айтилмаган сўз каби гумон,

Отилмаган ўқдай ботади.

Анча бўлди…

Анча бўлди,

Ёмғир ёғмайди,

Тонг отмайди, қуёш ботмайди,

Анча бўлди…

Бу дунё карахт…

Анча бўлди ер айланмайди.

 

Фарида Афрўз.