Томорқа —фаровонлик омили

Томорқа —фаровонлик омили

   Президентимиз барча даражадаги раҳбарларга фаолияти давомида маҳалладаги мавжуд ҳолатни ўрганиш, ҳар бир  ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, маҳалланинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш  бугунги  куннинг муҳим вазифаси сифатида белгилаб бераётгани бежиз эмас.

“Маҳаллабай” ишлаш бўйича  ташкил этилган янги тизим, аҳоли муаммоларини  тўлақонли ўрганиш, амалий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик ва касбга ўқитиш, имтиёзли кредитлар орқали бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш  имкониятини бермоқда.

Бувайда туманидаги “Найман“ маҳалла фуқаролар йиғинига “Баҳор эрта келадиган қишлоқ”, дея таъриф  беришади. Ташқарида қиш забтига олиб турган бўлса-да,  найманлик томорқачилар баҳор тафтига  монанд ишлаш ҳадисини олган. Азалдан деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келган маҳалла аҳли  ҳар қарич ернинг қадрига етади, меҳнатига яраша ҳосил олади. Маҳаллада  ерга меҳр берган 5 минг нафарга яқин  томорқа ер эгалари  яшайди.

Ҳар бир хонадон  иситиш тизими, электр энергия талаб қилмайдиган кам харажатли қўлбола иссиқхонада бодринг, булғор қалампири, бақлажон, помидор  сингари сабзавот кўчатлари етиштиради. Кўчатлар ички эҳтиёждан ортиб, қўшни Андижон, Наманган вилоятларидаги сабзавоткорларга ҳам етказиб берилади.

Мавлуда  Холмирзаева  “Темир дафтар”га  киритилган оила бекаси.   Хўжалигида томорқа экин майдони бор, лекин топгани рўзғордан ортмайди.   Мутасаддилар бу оилага субсидия асосида  иссиқхона қуришга ёрдам берди.  Бугун оила аъзолари фойдали меҳнат билан машғул. Иссиқхонада сара сабзавот кўчатларининг  ривожи авжида. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи ҳосилдан 10 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни кўзлаб турибди. Дилором Қодиров якка-ёлғиз, меҳнат қилишдан қочмайди. Аммо томорқани суғориш учун сув таъминотида ўзига хос муаммолар бор. Бандликка  кўмаклашиш  маркази  туман  бўлими  хонадонга сув насоси олиш учун амалий ёрдам берди.

Узоқ йиллар чорвачилик  хўжалигида  ишлаб нафақага чиққан Абдурашид Акрамов уста томорқачи. Кексалик бекорчилик эмас. Оилабоши томорқа юмушларини бажаришда  фарзанд ва набираларига бош. Хонадон томорқасининг  ҳар қаричи ҳисоб-китобли. Етти  сотих  сунъий иссиқхоналардаги сабзавот экинлари ҳосил  чўғидан далолат бериб турибди. Томорқачи ўз иш тажрибасини маҳалла, қўни-қўшнилар билан баҳам кўради, маслаҳат, йўл-йўриқ беришни канда қилмайди.

— Бу, биринчи  ҳосилимиз, — дейди Абдурашид ака  плёнка  остида бўй кўрсатиб турган  бодринг кўчатларини қўлига олиб. — Ўтган йили 40 миллион  сўмдан ортиқ соф даромад олдик. Машина, уй-жой, тўй-ҳашам мана шу меҳнат ва изланишларимиз маҳсули.  Бир дона бодринг кўчатининг бугунги баҳоси  1000 сўм. Бошқа саб-
завот кўчатларининг ҳам бозори чаққон.  Ҳар бир ютуқ ортида меҳнат  машаққатлари бор. Ерни тайёрлаш, уруғ қадаш, совуқ кунларда тунларни бедор ўтказиш талаб этилади.  Томорқачиликнинг бу олтин қоидасига амал қилмай туриб бирон-бир ижобий натижага эришиб бўлмайди.

— Ҳудудимизда йирик ишлаб чиқариш тармоқлари йўқ, — дейди  маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича  ўринбосари Ашурой Исломова. — Лекин бу ишсизлик келиб чиқиши учун асос бўлиб қолаётгани йўқ. Икки сотих экин майдони бўлган одам камбағал, бекорчи бўлмайди.  Шу боис ҳар бир масалага  уйма-уй,  маҳаллабай   асосида  ечим топишга ҳаракат қиляпмиз.  Бекор юрган одам, бўш қолган томорқа майдони йўқ. Йилнинг тўрт фаслида кафтдек ердан унумли фойдаланаётган томорқачилар сафи кундан кунга ортиб бормоқда.  Шу кунга қадар 33 нафар кам таъминланган  оилалар  муқим даромад манбаига эга бўлгани боис ”Темир дафтар”дан  чиқарилди. Айни кунда  22 нафар  ишсиз хотин-қизларнинг 11 нафарига субсидия орқали иссиқхона қуриб бериш, бир нафарига тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратиш,  бир нафари қайта касбга ўқитиш учун йўналтирилди, қолганларга ҳуқуқий, психологик маслаҳатлар берилди.

Маҳалладаги 864 та хонадондаги 40 гектардан ортиқ   томорқа эгалари  йилига тўрт мартага етказиб ҳосил олмоқда.  Натижада   камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар  кундан- кунга камайиб бормоқда. Якка ёлғиз, боқувчиси йўқ, имконияти чекланган оилалар саховатпеша кишилар ҳимоясида.

“Маҳаллабай” ўрганишлар чоғида ишчи гуруҳи  туманда ерга меҳр берган 37 минг 148 нафар томорқа ер эгалари истиқомат қилишини аниқлади.   Аҳоли кам таъминланган қисмини камбағалликдан чиқариш мақсадида туманда 2 та кооперация ташкил этилиб, Узумзор МФЙда 64 нафар фуқароларга 32 гектар ер майдони ва Қўштепа ҳудудидан 68 нафар фуқарога  34 гектар майдони ажратилди. 114 нафарига имтиёзли кредит, 108 нафарига субсидия асосида  иссиқхоналар қуриб берилди.

— Ишчи гуруҳ тузилиб, хонадонма-хонадон юриб, томорқадан тўғри фойдаланиш назорат қилиняпти, — дейди  маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Бувайда туман бўлими раиси Олияхон Асқарова. — Шу кунга қадар тумандаги 36 та маҳалла фуқаролар йиғинида “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойилига асосланиб, томорқачилик анъаналарини ривожлантириш, ташаббусларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратяпмиз. Жумладан,  “Найман” МФЙ помидор, бодринг кўчатлари, “Оққўрғон” МФЙ шолғом, редиска, “Юқори Манғит” маҳалласида қулупнай, “Беглар”да лимон етиштириш бўйича тажрибалар оммалаштирилмоқда.

Туманда 450 дан ортиқ янги иссиқхоналар қурилиб, жами 1 минг 183 тани ташкил қилди. Ташаббус  билан чиққан 389 та фермер хўжалиги томорқа майдонларини ҳайдаш, мевали дарахтлар, сабзавот уруғларини етказиб беришда 3 минг 377 та хонадонга кўмаклашмоқда. Барча  ҳудудда кичик ҳажмли  музлатгичлар,  “Экодўкон”лар ташкил этилди.

Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, ундан доимо унумли фойдаланишимиз лозим. Дунёда ҳаракатсиз бой бўлган давлат ҳам, хонадон ҳам йўқ. Ҳамма нарса меҳнат, изланишга боғлиқ. Ким меҳнат қилса, роҳат кўради.

 

Расулжон Камолов.