Кичик саноат зоналарининг катта муаммолари

Кичик саноат зоналарининг катта муаммолари

Ёхуд тадбиркор додини кимга айтсин?

– Тадбиркорга қўядиган талабларимиз эҳ-ҳе жуда кўп: нега ишчи ўрнини кўпайтирмаяпти, фаолиятини кенгайтирмаяпти, маҳсулотини четга экспорт қилмаяпти..? – дейди куюниб Марғилондаги кичик саноат зоналари мутахассиси Элёр Мадаминов. – Мана шу барча талабларни бажаришга уларнинг салоҳияти, имконияти, ақли етади. Фақат уларга керакли шароит-ни яратиб берсак, кифоя. Бу ердагиларнинг ҳаммаси ишлайман, ишсизларни ҳам ёнимга оламан, деб ўзлари ташаббус билан чиққанлар. Уларнинг кўзидаги оловни сўндириб қўймаслигимиз керак-да, ахир.

Марғилон шаҳрида тўртта кичик саноат зонаси бўлиб, улардан “Надирмат” ва “Наврўз” 2018 йили фаолиятини бошлаган. 15 гектарли “Йўлдошобод” ҳамда 4 гектарли “Ёшлар” саноат зоналарида ҳали қурилиш ишлари давом этаяпти.

Йигирмага яқин ишлаб чиқариш корхоналарини ўзида бирлаштирган “Надирмат” кичик саноат зонасида муаммолар етарлича. Энг асосийси – электр ва иссиқлик энергиясининг етишмаслиги.

– Эрталабдан свет йўқ, – дейди “Bright sun” хусусий корхонаси директор ўринбосари Муҳаммаджон Маматхонов. – Мана, 12 нафар ишчимиз бекор ўтирибди. Қиш мавсуми келди дегунча биз зарарига ишлаймиз. Корхонамиз суюқ ойна ишлаб чиқаришга ихтисослашгани боис, мабодо иш жараёнида электр таъминотида узилиш бўлса, маҳсулот қотиб қолади, уни яна суюқ ҳолатга келтиришга шунча миқдорда электр токи сарфланади. Вақт кетади. Ток бор ёки йўқлигидан қатъи  назар, ишчиларнинг ҳақини беришимиз керак.

– “Надирмат” электр токини иккита линиядан олади, – дея вазиятга ойдинлик киритди “Fabian Invest” МЧЖ иш юритувчиси Маъруфжон Тешабоев. – Болтакўл линиясида узилиш бўлса, комбинат линия-сига автоматик тарзда уланади. Бу ерда деярли ҳамма корхоналар электр токида ишлагани учун алоҳида трансформатор олиб келинган. Барибир зўриқиш кучайиб кетаяптими, “ЩИТ” кўтаролмаяпти.

10 нафар доимий, 40 нафар мавсумий ишчиси бўлган аёллар пойабзал корхонаси – “Fabian Invest”нинг ҳам асосий муаммоси электр токи ва иссиқлик энергиясига бориб тақалади. Агар шу муаммо бўлмаса эди, ойига 10 минг эмас, 20 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарар, нафақат бошқа вилоятлар, балки Тожикистондан ташқари қўшни мамлакатларга ҳам маҳсулоти етиб борармиди…

Умумий майдони 1356 кв. метрни ташкил қилувчи “Синиорита” хусусий корхонасининг ҳам муаммоси ўзига етарли. “2018 йили “Микрокредитбанк”дан 4 йилга 245 минг доллар миқдорида кредит олганмиз. Устига яна озроқ маблағ қўшиб, Хитойдан 300 минг долларлик ускуна олиб келдик. Пандемия сабаб бир йиллик имтиёз давридан фойдалана олмадик. Ўтган йилнинг октябрь ойидан тўла ишга қайтган бўлсак, бир тарафда кредит тўлови, бир тарафда тинимсиз коммуналдаги муаммолар… Ишимиз ҳеч олдига юрмади”, – дейди куюниб корхона раҳбари Баҳромжон Мирхўжаев.

Ахир, корхонада барча “операция”лар электр токи ёрдамида амалга оширилса, бичув, тикув, моделлаштириш дейсизми… Бундан ташқари, бино катталиги сабабли иситишда қийинчилик бўлади. Ишчилар кетиб қолмаслиги учун ўз вақтида ҳақ тўлаш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш – раҳбарнинг бўйнида. У 300 ишчи ўринга мўлжалланган, тўла қувватда ишламаётган корхонасини кенгайтириш ёки маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ҳақида ўйласинми ё кундалик коммунал муаммолар билан овора бўлсинми?

Баҳромжон Мирхўжаевнинг айтишича, Тожикистонга Бекободдаги Ойбек чегара пости орқали ўтишади. Агар Бешариқ туманидаги Андархон ва Равот чегара постлари орқали ўтилса, тадбиркорларга анча енгиллик бўлади, йўллар қисқариб, йўлкира ҳам арзонга тушади. Энг муҳими, тожикистонлик ҳамкорлар ишончини оқлаб, буюртмалари вақтида етказиб берилади. Ҳозирда ойига 20-30 минг долларлик маҳсулот экспорт қилаётган “Синиорита”нинг келгусидаги мўлжали – экспорт ҳажмини 50 минг долларга, 100 нафар ишчини эса 300 нафарга етказиш. Бу режаларини амалга ошириш учун эса унинг 1 миллиард сўм миқдорида давлат томонидан ажратиладиган субсидияга эҳтиёжи бор.

“Марғилон чучваралари” МЧЖ эса фаолиятини чучвара эмас, нон ва нон маҳсулотлари, ширинликлар ишлаб чиқаришга ўзгартириб юборган. Сабаб – ҳудудда 3 йилдирки, канализациянинг йўқлиги. Ярми электр токида, ярми газ печида пишувчи, бунинг устига айни қиш мавсумида харидоргир бўлувчи ширинликларга газ ва электр токининг нечоғли зарурлигини гапиришга ҳожат йўқ. “Надирмат”га истеъмол қувватининг тўртдан бири миқдорича иссиқлик энергияси ажратилганидан ҳам вазиятни тасаввур қилиб олаверинг!

Шахсини ошкор этишни истамаган суҳбатдошимизни яна бир муаммо қийнайдики, унинг отини “елка”  деб айтди.

— Мисол учун, беш эмас, эҳтиёждаги ўн тонна ун сотиб олмоқчи бўлган тадбиркор шундоқ боради-ю, пулига ун сотиб олаверади, деб ўйлайсизми?! Хомтама бўлманг! – дейди у.

– Нега бу ҳақида тегишли идорага арз қилмайсиз? – сўраймиз ундан.

– Ундай қилсак, бори ҳам йўққа чиқади, мени “сотқин”га чиқаришади…

“Надирмат”нинг муаммоларини тинг-лаб, “Наврўз”га борган эдик, у ерда ҳам байрам эмас экан. Корхонасига газ ўтказиш учун бир ойдан буён ҳали унга, ҳали бунга югуриб, овораю сарсон бўлиб юрган Дилмурод Асқаров дилидагини яширмай-нетмай тўкиб солди: “Авваллари “Водийқайтақуриш” корхонасида мазза қилиб ишлаб юрган эканман. Нима бўлди-ю, Президентнинг тадбиркорларга катта имкониятлар берилади, деганига қизиқиш билдириб, мана шу 42 сотихлик ташландиқ ерда корхона қуришга киришиб кетдик. Тендерда ютиб олганимизда, бу ерлар ахлатхона эди. Ахлатдан тозалаб, эпақага келтиришга ҳам 20-30 миллион сўм сарфладим. Йиққан-терганимнию машинамни кўриб турганингиз шу бинога тикдим, 150 минг доллар сарфладим. Куним эски “Тико”га қолди. 2018 йилдан бери қурилиш, тиклаш билан энди оғзим ошга етди деганда, газ ўтказолмай сарсонман. Совуқдан бор пардоз сувоқлари ҳам кўчиб тушяпти. 80 та ишчи ўрни яратаман дегандим, хоналар совуқ, чироқ йўқ, 10 нафарини аранг ушлаб турибман…”

Кетар чоғимизда, “Фарғона текстиль мануфактур” МЧЖ раҳбари Дилмурод Асқаровнинг саволига жавоб тополмай, тилимизни тишлаб қайтдик: “Ўзи тадбиркорга давлат қандай ёрдам беради? Асл вазиятдан қонун ишлаб чиқарувчиларнинг хабари борми?”

Кун охирлаб қолганига қарамай, йўлимизни таҳририят биносига эмас, “Hududgaz Farg’ona” газ таъминоти филиали Марғилон бўлими томон бурдик. Ижро интизомининг умуман йўқлигини биздан олдин бориб, хуноби чиқиб турган отахон ҳам тасдиқлади. Айтишича, амалда ишлатилмаган газ ҳажми учун катта миқдорда қарздорлик ёзиб қўйишган. Бир ойдан буён қатнашига қарамай, муаммо ечим топмаган. Охири Халқ қабулхонасига ариза билан мурожаат қилганидан сўнг, “Отахон, узр, хатолик биздан ўтибди”, дея қўнғироқ қилишибди. Кўринадики, бундай сарсон-саргардон бўлаётган биргина тадбиркор Дилмурод Асқаров эмас.

“Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш – кун тартибидаги масала”, дея гапни сиёсатдан бошлаган бош муҳандис Мирзоулуғбек Муҳаммад Ализодага на тадбиркор, на мутасадди ходим қўнғироқ қилиб, боғлана олади. Жавоби тайёр – «Йиғилишда эдим». Қизиқ, йиғилишдан ортиб, асосий ишига вақт ажрата олармикан-а? Хайриятки, Президент 27 январь кунги селекторда узоғи 40 дақиқалик мажлис ўтказиш мумкинлиги хусусида гапириб, “Мажлисларга кетган вақтнинг 50 фоизи тадбиркорликни ривожлантиришга, корхоналарни обод қилишга сарфланса, одамлар биздан рози бўлади”, деди. Энди Мирзоулуғбекка ўхшаш амалдорлар қандай баҳона топар эканлар, буни вақт кўрсатади.

— Биз билан шартномаси йўқ корхонага қандай қилиб газ етказиб берамиз? — дея гапни илиб кетди улгуржи истеъмолчилар билан ишлаш бўлими бошлиғи Норқул Холматов. – Бу корхонанинг номини биринчи марта эшитиб турибман. Ваҳоланки, мазкур корхона муаммоси ҳақида “Наврўз” кичик саноат зонаси мутахассиси Элёр Мадаминов М.Ализодага ёзма хабар жўнатган.

“Эртага эрталабдан “Фарғона текстиль мануфактур”га бориб, муаммони ўрганамиз ва бартараф этамиз”, деган мутасаддиларнинг эртаси ҳали келгани йўқ.

Эрта эртароқ келса, яна кўплаб ишсизлар мамлакатдан ташқарига иш излаб кетмас, балки маҳсулотлар чет элларга экспорт бўлар, иқтисодиётга икки-уч хил кўринишда манфаат келтирар эди…

Биз тилимизни тишлаб, жавоб беролмаганимиз саволга мутасаддилар жавоб берсин: “Ўзи тадбиркорга давлат қандай ёрдам берилсин демоқда? Асл вазиятдан қонун ишлаб чиқарувчиларнинг хабари борми?”

 

Севара АЛИЖОНОВА.