Бир сўм қийматдаги бино-иншоот 114 миллион сўмга сотилди

Бир сўм қийматдаги бино-иншоот 114 миллион сўмга сотилди

Қувасой шаҳар, Пакана қишлоғида жойлашган умумий майдони 0,106 (га) бўлган бўш турган чойхона биноси 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига оммавий савдоларга чиқарилди.

Мазкур бино-иншоот узоқ муддатдан буён бўш турган бўлиб, фойдаланилмасдан келинаётган эди. Бўлиб ўтган ким ошди савдоси 16 нафар талабгор ўртасида қизғин кечди ва бир йил муддатда 100 млн. сўм инвестиция киритиш ҳамда 3 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан 114 млн. сўмга сотилди.

Жорий йилнинг дастлабки 15 кунида  бошланғич нархи бир сўм қилиб белгиланган 39 та давлат мулк объектлари 1 йил муддатда  9 миллиард 995   млн. сўм инвестиция киритиш ва 239 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан сотилди.

— Бу қулай инвестиция муҳитини яратиш, хусусий мулк эгаларини қўллаб-  қувватлаш, янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш, рақобатни ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини  пасайтириш  орқали даромадларини ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий сармоя иштирокини кенгайтириш имкониятини бермоқда, — дейди Давлат активларини  бошқариш агентлиги Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси  бўлим  бошлиғи ўринбосари Достонбек Махситалиев. — Шу кунга қадар ҳудудий бошқарма томонидан 54 та  (шундан 14 таси 1 сўмлик) давлат мулки объектларинининг ким ошди савдолари  ўтказилди.

2020 йил давомида сотилган давлат мулк объектларида 92 та  янги ишлаб чиқариш тармоқлари ишга туширилди. Ташаббускор инвесторлар томонидан 203,5 млрд. сўм ва 3,3 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди,  икки мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Расулжон Камолов.