“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури:

“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури:

БЕШАРИҚНИНГ ЭНГ МИРИШКОР ҚИШЛОҒИ

Бешариқ туманининг Рапқон қишлоғи аҳли боғдорчилик, полиз маҳсулотлари етиштириш, умуман олганда, ердан оқилона фойдаланиш борасида жуда ҳам миришкор ҳисобланади. Бу борада қулай имкониятлар яратилаётгани туфайли рапқонликларнинг деҳқончилик соҳасидаги тадбиркорлиги йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.

Мевазор боғларда кўклам юмушлари бошланган бугунги кунда ўрик, шафтоли, гилос боғларидан кейин обод қишлоқ кўчалари чиройини янада оширган ишкомли узум токлари эътиборингизни тортади. Демак, бундан буён Рапқонда узумчилик тармоғи оилаларнинг қўшимча даромад манбаига айланади.

— Бизнинг маҳаллада Рапқоннинг энг миришкор томорқачилари яшайди, — дейди «Янгиқўрғон» МФЙ раиси Адҳамжон Холиқов. — Ҳозирги кунда маҳалладаги 120 та оилада иссиқхоналар бор. Ўрганишлар жа-раёнида 27 та оила “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, қисқа фурсатда муқим даромад манбаи яратилгани сабабли уларнинг аксарияти ушбу рўйхатдан чиқарилди. Айни пайтда мазкур рўйхатдаги  6 та оила фаровонлигини яхшилаш чора-тадбирлари кўриляпти.

Истиқлол кўчаси оқсоқоли Нуриддин Саминов 74 та хонадоннинг 45 таси кўчага замонавий темир токлар барпо этганини фахр билан таъкидлайди. Узум етиштиришда Ёрқинжон Розиқов, Неъматжон Исмоилов оилалари барчага ўрнак ва қўни-қўшниларга ҳам унинг сир-асрорларини астойдил ўргатишмоқда.

— Ҳамқишлоқлар тажрибасини ўрганиб, бу йил биринчи маротаба уйимнинг томида иссиқхона ташкил этдим, — дейди «Янгиқўрғон» МФЙда яшовчи Абдулафиз Каримов. — Шу кунларда помидор-бодринг кўчатлари сотишга тайёр бўляпти. Ундан камида 10 миллион сўм даромад олишни режалаштирганмиз.

Шундан сўнг томорқадаги иссиқхонада помидор-бодринг, аччиқ ва булғор қалампири, кўкатлар етиштирамиз. Хуллас, томорқадан бир йилда ўртача тўрт маротаба ҳосил олинади. Биз учун томорқа улкан даромад манбаи саналади.

Бу ҳудудда тадбиркорлик ҳам яхши йўлга қўйилган. Замонавий савдо, хизмат кўрсатиш мажмуалари, умумий овқатланиш шохобчалари, стадионлар, спорт клублари барпо этилиши ташаббускори ҳам маҳалладошлар. Янгиқўрғонликлар сидқидилдан меҳнат қилиш ва шунга муносиб равишда мириқиб ҳордиқ чиқаришни қойиллатади.

Яқинда тадбиркор Муҳаммадризо Эргашев давлат-хусусий шериклик тамойили асосида «Янгиқўрғон» МФЙ биноси учун барча шароит-лар яратилишига 300 миллион сўм маблағ сарфлади. Шу тариқа маҳалла биноси мукаммал қулайликларга эга бўлди.

Қуёшнинг ажиб жилва қилиши рапқонликларнинг ғайратини жўштирди – боғлар, томорқаларда яна иш қизиди. Тириклик ва тирикчиликнинг азалий удуми барчани умид билан яна ерга уруғ қадаш, мўл ҳосил умидида меҳнат қилишга ундаяпти. Меҳнат билан эса юрт ва кўнгиллар обод!

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.