200 дан ортиқ иншоот БИР ЙИЛДА

 200 дан ортиқ иншоот  БИР ЙИЛДА

“Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси билан қурилди 

Фарғонада янги меъморчилик, бунёдкорлик анъаналари қулоч ёймоқда. Осмонўпар бинолар, ижтимоий соҳа объектлари, кўча ва хиёбонлар қурилиши шаҳарга янги ҳаёт нафасини олиб кирди.

 

Шу кунга қадар “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида  18 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 33 та умумтаълим мактаблари, 57 та бошқа ижтимоий соҳа объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу аҳоли узоғини яқин, оғрини енгил қилиш,  юзлаб янги иш ўринлари яратиш имкониятини берди.

— 2021-2023 йилларда  вилоятимизда 12 та соғлиқни  сақлаш объектлари,  31 та умумтаълим мактабларида қурилиш, таъмирлаш ишлари  амалга  оширилади,  — дейди вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бош муҳандиси Зафаржон Абдураҳимов. – Асосий эътибор қурилиш сифатини яхшилаш,  таннархини арзонлатишга қаратилган. Шу кунга қадар қўлдан қўлга ўтиб, қурувчига етиб борган хомашёлар  бино ва иншоотлар таннархининг сезиларли равишда қимматлашиб кетишига  сабаб бўлган. Айни кунда йирик қурилиш кластерлари фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу қурилиш билан боғлиқ харажатларни арзонлатиш, ишни тез ва сифатли бажаришда  қўл келади. Бундан ташқари,  компания қошида таъминот базасини ташкил этишга киришдик. Эндиликда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонадан тўғридан-тўғри тузилган  шартнома  асосида  харид  қилинмоқда.

Яна бир муҳим масала, ёшлар билан ишлаш, малакали  мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор  қаратилмоқда. Шу мақсадда  вилоятдаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Эндиликда қурилиш соҳасида ишлаш истагида бўлган ёшлар ўқув жараёнидан ажралмаган ҳолда тажрибали мутахассисларга “Уста-шогирд” анъаналари асосида бириктирилади. Томонлар  келишувига  кўра,  ўқув  амалиётни  “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси қурилиш корхоналарида ўтаган битирувчи ёшлар иш билан таъминланади.

Ажратилган маблағларни  иқтисод  қилиш мақсадида биноларнинг ташқи  кўриниши учун кўзда тутилган травертин ўрнига сувли бўёқ, пойдевор (сокол) қисмига қимматбаҳо тошлар эмас, маҳаллий шароитда тайёрланган безак плиткаларидан фойдаланишга ўтилди. Бундан ташқари, деворларни  иссиқлик ушлагич қопламалар билан ўраш учун ишлатиладиган ашёлар ҳам маҳаллийлаштирилди. Хона деворларини ихчамлаштириш ҳисобига  иссиқликни сақлаб қолишга эришилмоқда.  Шунга ўхшаш бир қатор қурилиш материаллари маҳаллий маҳсулотларга алмаштирилиши ҳисобига янги иншоотларни қуриш билан боғлиқ  харажатлар  20 фоизгача иқтисод қилиняпти.

 

Компания

буюртмаси асосида

 

Мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 5-6 июнь кунлари  Фарғона вилоятига қилган ташрифи чоғида берган топшириқлари ҳамда  миллий ҳунармандчилик ва ипакчилик соҳасини янада ривожлантириш, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка жалб этиш, маҳсулотлар кўргазмаси учун шароитлар яратиш мақсадида 13 та шаҳар ва туманларда   миллий ҳунармандчилик марказлари қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда.

— Бу  ишлар учун 57 миллиард 894,1 миллион сўм маблағ ажратилган, — дейди  инжиниринг компанияси бош мутахассиси Шуҳрат Бобоев. — Қурилиш  объектларидаги ишлар техник назоратчилар томонидан  ўрганилади, аниқланган камчилик ва нуқсонлар бартараф этилади. Асосий мақсад, биноларни белгиланган  лойиҳалар асосида ўз муддатида пишиқ,  пухта  қуриш.

“Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мазкур марказлар фаолияти билан  боғлиқ лойиҳа  ҳужжатларини тайёрлаш, давлат экспертизасидан ўтказиш, ажратилган маблағлардан тўғри мақсадларда  фойдаланишни бевосита назорат қилиб боради.

—  Ҳунармандчилик  ҳақида  кўп гапирилади. Лекин уларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ишлари эътибордан четда қолиб келган, — дейди  Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонаси раҳбари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муҳаммадали  Юнусов. — Шу сабабли аксарият  ҳунармандлар тарқоқ ҳолда  фаолият кўрсатиб келган. “Миллий ҳунармандлар марказлари”ни қуриш борасида бошланган ташаббус анъаналарни тиклаш ва ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга хизмат қилади. Бу ерда касб-ҳунар ўргатиш, маҳсулотлар тайёрлаш, сотиш билан боғлиқ қулайликлар яратиб берилмоқда.

“Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси билан Олтиариқ туманида 13 та қишлоқ оилавий поликлиникасини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, тиббий профилактика  ва патронаж хизмати сифатини  янада яхшилаш имкониятини беради.

Шунингдек, мавжуд  кичик саноат зоналаридан самарали фойдаланиш   учун йўл-транспорт ва муҳандислик- коммуникация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилишга лойиҳа ҳужжатлари тайёрлаш, ишларни манзилли ташкил этишда “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг хизматлари катта бўлмоқда.

Расулжон Камолов.

Шерзод Қорабоев

олган сурат.