Финалчилар аниқланди

Финалчилар аниқланди

30 январь куни ”Нефтчи” ва Фарғона давлат университети ўйингоҳларида  “Вилоят ҳокими кубоги — 2021” халқаро турнирининг чорак финал учрашувлари бўлиб ўтди. Мусобақанинг еттинчи кунида мухлислар бир-биридан қизиқарли кечган баҳсларнинг гувоҳи бўлишди.

“Бунёдкор”

меҳмонларни

аяб ўтирмади

 

Чорак финал учрашувлари – гуруҳ босқичи ғолиблари учун омадли келди. “Бунёдкор” жамоаси ярим финал остонасида Қирғизистоннинг “Нур Баткен” клуби дарвозасига 5 та жавобсиз тўп киритди. Голлар Иброҳим Томива, Нурилло Тўхтасинов, Миржаҳон Мираҳмадов, Суннатилла Абдуллажонов ҳисобига ёзилди.

 

“Нефтчи”дан

йирик ғалаба

 

Мусобақа ғолиблигига асосий даъвогар бўлиб турган “Нефтчи” жамоаси чорак финалда ҳам рақибини қийинчиликсиз мағлуб этди. Илҳом Мўминжонов шогирдлари “Навбаҳор фарм” клубини 3:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Эътиборлиси, “Нефтчи” жамоаси сафига келиб қўшилган легионер футболчи Неманья Обрадович рақиб дарвозасини ишғол этди. Шунингдек, Абдуллоҳ Олимов ва Отабек Зокиров биттадан голга муаллифлик қилишди.

 

Пенальтилар серияси

 

Анвар Бердиев бош мураббийлик қилаётган “Истиқлол” жамоаси чорак финалда “Бухоро” клубига қарши майдонга тушди. Учрашувнинг асосий қисмида дуранг натижа қайд этилди.  Дилёр Эрматов  38-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 90-дақиқада Ҳакимхон Аламхонов мувозанатни тиклади. Пенальтилар сериясида  фарғоналиклар 5:4 ҳисобида зафар қучишди.

 

“Қўқон дерби”си

 

Мусобақадаги яна бир ярим финалчи номи  “Қўқон дерби”сидан кейин аниқланди. Суперлига дебютанти “Турон” билан учрашувда “Қўқон-1912” жамоаси  кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Ягона голни 24-дақиқада ярим ҳимоячи Сардор Азимов киритди.

 

Финалчилар аниқланди

 

Кеча турнинрнинг ярим финал учрашувлари ўтказилди. Дастлаб  “Нефтчи” Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасига қарши майдонга тушди. Бош совринга асосий даъвогар ҳисобланган азалий рақиблар баҳси кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди. Мухлислар 90 дақиқа давомида ҳужумкор ўйин гувоҳи бўлишди. Беллашувда меҳмонлар 2:0 ҳисобида зафар қучишди.

Иккинчи ярим финал баҳсида «Истиқ-лол» ва «Қўқон-1912» жамоалари ўзаро куч синашди. Мазкур учрашув ҳам шиддатли ва ҳужумкор руҳда ўтди. Асосий ўйин 2:2 ҳисоби билан якунланди. Пенальтилар сериясида “Истиқлол” 5:3 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди.

Шундай қилиб, турнир финалчилари маълум бўлди. Булар — Тошкентнинг “Бунёдкор” ва Фарғонанинг ”Истиқлол” жамоалари.

Рустам ОРИПОВ,

Аброр ДЕҲҚОНОВ.