Last updated on 28.01.2022
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров Риштон туманида янги бунёд этилаётган кулолчилик мажмуаси фаолияти билан танишди.
Фарғонага келган хорижлик сайёҳ ёки меҳмон албатта, Риштон туманига ташриф буюради. Чунки бу ернинг уста ҳунармандлари томонидан тайёрланаётган кулолчилик маҳсулотлари ҳар қандай кишини мафтун этади. Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Айни кунларда 500 дан ортиқ кулоллар бу анъаналарни давом эттириб келмоқда.
Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлашган Риштон кулолчилик мажмуаси 20 нафар кулол-ҳунарманд учун икки қаватли (шундан биринчи қавати устахона ва савдо дўкони) кулолчилик хонадонлари, музей-галерея ва банк хизматлари марказини ўз ичига олади.
1,1 гектар ер майдонидан иборат мажмуани барпо этишда Ўзсаноатқурилишбанк қошидаги “SQB Capital” компанияси томонидан қарийб 20 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди. Эътиборлиси, мажмуани барпо этиш жараёнида риштонлик ҳунармандлар, хусусан, уста кулоллар билан кенгашиб иш олиб борилди. Натижада ҳар бир тураржой ўзига хос меъморий ечимга, таъбир жоиз бўлса, меъморларнинг дастхатига эга бўлди.
Мажмуа ишга туширилиши билан 230 га яқин янги иш ўринлари яратилиши ҳамда ҳунармандлар томонидан яратилган нодир маҳсулотлар хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Мажмуадаги кўргазма-музей миллий амалий санъатимиз намуналари билан танишиш, қолаверса, кулолчилик асарларини яратилишини кузатиш имконияти Риштоннинг сайёҳлик салоҳиятини ошишига ҳам хизмат қилади. Ҳозирда мажмуада қурилиш ишлари якунига етган бўлиб, ҳунармандлар ўз фаолиятини бошлаш арафасида турибди.
Мажмуага ёндош “Хўжа Рушноий” тарихий ёдгорлиги ҳам капитал таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этди. Меҳмонлар дастлаб бу ерда зиёратда бўлишди, дуои фотиҳа қилинди.
Бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов Риштон кулолчилик мажмуасида ҳунармандлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммолари билан қизиқди. Хусусан, кулолчилик маҳсулотларининг экспорти географиясини кенгайтириш, мажмуада хорижлик сайёҳлар учун қулайликлар яратиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Маъсуджон Сулаймонов.
Муқимжон Қодиров олган сурат