Кун жараёни Чилла суви — тилла суви

Кун жараёни       Чилла суви — тилла суви

Қадрдон далаларига чилла сувини бераётган бу сувчи жуда оддий ва камтар. Унга алгоритм, арифметика сингари мураккаб гаплардан гапирсангиз, юраги сиқилади. Китобий гапларга ҳуши йўқ, лекин ҳаёт мактабининг ҳақиқий илм толиби. Кетмонининг дастига суяниб, ерга амал келганини, чанқаганини, қуввати кетиб, мадорсизланиб қолганини жуда яхши билади.

 

Дала уватида қўлбола ўчоқдаги қора қумғонда қайнаган иссиқ кўк чойдан узатиб, катта ҳаётий тажрибага эга сувчи иккинчи шўр ювиш ишлари якунига етаётган далалар, иккинчи чилла сувидан кейин кўзга кўриниб қолган ғалла майдонларига син-чиклаб назар ташлайди.

— Бу йил қиш қишлигини қилди. Совуқ зўр бўлди, ер музлади, — дейди эгатларда ўйнаб оқаётган сув — мисоли сулувга меҳр билан термулиб. — Қаҳратон совуқ зараркунанда ҳашаротларни ўлдиради, чилла сув момо ерга қувват бўлиб, ҳосилга ҳосил қўшади. Деҳқоннинг йил бошидаги бир кунлик меҳнати бутун йилга татийди, деган гап бежизга айтилмаган.

Бағдод туманидаги “Муҳаммаддиёр ғалласи” фермер хўжалиги сувчиси Эркинжон Бобоев шу хўжаликда ишлайди. Эпли-сепли хўжаликнинг 82 гектар пахта-ғалла майдони бор. Фермер хўжалиги ташкил бўлганидан буён режа бажарилмаган йил йўқ. Шинам дала шийпони қурилиб, ёрдамчи хўжалик сифатида паррандачилик, асаларичилик, чорвачилик, йилқичилик тармоғи йўлга қўйилди. 3 гектар шафтоли боғи ташкил этилди, бешта техника сотиб олинди. Биргина ўтган деҳқончилик йилида пахта-ғалладан 120 миллион сўм соф фойда бўлди.

— Биз Катта Фарғона каналидан сув ичамиз. Далаларимизга бу сув Тувалдоқ қишлоғи аҳоли хонадонларидан ўтиб, уч километрдан оқиб келади, — дейди бизни дала увати бўйлаб сайрга бошлаган сувчи. – Эрта кўкламда сув йўллари, ариқларни тозалаймиз. Режа бўйича бугун-эрта шўр ювиш, чилла суви бериш ишлари якунига етказилади.

Ҳалол меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Уч ўғил ва бир қизни уй-жойли қилдим. Хонадонимда ҳамма нарса бекаму кўст, бозордан ҳеч нарса сотиб олмаймиз.

Устоз сувчи ўзи ёнига олиб иш ўргатган Сиддиқжон Ғаффоров, Элёрбек Тўйчиевларга маслаҳат берган бўлиб, ёшроқ йигитни четга тортиб, унга алоҳида хизмат буюрди.

— Бу ўғлим ва шогирдим Мақсуджон Бобоев, — деди Эркин ака дала увати бўйлаб югуриб кетган йигитга ишора қилиб. – Ҳозир уйдан қуритилган мевалар, асал, ёнғоқ, қаймоқ, сариёғ, дўлта, олма, хурмо, беҳи олиб келади. Қумғонда бир раис чой дамлаб бераман…

Сарвқомат тераклар учлари майин шаббодада тебраниб, музаффар ҳаёт нафаси акс этади. Қирқ кокилини сувга ташлаган бир жуфт тол остидаги қўлбола супачада атлас кўрпача, чит қийиқда тандирдан янги узилган нон.

— Бу толларни ўз қўлим билан экканман, — дея қаҳрамонимиз ғадир-будир танасини қўли билан силайди. — Ёз саратонида салқини жоннинг ҳузури. Супачада ёнбошлаб гурунглашиш, чойхўрлик қилишнинг роҳатига нима етсин!

 

Қантак ўрик оғзингизда асалдек эрийди, олмани қарсиллатиб тишласангиз, юзингизга суви сачрайди. Ўрик ўтинида қумғонда варақлаб пишган аччиқ кўк чой, иссиқ нон, янги қаймоқ… Эҳ-ҳе, бу суҳбатнинг хумори анча пайтгача эсдан чиқмайди.

— Куни кеча хўжалигимизда “Қоракўл Чуваланчи” машина трактор парки ҳудудидаги 24 та фермер хўжаликлари учун семинар ўтказилди, — дейди  Эркинжон Бобоев. — Ободонлаштириш, суғориш ишлари бўйича ютуқларимиз барчага ўрнак сифатида айтилди. Иш тажрибамиз оммалаштириш учун тавсия этилди.

Бағдод тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Орифжон Халиловнинг айтишича, тумандаги 8230 гектар ерда чилла суви бериш ишлари ниҳоясига етказиляпти. Суғориш ишларини сифатли якунлаш учун барча ҳудудларда шу каби семинарлар ташкил этилди. Вилоят ҳокими ташаббуси билан “Қишлоқ хўжалигида зарбдор қирқ кунлик” эълон қилиниб, баҳорги агротехник тадбирларга астойдил киришилди.

 

Ботир МАДИЁРОВ.

 

Суратни Шерзод

ҚОРАБОЕВ олган.