Ёшлар тадбиркорлиги “ЁШЛАР: 1+1” ДАСТУРИНИНГ  ДОЛЗАРБЛИГИ НИМАДА?

Ёшлар тадбиркорлиги  “ЁШЛАР: 1+1” ДАСТУРИНИНГ  ДОЛЗАРБЛИГИ НИМАДА?

Анваржон институтга киролмагач, қўлида ҳунари йўқлиги сабаб, боши қотиб қолди. Мустақил қарор чиқаришга ўрганган, бирмунча тиришқоқ йигит банкдан кредит олишни мақсад қилди. Тадбиркорликни йўлга қўймоқчи, бирини икки қилмоқчи бўлди. Шуурида “Ишлаб чиқариш қилиш керак” деган ўй бор эди-ю, аммо нимани, қаерда ва қандай йўлга қўйиш, анжомларни олиб келиш, товарни сотиш каби масалаларда ўйланиб қолди. Бирор жўяли маслаҳат берувчи одам тополмади. Шундай кунларнинг бирида “туман марказида ёшлар тадбиркорликка ўқитиларкан” деган гапни эшитди.

Ҳа, бундай ҳолат кўп-чилик ишсиз ёшлар ҳаётида рўй берган бўлиши эҳтимол. Зеро, юртимиз аҳолисининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникма ва малакаларини ҳосил қилиш мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда локомотив ролини бажариши аён.

2020 йил 25 декабрь куни мамлакатимизда илк бор ўтказилган «Ўзбекистон ёшлари форуми»га Президентимиз ташриф буюриб, ёшларда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим, кўникмаларни шакллантириш, шу орқали тадбиркорликка кенг жалб этиш, бандлигини таъминлаш бўйича бир нафардан ишсиз ёшни тадбиркорларга бириктириш ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббус кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Хўш, «Ёшлар: 1+1» дея ном олган мазкур дастурнинг аҳамияти, долзарблиги нимада? Аввало, дастур доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни махсус курсларда касб-ҳунар ва тадбиркорликка, бизнес юритиш бўйича ўқитилади. Маълум билим-кўникмаларга эга бўлгач, тадбиркорларга ёки ҳунармандларга бириктирилади. Мақсад: танланган фаолият бўйича иш ўрганиш, тажриба тўплаш ва ўз ғоясини амалда қўллай олиш. Яъни таваккалчиликдан воз кечган ҳолда, ишсиз ёш, биринчидан, ўқиб-ўрганади, соҳа сирларини эгаллайди, иккинчидан, ўз бизнеси ёки ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўяди, бунинг учун банкдан олинган кредитни қайтариш йўлларини ҳам ўзлаштиради. Кўрибсизки, бир муддат аввал ишсиз, касб-ҳунарсиз юрган йигит-қизлар янги йўналишдаги тадбиркор ёхуд ҳунарманд сифатида бўй кўрсатади.

Бу ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Жараёнда ҳокимликлар ва масъул ташкилот-бошқармалар – Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат солиқ инс-пекцияси, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш агентлигининг жойлардаги мутасаддилари жонбозлик кўрсатиши талаб этилади. Агар бу тизимнинг “қаеридир ишламай” қолса, бирор нуқтада муаммо юз берса, кўзланган натижага эришилмайди.

– Туманимизда 40 мингга яқин хонадон бор. Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, 6 мингдан ортиқ ишсиз ёшлар, 400 га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, мингдан зиёд имтиёзли кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар борлиги аниқланди, – дейди биз билан суҳбатда Ёшлар ишлари агентлиги Бешариқ туман бўлими бошлиғи Баркамол Абдусаидов. – Биринчи босқичда касб-ҳунарга ўқитиш мономарказида 25 нафар ана шундай ёшлар тадбиркорликнинг турли йўналишлари, жумладан, тикувчилик, қандолатчилик, қуёнчилик, ишлаб чиқариш каби соҳаларида қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилди, уларга яқин кунларда сертификатлар топширилади.

Энди бўлғуси ёш тадбиркорлар мисолида галдаги вазифалар ечимини кутмоқда: уларни ҳудуддаги намунали тадбиркор ё ҳунармандга бириктириш, сўнг алоҳида тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш, “Микрокредитбанк”дан имтиёзли кредитлар ажратиш, фаолиятини йўлга қўйишда яқиндан кўмаклашиш лозим.

– Мономарказда таҳсил олиб, адашмабман. Тадбиркорлик деймизу, соҳага оид кўп нарсаларни билмас эканмиз, йўл-йўриқлар олдик,  – дейди «Ватан» МФЙ Қо-зоққўрғон қишлоғилик Наврўзбек Холмуҳаммедов. – Ўзим дурадгорликдан хабардорман. Кенгроқ фаолият бошлашим учун энди бизнес-лойиҳа ҳам, аниқ режаларим ҳам бор. Келгусида ёнимга шогирдлар олиб, эшик-ром тайёрлайдиган устахона ташкил этмоқчиман. Шу билан бирга, чеварчилик, трикотаж цехи очиш ниятим ҳам бор. Кредит олсам, 9-10 кишини доимий иш билан таъминлайман.

Яна Президентимиз ташаббуси эзгу мақсадли эканлиги, тенгқур-лари, дўстларини ҳам қисқа курсларда ўқишга қизиқтиргани тўғрисида тўлиб-тошиб сўзлаб берди кўзлари ёнганча Наврўзбек. “Албатта, ишончни оқлаймиз! Қачонгача хорижга бориб ишлаймиз?” – суҳбати-миз ниҳоясида жаранглади бу гап.

«Ёшлар: 1+1» дастури истиқболда қандай натижалар бериши муайян вақт талаб қилади. Чунки бу эзгу ташаббус бўйича қилинажак ишлар ҳали кўп. Тўғриси, кенг қамровли тизимнинг “мурватлари” тўлиқ ишга тушганича йўқ. Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича тезкор ва аниқ чора-тадбирлар кўриш, хусусан, “Уста-шогирд” анъанаси асосида иш олиб бориш, ҳар бир туман-шаҳарларда ёшлар саноат зоналари ташкил этиб, бир қанча қулайликларга эга (электр, газ, сув) ҳудудда имтиёзли солиқлар асосида ўз фаолиятини олиб боришларига имкон яратишдек вазифалар кўндаланг турибди…

Бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Ҳаётжон

Бойбобоев.