Пахтачилик кластери: ФЕРМЕРЛАР  МАМНУН

Пахтачилик кластери:  ФЕРМЕРЛАР  МАМНУН

Бундан уч йил олдин вилоятимизда биринчилардан бўлиб Риштон туманидаги “RUSO’ZBEKTEKS” МЧЖ корхонаси қошида пахтачилик кластери ташкил этилган эди.

Айни вақтда 204 та пахтачиликка йўналтирилган фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари асосида иш олиб бормоқдамиз, — дейди бош ҳисобчи Нодиржон Мингбоев. — Фермерларимиз ихтиёрида                   5.950 гектар ер бор. Экин майдонлари ҳосилдорлиги йилдан йилга ортиб бормоқда. 2018 йил ҳар гектар ердан 25,9 центнердан ҳосил олинган бўлса, 2020 йилда бу 30,1 центнерга етди.

Кластер бўлгач, иш ҳақи, менерал ўғит, ёқилғи етказиб беришда кечикиш ёки узилишларга йўл қўйилмади. Мавжуд техника воситалари зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминланди, янгилари харид қилинди. Ўтган даврда 10 та чопиқ, 6 та юк ташиш, 11 та қатор ораларига ишлов берадиган тракторлар, 9 та сеялка, 2 та ер текислаш техникаси, 10 та ОВХ агрегати, 20 та прицеп, 1 та экскаватор харид қилинди. Яратилган шароит ва қулайликлар фермер хўжаликларида ишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди.

Ҳошимжон Ғаниев, “Ҳасан-Ҳусан ҳосилдор ери” фермер хўжалиги раҳбари:

— Фермер хўжалигимиз ихтиё-рида 100 гектар экин майдони бор. Шундан 50 гектарида пахта етиштирамиз. Кластер туфайли нима ўзгарди, дейсизми? Меҳнатимиз юзага чиқди, даромадимиз ошди. Биргина 2020 йилнинг ўзида пахтачиликдан 200 миллион сўм фойда кўрдик.

Лизинг асосида 1 та трактор сотиб олдик. Ҳосилдорликни янада оширишни кўзлаб, ҳайдов олдидан ерларни фосфорли ўғитлар билан озиқлантирдик.

“Ҳасанбой-Ҳамдам ери” фермер хўжалиги раҳбари Холжўра Мирзааҳмедов кластер тизимидан мамнунлигини қуйидагича ифодалади:

— Кластер томонидан режадан ортиқча ҳосил етиштирганларни рағбатлантириш мақсадида устама белгиланган. 2020 йилда режага қўшимча 60 тонна пахта топширганимиз учун 55 миллион сўм устамага эга бўлдик ва йилни 355 миллион сўм соф даромад билан якунладик. Йиллик ҳисоб-китоблар декабрь ойи тугамасдан амалга оширилди. Авваллари кейинги йилга ўтиб ҳам ўз пулларимизга эгалик қилолмасдик.

Жорий йилда 15 гектар майдонда томчилаб суғоришни йўлга қўймоқчимиз. Фермер хўжалигимизни кўп тармоқли хўжаликка айлантириш мақсадида иссиқхона, 50 бош қорамолга мўлжалланган молхона қуришни, асаларичилик ва балиқчиликни йўлга қўйишни мўлжаллаб турибмиз. Бу билан янгидан 20 та янги иш ўрни яратилади.

Ўтган йилларда экин майдонлари ҳосилдорлигини муттасил ошириб, сифатли хомашё етиштираётган фермер хўжаликлари 2 та “Матиз”, 2 та “Спарк”, 2 та “Кобальт”, 3 та “Дамас” русумли енгил автомашиналар билан бепул мукофотланди. Ўнлаб фермерларга телевизор, холодильник ва бошқа маиший қимматбаҳо совғалар берилди.

КЛАСТЕРНИНГ ТЎҚУВ ФАБРИКАСИ ҲАМ БЎЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 январдаги 253-сонли қарорига асосан кластер корхоналарига пахта тозалаш заводларини 5 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиш таклиф қилинган. Шунга кўра, “RUSO‘ZBEKTEKS” МЧЖ тумандаги пахта тозалаш заводини сотиб олган. Ҳозир заводда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пахта хомашёси чигитдан тозаланмоқда. Мавжуд йигирув корхонасида эса калава ип ишлаб чиқарилмоқда. Унинг 90 фоизи экспортга йўналтирилган бўлиб, Хитой, Туркия, Корея давлатларига етказиб берилмоқда.

Йигирув корхонаси 2019-2020 йилларда модернизация қилинди. 1 миллион 500 минг евро миқдорида маблағ сарфланиб, Германия-дан замонавий ип йигирув дастгоҳлари олиб келинди. Натижада нафақат маҳсулот сифати яхшиланди, балки иш унумдорлиги ҳам ошди.

Кейинги вақтда бозорлар, савдо дўконларида “Риштон пахта ёғи” пайдо бўлди. Кичик корхонада ишлаб чиқарилаётган пахта ёғи, широт, шелуха ички бозорга етказиб берилмоқда.

— Хорижий инвестиция ва банк кредитларини жалб этган ҳолда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган фабрика қурилиши лойиҳаси устида иш олиб бормоқдамиз, — дейди клас-тер директорининг янги лойиҳалар, экспорт ва импорт масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Эргашев. – Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион евро. Уни 2021-2022 йилларда амалга ошириш белгиланган. Шу мақсадда аукционда 2,5 гектар ер сотиб олиниб, дастлабки қурилиш ишлари бошланди. Япония, Италия каби ривожланган давлатларнинг илғор компанияларидан дастгоҳлар олиб келиш бўйича тузилаётган шартномалар якунланиш арафасида.

Фабриканинг биринчи босқичи ишга тушса, янгидан 500 та иш ўрни ташкил этилади. Кунига 10 тонна калава ип қайта ишланиб, сочиқ, болалар, аёллар, эркаклар халати, ётоқ чойшаблари ишлаб чиқарилади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2023 йилга мўлжалланган. Унинг қиймати 15 миллион 700 минг евро. Ушбу босқич ўзлаштирилиши билан фабрика қуввати янада ортади. 300 та иш ўрни ташкил бўлади.

5 минг бош қорамолга мўлжалланган комплексни бунёд этиш лойиҳанинг учинчи босқичидан ўрин олган. Унинг қиймати 18 миллион евро. Лойиҳа амалга ошса, яна 375 та янги иш ўрни яратилади.

 

Асқарали Турсунов,

“Фарғона ҳақиқати” мухбири