Турнир футбол байрами тусини  олди

Турнир футбол байрами тусини  олди

Хабар берилганидек, 23 январь куни “Вилоят ҳокими кубоги” учун футбол бўйича турнир старт олди.  Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мусобақаларда мамлакатимизнинг 15 та жамоаси ҳамда Қирғизистон Республикасининг “Нур Баткен” клуби иштирок этмоқда.

ЎФА ташаккурномаси

топширилди

Таниқли футбол рефереси Равшан Эрматов бошчилигидаги турнирни ўтказиш ишчи гуруҳ вакиллари вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров билан учрашиб, футболни ривожлантириш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида суҳбатлашдилар.

Мулоқот якунида Равшан Эрматов Хайрулло Бозоровга Фарғонада футбол оммавийлигини оширишга қўшаётган хизматлари учун ЎФАнинг Ташаккурномаси ва эсдалик совғасини топширди.

Шунингдек, ишчи гуруҳи Фарғона шаҳ-рида жойлашган футбол мактабларида бўлиб, спортчиларга яратилган шароитлар билан танишди. “Нефтчи”, “Турон” клублари базаларига ташриф чоғида, жамоаларнинг янги мавсумга тайёргарлик жараёнлари кўздан кечирилди.

Мукофот жамғармаси

Жорий йилги турнир олдинги йиллардан фарқ қилади. Халқаро  мақомдаги мусобақа ғолиблари қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади.

1-ўрин – 50 000 000 сўм;

2-ўрин – 30 000 000 сўм;

3-ўрин – 20 000 000 сўм.

 

Турнирнинг

дастлабки голи

Ҳақиқий футбол байрами тусини олган турнирнинг гуруҳ босқичи ўйинлари кутилганидек шиддатли ва кескин курашлар остида ўтмоқда. Турнирнинг биринчи голи муаллифи – “Турон” футболчиси Ғиёс Комилов бўлди. У “Навбаҳор-2” жамоасига қарши кечган учрашувнинг 6-дақиқасида ҳисобни очиб, жамоасининг ғалабага бўлган ишончини оширди.

Биринчи пенальти

“Турон” – “Навбаҳор-2” ўйинининг 55-дақиқасида яйпанликлар дарвозасига пенальти белгиланди. Жарима тўпи аниқ бажарилди. Бироқ бу гол меҳмонларни йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қутқара олмади.

 

Автогол қайд этилди

Чиндан ҳам мусобақанинг биринчи куни жуда қизиқарли тарзда ўтди. Биринчи гол ва биринчи пенальтидан ке-йин мухлислар биринчи автоголга ҳам гувоҳ бўлишди. Бу воқеа ҳам “Турон” – “Навбаҳор-2” баҳсига тўғри келди. 78-дақиқада «Навбаҳор-2» ҳимоячиси Абдумуталов ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.

 

“Нур Баткен” сафида

ўзбекистонлик

футболчилар

Қўшни мамлакат футбол жамоасининг «Андижон-2»га қарши дастлабки ўйини футбол мутахассислари ва мухлисларида катта қизиқиш уйғотди. Эътиборлиси, “Нур Баткен” сафида бир қатор фарғоналик футболчилар тўп сурди. Булар Алишер Пахриддинов, Нодир Камолов, Иззат Ғаниев ва Жўрабек Ёқубовдир.

 

Ўйинларни стадионда

томоша қилиш мумкин

«Вилоят ҳокими кубоги — 2021» мусобақаси доирасидаги учрашувларни 1000 нафаргача мухлис бевосита стадионда туриб кузатишига рухсат берилган.

Футбол ишқибозлари белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиб, қизиқарли ўйинларни стадионда томоша қилиши мумкин. Тартиб-интизом ва карантин талаблари Фарғона вилоят футбол ассоциацияси ва тегишли муассасалар ходимлари томонидан қатъий назоратга олинади.

 

Дебютантлар

майдонга тушди

“Бухоро”, “Бунёдкор”, “Ғиждувон” каби жамоалар турнир дебютантларидир. Бухороликлар «Ғиждувон»ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, дастлабки ғалабани қўлга киритган бўлишса, “Қалдирғочлар” «Навбаҳор-фарм» билан очколарни баҳам кўрди. Мазкур ўйинда мусобақадаги биринчи дуранг натижа қайд этилди. Бундан ташқари, наманганлик футболчи қизил карточка олиб майдонни тарк этди.

 

Биринчи, иккинчи тур учрашувлари

натижалари қуйидагича:

“А” гуруҳи

«Нур Баткен» – «Андижон-2» – 2:0.

«Нефтчи» – «Пахтакор-79» – 4:0.

«Нефтчи» – «Нур Баткен» – 3:0.

«Пахтакор-79» – «Андижон-2» – 2:0.

 

“В” гуруҳи

«Турон» – «Навбаҳор-2» – 4:1.

«Истиқлол» – «Уз Тонг Хонг Ко» – 3:2.

«Турон» – «Истиқлол» – 0:2.

«Навбаҳор-2» — «ЎзТонгХонгКо» – 3:1.

 

«C» гуруҳи

«Бунёдкор» – «Навбаҳор-фарм» – 0:0.

«Турон-2» – «Нефтчи-2» – 2:0.

 

«D» гуруҳи

«Бухоро» – «Ғиждувон» – 3:0.

«Қўқон-1912» – «Андижон» – 3:1.

 

 

Рустам ОРИПОВ,

Аброр ДЕҲҚОНОВ.