ЛИМОН ЕТИШТИРГАН ОИЛАНИНГ ДОИМИЙ ДАРОМАДИ БЎЛАДИ

ЛИМОН  ЕТИШТИРГАН  ОИЛАНИНГ ДОИМИЙ  ДАРОМАДИ БЎЛАДИ

“Туронбанк” АТБнинг Фарғона филиали томонидан вилоятимизда 76,9 гектар майдонда лимон етиштиришга ихтисослашган замонавий иссиқхоналар ташкил этиш ишлари олиб бориляпти.

Бугунги кунга қадар Тошлоқ, Фарғона, Ёзёвон ва Ўзбекистон туманлари ҳамда Фарғона шаҳрида қарийб 10 гектар майдонда иссиқхоналар қуриб битказилди.

Шунингдек, марказлашган ҳолда Тошлоқ туманида 50 гектар, Фарғона туманида 10, Сўхда 4, Бағдодда 1, Риштон туманида 0,5 гектар ер майдонида иссиқхоналар ташкил этиляпти. Белгиланган режага кўра, ушбу иссиқхоналар жорий йилнинг май ойида тўлиқ ишга туширилади.

Лимон етиштириш соҳасида иссиқхоналар кенгайтирилиши натижасида 1 минг 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиб, асосан “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”га киритилган оилалар вакиллари жалб этиляпти. Мисол учун, Тошлоқ туманида барпо этилаётган йирик лимончилик комплексларига “Юқориқишлоқ”, “Заркент”, “Турват”, “Жарқишлоқ”, “Чуқурқишлоқ” ва “Янги йўл” МФЙларида яшовчи ана шундай оилалар аъзолари ишга жойлаштирилди.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА

Бир гектар иссиқхонага 1 минг 100 туп лимон кўчати экилади. Учинчи йилдан бошлаб бир туп лимон кўчати ўртача 15 кг ҳосил беради. Учинчи йили бир гектардан 16,5 тонна лимон ҳосили олиш мумкин.

Бир килограмм лимонни бугунги нархда 1,5 долларга экспорт қилиб, бир гектардан 24,8 минг доллар даромад олиш имкони бор.

Таъкидлаш ўринлики, икки йил давомида лимон кўчати орасига булғор қалампири экиб, бир гектар ердан 22 тонна ҳосил олса бўлади. Ҳозирги кунда бир кг булғор қалампири бозорда ўртача 8 минг сўм эканлигини инобатга олсак, оила бюджети бир гектар ердан олинган 176 млн. сўм даромад орқали янада бойитилади.

Бу борада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳам устувор вазифаларимиз сирасига киритилган. Шу мақсадда вилоятнинг Бағдод, Қува, Риштон, Фарғона, Бувайда, Учкўприк ва Бешариқ туманларида 57 та оила учун 1,6 гектар, Фарғона туманида 392 та оила учун марказлашган ҳолда 9,8 гектар ерда ихчам иссиқхоналар қуриб берилди. Иссиқхоналар асосан кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлаш учун ажратилди.

 

— “Туронбанк”нинг 1 млрд. 100 млн. сўм имтиёзли кредити эвазига Тошлоқ туманининг қишлоқ хўжалигида самарали фойдаланилмай келинган ушбу ҳудудида 1 гектар замонавий иссиқхона ташкил этдик, — дейди “Diomont fruts” фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Абдуллаев. — Лимон уч йилда ҳосилга киришини инобатга олиб, дастлабки йиллари булғор қалампири, помидор-бодринг, қовун етиштириш орқали даромад олишни режалаштиряпмиз. Шу кунларда сув минораси ўрнатилиб, томчилатиб суғориш технологияси жорий этиляпти.

“Туронбанк” АТБ Фарғона филиали томонидан вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида лимончиликни ривожлантириш мақсадида аниқ ва манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шу асосда яқин истиқболда Фарғонада лимон етиштириш ва экспорт қилиш борасида аҳолининг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлашга хизмат қилувчи янги тизим яратилади.

 

Шуҳратхон АБДУЛЛАЕВ,

“Туронбанк” АТБ Фарғона филиали бошқарувчиси.