Кинология хизмати: “ХАФ, ХАФ” ДЕБ ХАВФНИ СЕЗУВЧИЛАР

Кинология хизмати:  “ХАФ, ХАФ” ДЕБ ХАВФНИ СЕЗУВЧИЛАР

“Нега туҳмат қиласанлар, топсанг ҳисоб-да” дея сўзамоллик қилаётган йигит машинадан итни олиб тушишганида бирдан жимиб қолди. Ит ҳидлаб, хонада у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Лекин бу узоққа чўзилмади. Девор орасига ўрнатилган печка ёнида тўхтаб, вовуллай бошлади. Гумонланувчининг тиззалари қалтиради, томоғи қуриб овози чиқмай қолди. Совуқ кунлар келишига ҳали анча бор, шунинг учун вақтинча фойдаланилмаётган печка ичига яширилган – қоғозга ўраб, устидан целлофан тортилган гиёҳванд моддани ходимлар жиноий ашё сифатида гувоҳлар иштирокида расмийлаштиришди… Ҳалиги йигит айбига иқрор бўлди, қанчалаб умрларга зомин бўлувчи, кўплаб жиноятларга “чўғ” вазифасини ўтовчи гиёҳванд модда тарқалишига чек қўйилди.  

Божхона постидан ўтаётган турнақатор машиналар. Бир қараганда ҳаммаёқ тинч-осуда, барчаси одатдагидай. Формали ходим худди сайрга чиққандай итини етаклаб ўтади. Лекин бир юк машинаси олдига келганда ит безовталаниб, ҳурий бошлади. Кейин машинага чиқмоқчидай, тик туриб кузовни тимдалай бошлади… Махсус майдонга олиб кириб текширилгач, маълум бўлдики, ортилган юклар орасига қурол яширилган экан…

Бу воқеалар бирор фильм ёки китобдан олинган эмас, одамларга ёрдам беришга, қонунбузарлар ва жиноятчиларни ушлашга ўргатилган хизмат итлари фаолиятидан бир неча мисол.

Ҳа, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида хизмат итларининг роли катта аҳамиятга эга. Оддий итлардан фарқли бу жониворларнинг ҳаёт тарзи, кинология соҳаси билан яқинроқ танишиш мақсадида Фарғона вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига йўл олдик.

– Бу соҳада 18 йилдан буён ишлаб келмоқдаман. Мана бу – Сэм лақабли итимнинг сурати. У билан жуда аҳил эдик, – дейди бир хўрсиниб, кўкрак чўнтагидан ит билан тушган суратини олиб кўрсатаркан, кинолог ходим Азизбек Исмоилов. – Оила аъзоларим ҳам ҳар йили Янги йил байрамини у билан бирга нишонлашга ўрганиб қолишганди. Сэм билан бир неча маротаба республика чемпионлигини қўлга киритганмиз… икки йил аввал “тўрт оёқли дўстим” саратон касалига чалиниб қолди…

Азизбекнинг юз қиёфаси жиддийлашиб, недир хаёллар оғушига ғарқ бўлади. Балки жиноятчиларни ушлашдаги Сэмнинг маҳорати, ғаройиб қобилиятлари ҳақида ўйлаётгандир. Ёки бирор операция пайтидаги таҳликали вақтларда юрагидан ўтган бироз қўрқув, ҳаяжон хотирасини банд қилдимикан?

– Ҳозир “Верона” лақабли ит билан шуғулланаман. У ҳам жуда ақлли, ўтган йили республика мусобақасида из-қидирув йўналишида биринчи ўринни эгалладик. Яқинда, аниқроғи, 13 январь куни шаҳримизда ўтказилган рейд давомида Верона гиёҳванд моддаларни яширилган жойдан топиб, жиноятни фош қилди, – дея давом этади ниҳоясиз хаёллар гирдобидлан чиқишга уриниб Азизбек.

Тренажёр майдонида ўнлаб итлар ва уларга бириктирилган ходимлар қизғин машғулот билан банд. Ҳайрон қолдиргани – хизмат итларининг бирортаси бизга эътибор ҳам бермади. Топшириқни уддалаш, ўрганиш, таъбир жоиз бўлса, “илм олиш”, олинган билимни амалиётда қўллаш уларнинг ҳаёт тарзига айланган гўё. Илгари итларга буйруқ рус тилида берилган бўлса, эндиликда ўзбекчалашди. “Ташла!”, “Тўхта!”, “Сак-ра!”, “Топ!”, “Изла!” сингари буйруғу хитобларга тўлиб-тошган эди машғулот майдони. Итлар абжирлик, мақтовдан эркаланиб ҳаракат қилишарди.

– Ҳозирги кунда бўлим тасарруфида 70 бош хизмат итлари мавжуд бўлиб, немис, Шарқий Европа, Бельгия овчаркалари (Малинуа), Лабрадор ҳамда рус спаниел зотига мансуб итлардан кенг фойдаланилмоқда. Асосан из-қидирув, портловчи моддалар ва гиёҳванд моддаларни қидириб топиш, антитеррор ҳамда қўриқлаш каби махсус йўналишларга ўргатилиб, хизматда фойдаланилади, – дейди хизматни ташкиллаш бўлинмаси бошлиғи, катта сержант Элёржон Камолов. – 2020 йил давомида жами 965 маротаба хизмат итлари воқеа жойларига олиб чиқилиб, 286 та жиноят очилишига эришилди. Шунингдек, улар билан 1047 маротаба профилактик тадбирларга чиқилиб, жами 6,5 кг дан ортиқ гиёҳванд моддалар аниқланди, кўплаб жиноятларнинг олди олинди. Бугунги кунда мазкур бўлим томонидан Миллий гвардия бошқармаси билан ҳам ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.

Бу ақлли жониворларнинг ҳар замон “Хаф, хаф” дея вовуллашлари гўё хавфдан огоҳ этаётгандай туюлар, “тўрт оёқли посбонлар”нинг юртимиз тинчлиги, фуқароларимиз осойишталигини асрашдаги хизматларидан миннатдорлик ҳисси юрагимизни чулғаб олганди.

 

Ҳаётжон Бойбобоев.