Матбуот анжумани

Матбуот анжумани

Эътиборсизлик кўнгилсизликларга

сабаб бўлмоқда

Январь ойининг дастлабки ўн кунлигида Фарғона шаҳрида ис газидан  заҳарланиш билан боғлиқ  иккита ҳолат қайд этилди.  Ҳодиса  сабаб олти нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмди. Бундай нохушликларнинг  олдини олиш мумкин эди. Аммо табиий газ ускуналаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмаслик, лоқайд ва эътиборсизлик  мудҳиш воқеаларга сабаб бўлиб қолди.

Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши туфайли юзага келган ёнғинлар ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олишга бағишланган  матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2020 йилда  газ ва ҳаво аралашмаси  чақнаши туфайли  келиб чиққан  1012 та ёнғинлар  натижасида  15 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлди.

Табиий газ таъминотидаги узилишлар, уй-жойларни   иситиш тизимлари, мўриконларнинг носозлиги ёнғин ва ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳодисаларни келтириб чиқарган.  Очиқ оловдан фойдаланиш қоидаларига амал қилмаслик ҳам ёнғин келиб чиқишининг асосий  сабабларидан бўлмоқда.

— Мақсадимиз бундай воқеа ва ҳодисаларнинг олдини олиш, — дейди  вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси оммавий ахборот воситалари ва  жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик  қилиш гуруҳ бошлиғи, лейтенант Аҳлиддин Алижонов. — Бунда аҳолининг ёнғин хавфсизлиги  қоидаларига риоя этишлари билан боғлиқ билим ва кўникмаларини  оширишга эътибор қаратилмоқда.  Жойларда ёнғин содир бўлишига олиб келувчи омиллар ва унга қарши курашиш борасида тарғибот ишлари олиб борил-япти,  қўлланма, кўрсатма материаллар тарқатилмоқда.

“Тилсиз ёв”га қарши курашиш  фақат мутасаддиларнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Уни  “жиловлаш” ҳамманинг бурчи. Анжуманда журналист ва блогерларни  қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Расулжон Камолов.

 Шерзод Қорабоев

олган сурат.