Ғаройиб ус-сиғар” девонидан мутойиба байтлар

Ғаройиб ус-сиғар” девонидан мутойиба байтлар

Келган эрмиш ул Масиҳ ўлганларин тиргузгали,

Мен тирик, ваҳ, яхшироқ бу умрдин ўлмак манга.

Масиҳ – Ийсо пайғамбар (а.с.). Ривоятларга кўра, у Аллоҳ иродаси билан дам солиб ўликни тирилтирган. Навоий байтда севгилисининг нафасини Масиҳнинг дамига ўхшатади ва “гўзал латофати билан кимни аввал ўлдирган бўлса, ўз нафаси билан тирилтириш учун келибди, кошкийди, тирик бўлмаганимда мен ҳам унинг нафасидан баҳраманд бўлар эдим”, дея мутойиба қилади.

 

Бода ҳажридин оқармиш кўзларим, эй пири дайр,

Айлагил май шишасидин синдуруб ойнак манга.

Кўзи хиралашганга кўзойнак буюрадилар. “Кўзойнагингни нима қиламан, майингни қизғансанг, ҳеч йўқ шишасининг синиғидан бер, кўзимга ойнак қилай, токи оз бўлса-да, хуморим ёзилсин”.

 

На хуш бўлғай иковлон маст бўлсак васл боғинда,

Қўлум бўлса анинг бўйнидаю оғзим қулоғинда.

Бу ғазал бошдан-оёқ ҳазил-мутойиба руҳида ёзилган. Агар у қайси замонда яшаган бўлишидан қатъи назар, бошқа бирор-бир шоир томонидан ёзилганида, юмор эмас, анчайин бепарда назм намунаси бўлар эди. Лекин Навоийнинг замондошлари ғазални ўқиганда, роса мириқиб кулишган бўлса керак: “Қаранг-а, ҳазрат Навоий шундай ғазал битибдилар-а!” Буюк шоирнинг ҳаёт тарзи ва эътиқоди билан таниш бугунги ғазалхон ҳам навоиёна юмор намунасидан завқ олмаслиги мумкин эмас:

Даме васл ичра волиҳлиғ била рухсорим эгнинда,

Яна бир дам ниёзу ажз ила бошим аёғинда.

Вола – мафтун; ниёз – ёлбориш;ажз – ожизлик, чорасизлик.

 

Тутуб гоҳи занахдонин мукаррар айласам бот-бот,

Кўруб гуллар очилған бодадин рухсори боғинда.

Занахдон – жағнинг ости, бақбақа;мукаррар – такрор.

 

Шимиб ютсам гаҳе ҳайвон суйидек, завқдин кўргач,

Тарашшуҳ бодадин гул яфроғи янглиғ дудоғинда.

Ҳайвон суйи – оби ҳаёт, Хизир суви ҳам дейилади; тарашшуҳ – сизган, сизиб томган.

 

Гаҳе кўз суртаримда, юқса ҳар ён шодлиғ ашким,

Гул узра қатра шабнамлар киби сиймин сақоғинда.

Сиймин – кумушдай; сақоқ – жағнинг ёни, қирраси.

 

Гаҳе бехудлуғумдин сесканиб тутсам адаб расми,

Белига чирмашурда шавқнинг ифроти чоғинда.

Бехудлуғ – ўздан кетиш, бу ерда: ҳаддан ошиш.

 

Не келса тонг-ла келсун, бир тун усрук ётса ҳам хушдур,

Киши гул чоғи бир гул хирманин тортиб қучоғинда.

Усрук – маст, кайф; гул хирмани – гул шодаси, бир даста гул.

 

Қачон даврон манга бир буйла ишратни раво кўргай

Ки, ўргатмиш мени ўртарга ҳижрон дарду доғинда.

 

Навоий, сен киму ишрат майи?! Билмасмусенким, ит

Агар қон ичса ҳам боши керакдур ўз ялоғинда.

Сўнгги икки байт аввалги байтлардаги бор юморни сидириб ташламоқда. Ана сизга Навоий табассуми!

 

Ғаразим – бир неча кун шоҳиду майдур. Йўқ эса,

Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?

Ғараз – ният, умид; шоҳид – бу ерда: гўзал дилбар; фано дайри – бевафо дунё; фонийлик водийси; мажозан: майхона.

Мумтоз адабиёт намуналарининг ҳозирги нашрларида истеъмолдан чиққан ва қийин сўзлар луғати ҳам, лозим топилган изоҳлар ҳам, таомилга кўра, ё китоб охирида, ёки тегишли саҳифа остида берилади. Бу ерда луғат билан изоҳлар бевосита байтнинг ортидан келтирилади. Бунда гап фақат қулайликда эмас. Қийин сўз қандай изоҳланмасин, барибир унинг байтдаги маъносига озми-кўпми путур етади. Навоий шеърларидаги сўзларнинг аксари эса кўпмаънолилик (кўпфункциялик) хусусиятига эгаки, уларнинг ҳаммасини санаб чиқиш доим ҳам осон эмас. Шунингдек, тайин бир сўз гапда қайси сўзлар билан бирга келаётганига (контекстга) қараб, кутилмаган маъно касб этиши мумкин. Масалан, луғатларда ғараз сўзи ният, мақсад, қасд деб таржима қилинади, аммо уч сўз қўшилиб ҳам бу сўзнинг юқоридаги байтга мос маъносини тўлиқ ифодаламайди.

Бундан ташқари, кўп ҳолларда сўзнинг қисқа изоҳини келтиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Мисол учун, “Масиҳ – Ийсо пайғамбар” деган изоҳнинг ўзи юқоридаги биринчи байт мазмунини ойдинлаштириш учун кифоя эмас.

Шуни ҳам унутмаслик лозимки, ҳар қандай шарҳ, ҳар қандай талқин – субъектив ҳодиса, шарҳловчининг ёндашувига боғлиқдир. Демак, Навоий шеърларини мутолаа қилганда ўқувчи маълум маънода тадқиқотчи даражасига кўтарилиши, изоҳларга танқидий ёндашиб, ғазал мазмунига чуқурроқ кириб боришга интилиши мақсадга мувофиқ. Бу ўринда муаллиф йўл қўйилган ноқисликлар учун газетхондан маъзур тутишни сўрайди.

Абдулла Аъзамов,

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги.