Мавсумий дардларингдан айланай, Юлдуз! Ёхуд  “Сувоқава” раҳбари нега ўзининг тагига ўзи сув қуйди?

Мавсумий дардларингдан айланай, Юлдуз!  Ёхуд  “Сувоқава” раҳбари нега ўзининг тагига ўзи сув қуйди?

Бир жиноят изидан

Француз дўстларим Алис ва Эмманинг ўй-хаёлида дунё кезиш, ҳали бориб улгурмаган жойларига, жумладан, Ўзбекистонга ташриф буюриш, дунёқарашини, онгини кенгайтириш иштиёқи. Мисрлик дугонам Риим Сақр эса ҳозирда Гонконгда докторлик диссертацияси билан машғул. Япониялик Вакако Япония иқтисод вазирлигида ишлаяпти, америкалик Черити эса айни пайтда Мексикада таҳсил олмоқда. Қўшним, синфдошим Юлдузга бундай ўйлар, орзулар, балки хомхаёлларга берилиш оғирлик қилади. Унинг мияси олти ойлик чақалоғини қишдан эсон-омон чиқариб олиш, бир ярим километр масофадан сув ташиш, қайнона-қайнотасига икки маҳал ўчоқда мазали овқат пишириш билан тўла. Маиший юмушлар унинг умрини, дунёсини еб битирмоқда, ўзининг эса бундан хабари йўқ. Балки ишонмассиз, катта ҳовлида югур-етим, пишир-куйдир билан шунчалик чарчайдики, ҳатто тушида ҳам саёҳату диссертацияни кўрмайди. Дугоналаримнинг барчаси деярли тенгдош: уларни кўриб фикр қиламан, Юлдузнигина кўриб шукур, шукур, шукур…

Коррупция балоси Юлдуз қатори бошқа тенгдошларим ҳаёти, келажагига соя солаётгани, масофа-ю чегара билмай, бегуноҳ, беташвиш чекка қишлоқлардаги ҳалол-пок инсонларни ҳам четлаб ўтмаётгани алам қилади кишига. Шунисига ачинасан.

Ўзбек халқининг ҳеч кимникига ўхшамас мавсумий дардлари, оғриқлари, азоблари бор. Куз-қиш келиши билан туманларда катта-ю кичикнинг ғами – ўтин, кўмир, ғўзапоя ғамлаш. Қишлоқларда ҳаёт йўқдек: биров бировни йўқламайди, “қийнаб қўймайин, уриниб қолмасин”, дея. Ота-ю қиз, ака-ю сингил бир хонага йиғилган, ошхона ҳам, ётоқхона ҳам, ҳаммому меҳмонхона ҳам шу – иссиқ-да!

***

Данғара туманидаги “Катта бойбуча”, “Боғиш”, Бувайда туманидаги “Беглар”, “Қўнғирот”, “Маслаҳат” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Фарғона туманидаги “Миндонобод” 4-мавзесига ҳали ҳануз ичимлик суви етиб бормайди. Ахир, 2018-2019 йилларда қуриб битказилган ичимлик суви тармоқлари бош пудратчи “Invest qurilish suv montaj” унитар корхонаси, ёрдамчи пудратчи вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонаси мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан амалда бажарилмаган 93 миллион 999 минг сўмлик ишлар ҳужжатларда қўшиб ёзилмаган, полиэтилен қувурлар нархи асоссиз равишда 92 миллион 620 минг сўмга кўп кўрсатилиб, жами 186 миллион 620 минг сўм бюджет маблағи талон-тарож қилинмаганида, ўша ерликларни сув муаммоси қийнамасмиди?!

Муқаддам жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг 2018 йил 3 апрелдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинган “Сувоқава” давлат унитар корхонаси раҳбари Фаррух Қодиров бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Аксинча, сувдан қуруқ чиққанига руҳланиб, жиноят йўлига қайта кирди. Хусусан, давлат корхонаси ва бюджет маблағларини талон-тарож қилишга қаратилган жиноий фаолиятини кенгайтириб, яна бир қатор жиноятларни амалга оширди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганлари шудир балки?

Жумладан, Фарғона вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонаси ва “Сантех таъмир электро монтаж” масъулия-ти чекланган жамияти мансабдор шахслари ўзаро тил бириктиришди. Натижада, “Сувоқава” ДУКнинг хом-ашёси асосида ишлаб чиқарилган ва етказиб берилган 3 хил турдаги қувурларнинг ишлаб чиқариш таннархини ҳисоблашда давр харажатлари ва рентабеллик суммасини кўпайтиришди-ю, 154 миллион 297 минг сўмга ошириб кўрсатишди. Алал-оқибат шунча миқдордаги маблағни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилишди.

Шунингдек, Фарғона вилоят “Сувоқава” ДУК ва “Zamin qurilish mоntaj” МЧЖ мансабдор шахслари яна тил би-риктиришди-да,  2019 йил 5 февралдаги 1-сонли пуд-рат шартномасига асосан 500 миллион сўм маблағни “Zamin qurilish mоntаj” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб, гўёки ҳужжатда бошқа бировга ўтказиб, қайта киссасига солиб олишган. Бу қинғир ишини яшириш мақсадида аслида 2019 йилда “Сувоқава” ДУК Қўқон филиалидан ажратилган материаллар ҳисобидан битказилган Қўқон шаҳридаги Мустақиллик ва Тегирмонбоши кўчалари ҳамда “Ашурали Зоҳирий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 524,2 млн. сўмлик ичимлик суви тармоқларини “Zamin qurilish mоntaj” МЧЖ томонидан бажарилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирганлар.

Фаррух Қодиров жиноятига хотини Усмонова Гулшаной Неъматовнани ҳам шерик қилиб, эр-хотин устомонлигига қонуний тус берган. Яъни, Фарғона вилоят “Сувоқава” ДУКнинг 2018-2019 йилларда туман-шаҳар сув таъминоти объектларидаги 334 дона электр ҳисоблагични янгисига алмаштиришда якка тартибдаги тадбиркор “Усмонова Гулшаной Неъматовна” бош-қош бўлганлиги, барча керакли хомашё унинг корхонасидан етказиб берилганлиги расмийлаштирилган. Шу тариқа, “Сувоқава” ДУК ҳисоб рақамидан 228 миллион 483,5 минг сўм маблағ якка тартибдаги тадбиркор “Усмонова Гулшаной Неъматовна” ҳисоб рақамига ўтказилиб, оилавий бюджетни “қаппайтиришган”.

Шунингдек, Фарғона вилоят “Сувоқава” ДУК объектларидаги 143 дона сув насос ва электродвигателлар “Усмонова Гулшаной Неъматовна”, “Сантех таъмир электро монтаж” МЧЖ орқали “Сув иншоот таъмир” оилавий корхонаси томонидан таъмирланганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган. Натижада, 182 миллион 290 минг сўм маблағ  “Сув иншоот таъмир” оилавий корхонаси ҳисоб рақамига ўтказилиб, ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб юборилган.

Бундан ташқари, жиноят иши ҳужжатларига кўра, Фарғона вилоят “Сувоқава” ДУК раҳбари Ф.Қодиров бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктириб, фаолияти давомида 1 млрд. 505 млн. 399,9 минг сўм маблағни талон-тарож қилиш йўли билан ўзлаштириб юборган. Ушбу маблағларнинг келиб чиқишига қонуний тус бериш, пул ёки мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқини ёхуд унинг кимга қарашлилигини яшириш мақсадида 2018 йил 15 декабрда “Сувоқава” ДУК Фарғона туман филиали ходимлари А.Нишонов ва Х.Олимов номига Фарғона тумани, Миндонобод мавзеси, Мустақиллик шукронаси кўчасидаги 8-уйнинг 5 ва 6-хонадонларини, поччаси П.Курбанов номига 2018 йил 20 октябрда Тошкент шаҳар, Авиасозлар 3-мавзеси, 31-уй, 36-хонадонни, 2019 йил 31 майда давлат рақами 01 J 428 FB бўлган “ZIM 12” русумли автомашинани, 2020 йил 20 январда давлат рақами 01 S 475 HB бўлган “Mercedes Benz Sprinter 311cd” русумли автофургонни, 2018 йил 9 октябрда ўзини номига давлат рақами 40 S 021 РА бўлган “М-21” русумли автомашинани сотиб олиб, легаллаштирганлиги аниқланган.

Олти ойлик чақалоғини чирқиратган кўйи уйига ташлаб, бир ярим километрлик масофадан икки челакни сувга тўлдириб келаётганида, Фарғонанинг қоқ марказида шундай “оламшумул” ишлар бўлаётгани Юлдузнинг хаёлига ҳам келмасди…

***

“Ўзтрансгаз” акционерлик жамияти Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали мансабдор шахслари вилоятдаги оҳак ишлаб чиқарувчи 1 та улгуржи истеъмолчига 33 161 м3 табиий газ учун 33 млн. 161 минг сўм маблағ ортиқча ҳисоблаб, 7 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ)га эса аксинча 1 300 611 м3 табиий газ миқдори учун 1 млрд. 300 млн. 611 минг сўм маблағни кам ҳисоблаб, давлат ва жамоат манфаатларига катта миқдорда зарар етказишган.

Бундан ташқари, филиал мансабдор шахслари мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, 2019 йилнинг июль ва сентябрь ойларида улгуржи истеъмолчиларга 1.4 коэффициент билан оширилган тўловни ҳисобламай, 58 та АГТКШга табиий газни шартномавий ҳажмлардан ортиқча етказиб берган. Натижада, ундирилиши лозим бўлган 4 млрд. 759 млн. 112 минг сўмлик қўшимча тўловни ундирмай, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Юлдузни ўйлайман. Давлат бюджетидаги пуллар кимларнингдир киссасига шундоққина сирғалиб кириб кетмаганида эди, у яшаётган қишлоққа ҳам газ-у ичимлик суви етиб борганида, умрини адоқсиз маиший юмушларга исроф этмай, илму саёҳатга андармон ўтказармиди?!

Мавсумий, такрор-такрор келувчи, сени зериктириб қўймай, овораи сарсон қилувчи юмушларинг, адоқсиз ташвишларингдан ўргилай, Юлдуз! Сен, ахир, қишлоқдан бошқасини кўрмагансан-да, билмайсан… “Ҳар баҳорда шу бўлар такрор, Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади…” деб ўтираверасан. Кеча бешик устида ўқиганинг Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарида келтирилган “Оёғи асалга ботиб қолган пашша” ҳикоятидаги қаҳрамонлар ҳозир ҳам, атрофингда ҳам борлигини пайқамайсан…

 

Севара АЛИЖОНОВА,

“Фарғона ҳақиқати” газетаси махсус мухбири.

 

Ҳуқуқий маслаҳатчи —

Абдулҳамид УСМОНОВ,

Фарғона вилоят прокуратураси уюшган жиноят-

чилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси.