Ўқидингизми?

Ўқидингизми?

Ҳам ачинасиз, ҳам…

Қўштепа тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги ўрта таълим мактабларини ўтган ўқув йилида тамомлаган ўқувчиларнинг атиги 9 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Ҳатто айрим фанлар чуқур ўргатиладиган мактаб-интернат битирувчиларининг бу борадаги кўрсаткичи қониқарсиз.

Халқ депутатлари туман Кенгаши ишчи гуруҳи бирор нафар битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга киролмаган мактаблардаги таълим сифатини ўрганди. “Истиқбол йўли” газетасида босилган “Таълим сифатига ким масъул?” сарлавҳали таҳлилий мақолани ўқиб, ҳақиқий ҳолатга ҳам ачинасиз, ҳам…

 

Соҳибқирон одилона сиёсатига яна бир назар

“Таълим-тарбия” газетасида чоп этилган “Амр этдимки, кимки бирор саҳрони обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар” деган чуқур маъноли ўгит билан бошланган мақолада Соҳибқирон Амир Темурнинг одилона сиёсатига яна бир назар солинган.

Аҳамиятлиси, буюк бобокалонимизнинг ҳаёти, ҳарбий-сиёсий фаолияти, жанговар санъати, ватанпарварлик ва бунёдкорлик хислатлари ҳамда инсоний фазилатлари қаламга олинган мақолани ўқиган ҳар қандай газетхон қайта ўзлигини англайди, адолат ҳамиша ҳамроҳи бўлган аждодимизга бўлган ҳурмат-эҳтироми янада ошади.

 

“Ҳаё ва одобнинг зоҳири – либос”

Ўзбек аёли ўзига бек, ориятли миллатимизнинг юзи. Унинг либоси ташқи қиёфасига зеб бериб туради. Аммо бугунга келиб, момоларимиз, оналаримиз эъзозлаб кийган миллий андозадаги кўйлаклар опа-сингилларимиз эгнида кўринмай қолди. Баъзан кўча-кўйларда, айниқса, куннинг иссиқ кунларида ёш қиз-жувонлар кийган ажнабий кўйлакларни кўриб ажабланасиз.

“Ойдин” газетасида шу мавзуда мулоҳаза юритилган, муаммолар кўтарилган, таклифлар билдирилган.

 

Томорқа— кони фойда

“Томорқа нимадан бошланади?”, “Томорқада бир мавсумда икки-уч маротаба ҳосил етиштириш мумкинми?”. Бу каби саволларга ҳар кимда жавоб тайёрдек, аммо…

“Фермер ва томорқачи” газетасида чоп этилган қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, томорқачиликда миришкор деҳқонларнинг илмий-амалий тажрибаларга асосланган мақолалари билан танишсангиз, фойдадан холи бўлмайди.

 

Қонун талаби барчага баробар

Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди ижро варақасига асосан жавобгар –  Учкўприк тумани ҳокимлигидан даъвогарлар –  А.Турдалиев, А.Мелибоев, Ҳ.Юлдашев, Г.Тошпўлатова, С.Саидхўжаев, Ф.Ҳайитова фойдасига жами 674 800 минг сўм (компенсация пули), шунингдек, давлат манфаатлари учун олиб қўйилган ер майдонлари ўрнига қўшимча тарзда жами 135,6 метр-квадрат ер участкалари ажратиб берилиши керак эди. Бироқ, ҳокимлик қонунчилик талаби бўйича ижрони таъминламади.

Можарога Мажбурий ижро бюроси Учкўприк тумани бўлими аралашгач, “Ҳокимлик ҳам пулларни тўлади, ҳам ер ажратди” деб ёзади “Қонун ва ижро” газетаси.

Рустам ОРИПОВ.