Дронлар: фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади… ми?

Дронлар:  фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга  хизмат қилади… ми?

Жорий йил 1 январдан бошлаб, Фарғона вилоятида йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш ва жамоат  тартибини сақлаш мақсадида учувчисиз бошқариладиган “Дрон” қуриламаларидан фойдаланиш бошланди. 

Замонавий қурилма-ларнинг амалиётга жорий этилиши кўплаб фуқаролар томонидан ижобий баҳоланаётган бўлса, айрим ҳайдовчилар баҳс ва мунозарага сабаб бўлувчи фикрларни ҳам билдиришмоқда.

Хўш, учувчисиз бошқарилади-ган қурилмалардан фойдаланишга эҳтиёж бормиди?

Фарғона вилояти автотранспорт воситалари сонининг кўплиги жиҳатдан Тошкент шаҳридан сўнг иккинчи ўринда туради. Қолаверса, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари ҳам бошқа вилоятларга қараганда кўп содир бўлмоқда. Масалан, ўтган 2020 йилда вилоятда  юз берган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 215 нафар фуқаролар ҳаётдан бевақт кўз юмди, 836 нафари эса турли  тан жароҳати олди.  Тўғри,   рақамлар аввалги йил-ларга нисбатан сезиларли камайган. Аммо бу, хотиржамликка асос бўлиб қолмаслиги керак.

— Учувчисиз бошқариладиган қуриламалар орқали қоидабузар-ликларни аниқлаш амалиёти бекорга жорий қилингани йўқ, — дейди Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ катта инспектори, лейтенант Элбек Қобилов.-  Бу замонавий қурилмалар биринчи навбатда ҳайдовчиларни ҳушёрликка чақириб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.  Ҳар қандай ҳайдовчи йўлда белгиланган қоидаларга амал қиладаган бўлса, дронлардан хавотир олишнинг ҳожати йўқ. Чунки, бу қурилмалар фақат қоидабузарликларнигина аниқлайди. Маданиятли, тартибли ҳайдовчилар бундан хурсанд бўлиши керак.

— Кўча-кўйда тасодифан йўл-транспорт ҳодисасига учраган машиналарни кўрсам, юрагим музлаб кетади, — дейди фарғоналик  Отабек Ҳакимов. — Чунки  фарзандим шошмашошар ҳайдовчиларнинг хатоси туфайли ҳаётдан эрта кўз юмган. Йўлларга камералар қўйилгани, қоидабузарликлар дронлар ёрдамида аниқланиши бу жуда тўғри иш. Ҳайдовчиларни ҳушёрликка чақиради, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади, ҳамма тартиб билан юришга мажбур бўлади. Шахсан мен бу тизим ишга тушганидан хурсанд бўлдим.

—  Бу масаланинг бир жиҳати, — дея суҳбатга қўшилди ҳайдовчи Улуғбек Нуриддинов. — Бошқа томондан эса, жойларда ўрнатилган йўл белгилари, хусусан, пиёдалар ўтиш жойлари, огоҳлантирувчи ҳаракат чизиқлари шунга мос тарзда сифатли, аниқ кўрсатилган шакл-да бўлиши мақсадга мувофиқ. Афсуски, ҳамма жойда ҳам йўл белгиларининг сифати, кўриниш даражаси талабга жавоб бермайди. Айниқса, пиёдалар  ўтиш йўлакларини кўрсатувчи чизиқлар ўз хусусиятини тез йўқотди. Бу ҳолат эса табиий равишда транспорт эгалари  ҳамда  пиёдалар чалғишига сабаб бўлиб қолмоқда.

Ҳайдовчи ёки йўловчининг арзимаган хатоликка йўл қўйиши ортидан юзага келаётган кўнгилсизликлар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.  Асосий  мақсад — нохуш ҳодисаларга барҳам бериш.

— Шу мақсадда  “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни”, “Автомобилсиз кун” акциялари ва бошқа шу каби тарғибот-ташвиқот тадбирлари тез-тез ташкил этилиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўришга алоҳида  эътибор қаратилмоқда, — дейди Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Улуғбек Ниёзов. — Вилоят бўйлаб ўрнатилган фотовидеофиксация қурилмалари ёрдамида “тўхташ ва тўхтаб туриш” қоидаларини бузган, шунингдек,  “Тўхташ чизиғи”,  “Йўл ҳаракати қоидалари” нинг 1.1 сидирға чизиғига, 3.19 “Қайрилиш тақиқланган” йўл белгисига ҳамда белгиланган тезликка ҳамда светофор ишораларига амал қилмаган ҳайдовчиларнинг қоидабузарликлари онлайн тартибда қайд қилинмоқда.

Ушбу қурилмаларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда улар сонини янада кўпайтириш режалаштирилган. Эндиликда йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларга тезлик ўлчаш мосламаларининг макетлари ҳам ўрнатилди.  Таълим муассасалари ҳамда пиёдалар кўп ҳаракатланадиган ўтиш жойларида эса сунъий нотекисликлар ташкил қилинди. Бу нотекисликлар автомобиль  тезлигини пасайтириб, пиёдаларнинг белгиланган жойдан хавфсиз ўтишини таъминламоқда.

 

Расулжон Камолов.