“БОЛАЛИК”НИНГ ШОДОНЛИГИ ҚАЙДА ҚОЛДИ?

“БОЛАЛИК”НИНГ ШОДОНЛИГИ  ҚАЙДА ҚОЛДИ?

Қува туманининг чекка ҳудудларИдан бири — “Болалик” маҳалла фуқаролар йиғинидамиз.

Мўридан чиқаётган тутун, велосипедининг орқасига ўтин юклаб олган отахон, сув ташиётган аёллар… илк таассуротларимиздан бири бўлди.

Қишлоқнинг одамлари бегонани дарров билишади. Улар бизни суриштириб, журналист эканлигимизни айтганимиздан сўнг кўнгли ёришди. “Болалик қайрағоч” зиёратгоҳига қарайдиган Шарофиддин ака Аҳмедов куюнчаклик билан муаммолардан сўз очди.

— Рости, меҳмон чақиргани ҳам хижолат бўламиз, — дейди у. — Қишлоғимиз тараққиётдан анча орқада қолган. Мана, йўлларимизнинг аҳволини кўринг. Лой, ботқоқ кўчаларимизни асфальт қиламиз, деб қанча ваъдалар берилди-ку! Аммо ҳеч қандай амалий ишдан дарак йўқ. Ўзимиз 170 минг сўмдан пул тўплаб, шағал ётқизяпмиз. Маҳалламиздаги катта муаммолардан бири — томорқани суғориш. Умуман ариқдан сув келмайди. Эплаган қудуқ қазиб, сув чиқарган. Тик қудуқ ўрнатиш бўйича бир неча бор ҳокимликка  мурожаат қилдик.

угунги кунда олтмишдан зиёд хўжалик томорқасини суғоришнинг иложи йўқ. Ичимлик суви таъминотини гапирмаса ҳам бўлади.

“Болалик” маҳалла фуқаролар йиғинида 3287 нафар аҳоли истиқомат қилади. “Темир дафтар”да 11 та оила рўйхатга олинган. Қишлоқ аҳолиси асосан мавсумий ишлар билан шуғулланади. Редиска етиштириш, супурги тайёрлашда уларга етадигани йўқ.

— 12 километрдан ортиқ ички йўлларга шағал ётқизиш керак, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қобилжон Маҳмудов. — Бу бўйича мутасаддиларга таклифларни берганмиз. Шунингдек, қўл- бола симёғочлар кўп. Уларни алмаштириш лозим.

Мустақиллик дея ном берилган кўчада асосан янги кўчиб келган оилалар истиқомат қилади. Мана, ўн йилдан ўтган бўлса-да, ички йўллардан умуман юриб бўлмайди. Маҳалла аҳли ҳашар асосида шағал ётқизишган, аммо қор ва ёмғирли кунларда бу йўл ботқоққа айланади. Қўл- бола ясалган симёғочларнинг хавфсизлиги эса ҳар қандай кишини ташвишга солади. Кўчабоши Абдуманноб Жумабоевнинг айтишича, ичимлик суви қишлоқ марказидан ташиб келинади. Қишнинг совуқ кунларини эса амаллаб ўтказишмоқда.

Ҳаётхон Ориповалар оиласи “Темир дафтар”да рўйхатда туради. Оила боши Сирожиддин Россия Федерациясида мигрант. Пандемия бошлангандан бери иш тўхтаган. Оила ниҳоятда оғир вазиятга тушиб қолган. Ахир уч нафар болани боқишнинг ўзи бўладими? Аммо масъуллар бу оиланинг тақдири билан қизиққани йўқ. Тўғри, озиқ-овқат томонидан ёрдам берилди. Аммо даромад топишига кўмаклашиш ҳақида ўйлаб кўрилгани йўқ.

Маҳалладаги 30-давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлганимизда жажжи болажонлар учун яратилган шароитлар ҳаминқадар эканлигига гувоҳ бўлдик. Электр энергиясидаги узилишлар сабаб хоналар яхши исимаяпти. Совуқдан дилдираган болаларнинг нигоҳларига қараш — оғир. Бу маскан таъмирга муҳтож.

Тельман маҳалласида узоқ йиллардан буён бўш турган норасмий масжид биносини тадбиркор Муҳриддин Райимов ким ошди савдоси орқали сотиб олди. У бу ерда мебелларга ишлов беришни йўлга қўйиш ҳаракатида.

Маҳалла аҳли тез тиббий ёрдам станциясининг узоқда жойлашганлигидан норози. Ваҳоланки, шу ернинг ўзида қишлоқ врачлик пункти бор. У айни кунларда таъмирланаётган бўлиб, тез ёрдам хизмати шу ерда ташкил этилса, яхши бўлармиди?

Қишлоқнинг одамлари андиша қилиб, айрим муаммолардан кўз юмаётгани рост. Сектор раҳбарлари аҳолини ҳаётдан рози қилиш йўлида “Болалик”ка ҳеч келганмикин? Унда нега исмига монанд бўлмаётган бу масканда ободликдан дарак йўқ?

 

    Маъсуджон Сулаймонов.