“Гар Навоий сўз узатти…”

“Гар Навоий сўз узатти…”

Ҳар сафар Навоийнининг асарларини қўлимга олганимда янги бир жиҳатини кашф этгандек бўламан. Денгиз тубидан гавҳар топгандек қувонаман.

 

Ўзим учун топган гавҳарлардан бири, бу – қурмоқ феълидир. Қурмоқ сўзи нутқимизда фаол ишлатилади: уй қурмоқ, турмуш қурмоқ, суҳбат қурмоқ ва ҳоказо… Навоий шеърларида қурмоқ феъли тўпламоқ, жамламоқ маъноларида ишлатилади:

 

То туфайли била мажлис қурайин,

Бир неча нукта анга еткурайин.

 

“Мажлис” сўзи арабча жаласа (йиғ-моқ) сўзидан ясалган бўлиб, йиғин маъносини билдиради. Байтдаги “мажлис қурайин” жумласи “йиғин тўплайин” маъносида ишлатилганини кўришимиз мумкин. Қурмоқ сўзи Навоийнинг бошқа ғазалларида ҳам йиғмоқ, тўпламоқ маъноларида қўлланилган:

 

Қошидин кўрсам жафо тонг йўқки, бу қавси сипеҳр,

Ҳеч ким жониға эрмас жавр ёсин қурмаған.

 

Ўзбек тилидаги қурултой, қурсоқ, қўрбоши сўзларининг асосида ҳам қурмоқ сўзи туради. Яъни, одамлар тўпланса, қурултой бўлади, овқат тўпланадиган жой қурсоқ (қорин), одамларни тўплайдиган ва орқасидан эргаштирадиган одам қўрбоши дейилади. Қўрбоши деб қадимда ҳукмдор саройидаги қурол-аслаҳаларга масъул шахсга нисбатан ҳам айтилган. Чиндан ҳам, қўрбоши қурол-аслаҳаларни йиғган ва уларни сақлаган. Уй қурмоқ сўзида ҳам тўпламоқ маъноси назарда тутилади.

Кўпчилик яхши биладики, “изламоқ” сўзи Андижон шевасида “истамоқ” шаклида ишлатилади. Қизиғи шундаки, Навоий асарларида ҳам изламоқ сўзи ўрнида истамоқ феъли қўлланилади:

 

Истаганлар бизни, саҳрои балода истангиз,

Водийи ҳижрон ила дашти фанода истангиз.

 

Ҳазрат Бобур ҳам “Бобурнома”да Андижон ва унинг эли ҳақида гапириб: “Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирийда нашъу намо топибтур, бу тил биладур”, дея лутф этади. Чиндан ҳам, Навоий нафақат Андижон шевасини, балки бутун туркий тилларни мукаммал ўрганган ва туркий халқларнинг ягона адабий тилига асос солган улуғ ижодкордир.

“Соғинмоқ” сўзининг ҳам Навоий асарларида турфа хил жилоларини кўришимиз мумкин. Бу эски туркий тилда кутмоқ маъносини англатган. Адиб асарларида ҳам асосан шу маънода қўлланилади:

 

Васлинг сўзин эшиткач этар кўнглум изтироб,

Соғинмағил аники, фироқингда тўхтамиш.

 

Байт мазмуни: васлинг йўлида юрагим жуда кўп азоб чекти, энди уни кутмагин (соғинмагил), у аллақачон тўхтаган. Бундан ташқари, бу сўз қидирмоқ, суриштирмоқ маъноларини ҳам англатади. Навоийнинг қуйидаги байтида кутмоқ эмас, суриштирмоқ маъносида қўлланилади:

 

Хуш улки, қатлға ушшоқ аро ёмонлардин

Ул ой мени соғиниб дедиким, фалон яхши.

 

Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида ҳам бу сўз қидирмоқ маъносида келади:

 

Гаҳи соғин, на бўлди зорларни,

Унутмағил бурунғи ёрларни.

 

“Бўйсунмоқ” сўзининг қўшма сўз эканлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. Бўйсунмоқ сўзи бўйин ва сунмоқ сўзларининг қўшилишидан ҳосил бўлган. Бўйин сўзи ҳаммага маълум, сунмоқ сўзи қадимги туркий тилда узатмоқ, бермоқ маъносини англатади. Бу сўзнинг маъносини ҳам Навоий асарларидан топганман:

 

Ҳар ён, Навоий, сунма қўл, не келса ҳақдин – рози ўл,

Сен ожизу ҳокимдур ул,  ал фажру лак ал ҳукму лаҳ.

 

“Сўймоқ” сўзи ҳам Навоий асарларида бир неча хил маънода ишлатилади. Қуйидаги байтда тилмоқ маъносида ишлатилганини кўришимиз мумкин. Ҳозирги ўзбек тилида ҳам асосан шу маънода фойдаланилади:

 

Барги гулдек оразингнинг шавқидин тирноғ ила

Юз тараф кўксумни сўйдум, ҳар бири тирноғча.

 

Қуйидаги байтда бўлса бу сўз ечмоқ маъносида қўлланилган:

 

Чаман туфроғин, эй аҳбоб, аритманг зор жисмимдин,

Либосин сўймангиз ҳазл  айлабон мажнуни урёндин.

 

Навоий асарларидан ўзим учун топган энг катта янгилик, бу – “чекмоқ” сўзининг маъноси бўлди. Бу сўз тугамоқ, адо бўлмоқ маъноларида қўлланилади. Мисол учун, барчамиз яхши биладиган ғазалдан бир парчани мисол қилиб келтириш кифоя бўлса керак:

 

Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,

Келди жон оғзимғаю ул шўхи бадхў келмади.

 

Байт мазмуни: ҳар дақиқа йўлига интизор чиқиб адо бўлдим, жоним оғзимга келди, лекин ул шўх гўзал келмади.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да давомли нарса ёки ҳодисаларнинг энг сўнгги чегараси, охири, ниҳояси, поёни чек дейилади, деб изоҳ берилади. Мисол учун, хаёлнинг чеки йўқ. Бундан ташқари, чек сўзи шаҳардан ташқаридаги томорқа майдонига нисбатан ҳам қўлланилади. Фарғона ви-

лоятининг Марғилон, Қўштепа, Тош-лоқ, Олтиариқ туманларида дала майдони чек дейилади.

Инчунун, мумтоз адабиётимиздаги фиғон чекмоқ, жон чекмоқ, алам чекмоқ сўзлари дарду ғамнинг энг юқори даражасини билдиради. Яъни, йиғлайвериб, қайғуравериб, ҳатто танамда жон қолмади, деган маънони англатади.

Навоий асарларини ўқиш ва уқиш ҳар доим катта руҳий, ақлий тайёргарлик талаб қилади. Зеро, бу асарлар кўнгил мамлакатига олиб борувчи сеҳрли харита кабидир. Навоий ўзи айтганидек:

 

Гар Навоий сўз узатти   фақрдин эрмас деманг,

Бўлмағунча ҳукм шаҳдин қайда бу журъат анга?!

 

Давлатжон Каримов,

Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.