Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясига нима етсин!

Хавфсиз, тартибли  ва қонуний меҳнат  миграциясига  нима етсин!

Вилоятимизда Россия ва ривожланган хорижий давлатларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларига қарийб 10 минг нафар фуқароларни ташкилий тартибда юбориш ва ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

 

Бугунги кунда ноқонуний йўл билан чет давлатларга иш излаб борганлар орасида алданиб,  қийин вазиятга тушиб қолаётганлар ҳам бор. Оғир иш шароитлари, антисанитария ҳолатидаги турмуш тарзи ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Мигрантлар одам савдоси қурбонига айланмаган тақдирда ҳам уларнинг она юртдан йироқда, минг машаққат билан топган даромадлари буюрмаётган ҳолатлари кўп учрамоқда.

Ишсизлик  мамлакатимизда ҳам бошқа давлатлар қатори асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Пандемия даврида хорижда ишлаётган меҳнат мигрантлари юртимизга қайтди, ишсиз қолганлар сони янада кўпайди. Мамлакатимизда меҳнат миграциясига бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда. Чет мамлакатларда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя этишга устувор аҳамият қаратилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 15 сентябр-да “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши бу борада муҳим қадам бўлди. Қарорда белгиланган вазифалар четда ишлаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш борасида ечимини кутаётган муаммоларни тизимли ҳал этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда хорижда ишга жойлаштириш, улар билан доимий мулоқот қилиш ва муаммоларини тизимли ҳал қилишни ташкил этиш каби масалаларга муҳим эътибор қаратиб келинмоқда.

Бугунги кунда меҳнат мигрантлари иш берувчи компанияларни топиш, тил билиш ва ўша давлатдаги меҳнат қонунчилигини ўрганиш каби муаммоларга кўп дуч келишмоқда. Эндиликда хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш тизими йўлга қўйилди.

Фарғона шаҳрида  “Ишга марҳамат” мономаркази очилиб, турли касбларга ўқитишни бошлади. Фарғона туманида касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилиб, шаҳар ва туманларда 17 та филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ҳудудларда қисқа муддатли  курслар, маҳалла аҳолисини масканлари ташкил этилди. Ҳозирга қадар беш мингдан ортиқ аҳоли касб-ҳунарга ўқитилди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоят ҳудудий филиали томонидан хорижлик иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, мингдан ортиқ фуқаролар Россия Федерациясига ишга юборилди. Айни кунларда Япония, Канада, Жанубий Корея давлатларидаги иш берувчи компаниялар билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Фарғона  шаҳрида Россия Федерациясининг йирик қурилиш компа-
ниялари — “ПИК-Индустрия” акция-дорлик жамияти  ва “ТехСтрой” масъулияти чекланган жамияти томонидан бўш иш ўринлари учун ўтказилган танлов ана шу саъй-ҳаракатлардан биридир. Беш кун давомида  Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятидан ишга бормоқчи бўлганлар монтажчи, электр пайвандчи, электр монтажчи, ғишт териш, қолиплаш каби ишларга саралаб олинди.

“ПИК-Индустрия” акциядорлик жамияти  ва “ТехСтрой” масъулияти чекланган жамиятининг вакиллари томонидан бўш иш ўринларига танлаб олишда рус тилини билиш даражаси, касбий малакасига алоҳида эътибор қаратилди. Танлаб олинган меҳнат мигрантларига иш жойида барча шароитлар яратиб берилади, ижтимоий муҳофаза қилинади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, малакаси, иш ҳажмига қараб, ойига 500 доллардан 1500 долларгача иш ҳақи берилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Фарғона вилояти филиали бошлиғи Отабек Отабоевнинг айтишича, мазкур компаниялар томонидан таклиф этилган бўш иш ўринлари учун шаҳар ва туманлардан икки мингдан ортиқ ишсизлар қатнашди. Хорижий давлатларда ишлаш истагида бўлган ёшларимизга тил ва касб-ҳунар ўргатиш, тартибли меҳнат миграциясини амалга ошириш борасида вилоят “Ишга марҳамат” мономаркази ва унинг 17 та филиалларида, шунингдек, 22 та касб-ҳунар мактаблари, 7 та техникум, 5 та коллежларда ташкил этилган қисқа муддатли курсларига йилига 12 минг нафардан ортиқ фуқаролар қамраб олинади.

Маъсуджон Сулаймонов.

Муқимжон Қодиров

олган суратлар.