“САДКАК ОТА” МАҚБАРАСИ — етарлича ўрганилма(ёт)ган, сайёҳлар жалб этилма(ёт)ган қутлуғ манзил

“САДКАК ОТА” МАҚБАРАСИ — етарлича ўрганилма(ёт)ган, сайёҳлар  жалб этилма(ёт)ган қутлуғ манзил

Зиёратингиз қабул бўлсин, онажон!

— Раҳмат, болам, муродингиз ҳосил бўлсин!

Олтиариқлик Насибахон она Отақулова ҳар гал Фарғона тумани Саткак қишлоғилик яқин қариндошларини йўқлаб келганида ҳудуддаги “Садкак ота” мақбарасини зиёрат қилмай кетмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Қишнинг совуғи, чилланинг заҳрига қарамай, муродбахш масканга йўл солди.

— Бу жойлар Яратганнинг назари тушган азиз ерлар, — дейди онахон мақбарага олиб чиқувчи юз чоғлик зиналардан бирида тўхтаган кўйи. — Болалигимда онам билан бирга келиб, улуғлар ҳаққига дуо қилардик, яхши ниятларимизни тилаб қайтардик. Бугун эса набираларимни мана шу қутлуғ манзилга бошлаб келаяпман. Зиёратнинг ҳосили мўл, дейишади-ку. Халқимиз азалдан қаердаки азиз жой бўлса, ўша ерга Яратганнинг бир нури тушиб туради, деган сўзга ишониб келган. Шунинг учун ҳам қишми-ёзми зиёратни канда қилмаймиз.

Ҳа, Саткак қишлоғи бағрида неча замонлардан бери сақланиб келаётган мақбара, шифобахш булоқлар, нодир дарахтлар, умуман, табиатнинг ўзига хос манзараси ушбу манзилнинг синоатига ишора аслида.

Қишлоқ теварагига келганингизда тепаликда жойлашган мақбара яққол кўриниб туради. Унга олиб чиқувчи икки зина бир хил саноқда адоғига етади. Тепаликка — мақбара ёнига кўтарилишингиз билан сизни шу даргоҳнинг хос ишчиси Қобилжон ҳожи ота Солижонов кутиб олади.

— Бир неча юз йиллардан бери ушбу мақбарага Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг авлодларидан бири, Арабистоннинг Садкок деган ҳудудидан бўлган Мулла Абдураҳмон Садкокийники, деб нисбат берилади. У зот VIII асрда муқаддас ислом дини тарғиботчиси сифатида машҳур бўлган. Аммо унинг хоки қандай қилиб бу ерга келиб қолгани бизга қоронғу, — дейди у. — Ёши улуғларимизнинг эслашича, собиқ шўро даврида “Остига олтин яширилган”,  деган важ билан мақбара бузиб ташланган. Унинг остидан катта тош  ва китоб чиққан экан. Кейин одамлар уни ҳашар йўли билан қайта тиклашган. Узоқ йиллар хўжаликка раислик қилган  раҳматлик Оловуддин ота Сатторов  зиёратгоҳнинг янада обод қилиш ишларига бош бўлган. Ўтган йили зиёратгоҳ ва унинг атрофи қайта таъмирланди.

Шукрки, юртимизда му-
қаддас зиёратгоҳ, қадамжо-ларга ҳурмат ва яхшилик умиди билан қаралиб, халқимизнинг  бундай манзилларга ташрифи канда бўлаётгани йўқ. Шу ўринда бир ҳақиқатни унутмаслик керак, одамлар зиёратгоҳга келгани билан ўз ниятлари ижобатини фақат Яратгандан сўрашади, азиз зотларга эса Худонинг назарига тушгани учун ҳам ихлос қилиб, ғойибона дуо сўралади, ҳурматлари бажо келтирилади.

Саткакда 6 та булоқ бор. Ҳар бири алоҳида-алоҳида хусусиятга эга. Булоқларнинг бири “сариқ касаллик”, бири кўз-қулоқ оғриқлари, яна бири бефарзандлик дарди билан қийналаётган беморларга шифо улашади, деб ишонилади. Энг катта булоқда минглаб балиқлар яшайдики, уларни келиб-кетувчилар “дард олар” балиқлар деб алқашади. Яхши ният қилиб ёки бирор дардига шифо истаб, сувдаги жониворларга емиш ташлаётган инсонлар қалбида Яратганнинг раҳмига умид бўлади, албатта.

Ҳудуднинг ўзида бир-бирига номутаносиб жойлашган юзлаб тол, терак, чинор дарахтлари кўкка бўй чўзиб турибди. Маҳаллий аҳоли ушбу дарахт ёки буталарнинг бирортасини бевақт қуриб қолгани ёки кесиб ташланганини эслай олмайди. Бунинг ҳам  бир синоати бордир балки.

Қулай табиий шароит сабаб Саткакка кўпинча ёз ойларида дам олувчилар, зиёрат истагидаги одамлар оқиб келади. Куннинг иссиғида сўлим табиат бағри, баҳаво гўшада ҳордиқ олишдан мароқлиси бўлмаса керак. “Саткак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Валижон Қодировнинг сўзларига кўра, қишлоқнинг  зиёрат ва дам олишга мўлжалланган ҳудудида 21 та чойхона, 25 тадан ортиқ аттракцион ва кўнгилочар объектлар мавжуд. Уларнинг аксарияти яроқли. Яна 50 тага яқин савдо расталари ўрнатилган. Бироқ буларнинг бари қишда қаровсиз,   мунғайиб қолади. Ора-сирада балиқларга емиш ташлаб кетаётган бир-икки одамларни айтмаганда, баҳор-куз ойлари, айниқса,  қиш кунларида “Саткаки азиз” ҳувиллаб қолади.

Асосан чорвачилик, деҳқончилик юмушлари билан банд бўлган қишлоқ аҳли бир йилда 3-4 ой давом этадиган  зиёрат мавсумига катта умид боғлаши бежиз эмас. Уларнинг аксарияти ташриф буюрувчиларга савдо-сотиқ, озиқ-овқат, жой ва бошқа турдаги маиший-сервис хизматларини кўрсатиб, даромадли бўлишади.

Аслида зиёратгоҳларга ташриф мавсум танламайди. Аммо…

Қишлоқ пастликда жойлашган, катта йўлдан қишлоқ марказига тушиб келгунча қарийб уч километрга яқин йўл босилади. Ички йўлларнинг ўйдим-чуқур, нотекислиги етмагандек, мавсумий қор ва ёмғирлардан танг аҳволи ҳар қандай сайёҳ тугул, оддий йўловчининг ҳам таъбини хира қилади.

3400 нафардан зиёд аҳоли яшайдиган қишлоқда зиёрат туризмини ривожлантириш учун уй-меҳмонхоналарга эҳтиёж катта. Бунинг учун ҳудудда ичимлик суви, табиий газ масаласида муаммо йўқ, алоқа кабеллари ўрнатилганига ҳам кўп бўлмаган. Ортиқали Усмонов, Холдорали Парпиев, Саломатхон Жамолова сингари ташаббускор, қишлоқдошларини эзгу ишга йўллаб турадиган кайвонилар ҳам бор.  Бироқ халқ орасида “Саткак азиз” номи билан машҳур бўлган бу маскан ҳалигача  вилоятимизда етарлича ўрганилмаётган, сайёҳлар жалб этилмаётган қутлуғ манзил бўлиб қолмоқда.

Гап зиёрат туризмини ривожлантириш ҳақида кетганда, маданий мерос объектларидаги оддий ҳожатхоналар, таҳоратхоналарни яхшилаб қўйган билан иш битмайди. Ваҳоланки, “Саткак азиз” каби чекка зиёратгоҳларга олиб бориладиган йўллар ҳар қандай  сайёҳни  иккилантириб қўйиш даражасида. Йўлларни текислаш, мунтазам автотранспорт қатновини йўлга қўйиш, янги овқатланиш, санитария шохобчаларини қуриш жуда муҳим. Сайёҳларни  биринчи галда ҳудудда  меҳмонхоналарнинг борлиги, жойларнинг онлайн буюртма имконияти қизиқтиришини ҳам унутмаслик керак. Зиёрат туризми юртимизга жуда ҳам кўп маблағ олиб келишини назарда тутадиган бўлсак, Саткак зиёратгоҳи ҳам бу борадаги жадал саъй-ҳаракатларга муҳтож.

 

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.