2021 ЙИЛ УЧУН ВИЛОЯТ БЮДЖЕТИ ХАРАЖАТЛАРИ ВА ДАРОМАДЛАРИ

2021 ЙИЛ УЧУН  ВИЛОЯТ БЮДЖЕТИ  ХАРАЖАТЛАРИ  ВА ДАРОМАДЛАРИ

2021 йил учун Фарғона вилоят бюджетининг асосий йўналишлари ва кўрсаткичлари пандемия шароитининг мавжуд бўлиши тахминларидан келиб чиқиб шакллантирилди. Шу тариқа жорий йилда соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя кўламини кенгайтириш, иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга катта эътибор қаратилади.

Бу йил учун бюджетни шакллантиришда базавий солиқ ставкаларини сақлаб қолиш кўзда тутилган. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи 15%, фойда солиғи 15%, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12%, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ 2% ҳамда айланмадан олинадиган солиқ 4 % миқдорида белгиланган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини янада ошириш учун 2021 йилда Солиқ кодексида белгиланган, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун базавий солиқ ставкасидан келиб чиқиб туман ва шаҳарлар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5% дан 2,0 % миқдорида камайтирувчи ва оширувчи коэффициент қўллаш, халқ депутатлари туман Кенгаши (вилоят белгилаганига нисбатан) 0,7% дан 1,3% миқдорда камайтирувчи ва оширувчи коэффициентини белгилаш ҳуқуқи берилмоқда.

2021 йил учун маҳаллий бюджет даромадлари 2 трлн. 904,9 млрд. сўм этиб тавсия этилмоқда. Бу даромадлар: жисмоний шахс-лардан даромад солиғидан — (39 минг 371 нафар солиқ тўловчи) 1 трлн. 128,6 млрд. сўм, фойда солиғидан (10 минг 349 нафар солиқ тўловчи) 184,1 млрд. сўм, акциз солиғи (489 нафар солиқ тўловчи) 295,1 млрд. сўм қилиб белгилаш режалаштирилмоқда.

Даромадлар прогнози бу маҳаллий бюджетга фақат шунча даромад келиб тушишини англатмайди. Биргина мисол: Бу йил вилоятимиз туман (шаҳар) ларида 50 та янги кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда ва ушбу кичик саноат зоналарда қиймати 1,1 трлн. сўмлик  500 га яқин янги лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.  Лойиҳалар ишга тушиши билан 717,7 млрд. сўмлик маҳсулот (иш, хизматлар) яратилиб, вилоят бюджетига қарийб 140 млрд. сўмлик қўшимча даромадлар шакллантирилади.

2021 йил учун вилоят маҳаллий бюджети харажатлари 3 трлн. 814,9 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 114 % га ортиғи билан режалаштириш кутилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2021 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатларига 137 млрд. сўм (жами Инвестиция дастурлари учун 724,3 млрд. сўм, шундан маҳаллий бюджет ҳисобидан 137,0 млрд. сўм йўналтирилиши кўзда тутилган) маблағ ажратилиши белгиланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 октябрдаги қарорига асосан туманлар марказлари ва шаҳарларнинг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ишлари учун вилоят бўйича 19 та шаҳар ва туманлар учун 129,7 млрд. сўм маблағ ажратиляпти.

Бу маблағларни биринчи нав-батда қуйидаги мақсадларга йўналтириш кўзда тутилган:

туман марказлари, шаҳарлар ва йирик аҳоли пунктларида парк зоналарини ривожлантириш, ташқи ёритиш, суғориш ва дренаж тизимларини яратиш, шунингдек, пиёда ва велосипед йўлакларини қуриш;

ҳар бир туман маркази ва шаҳарда камида биттадан марказий кўчани замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари асосида режалаштирган ҳолда мукаммал таъмирлаш.

Таъкидлаш ўринлики, вилоятдаги аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий нафақа харажатлари учун 475.2 млрд. сўм  (2020 йилда 230,0 млрд. сўм 206.6 фоиз)га кўпайтириш кўзда тутилган. Бунда нафақа олувчилар сони ўртача 2,3 баробарга кўпаймоқда.

Ўз навбатида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилиши белгиланган.

Бу борада мазкур жамғарма учун шаклланадиган  13,6 млрд. сўм маблағлар таълим муассасаларида ўрнак кўрсатган ходимлар ҳамда директорларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтган йилнинг 19 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 2021 йилдан бошлаб Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Шунингдек, 2021 йилда Давлат бюджети маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича ҳам бир қатор топшириқлар берилди. Бундан буён ўз расмий веб сайтларида бюджет маълумотларини очиқламаган ташкилотлар раҳбарларига нисбатан жарима қўллаш механизмини жорий қилиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилган.

Восилжон НАЗАРОВ,
вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи.