ҚЎШТЕПАНИНГ ЭРТАНГИ КУН ИСТИҚБОЛИ

ҚЎШТЕПАНИНГ  ЭРТАНГИ КУН  ИСТИҚБОЛИ

Шу йилнинг  5 январь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорлик лойиҳалари билан танишиш мақсадида Қўштепа туманида бўлди.

Айни пайтда “Шомирза” МФЙ ҳудудида 1 гектар ерда кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Кичик саноат зонасида умумий қиймати 15 млрд. сўм бўлган 7 та лойиҳа доирасида 325 та янги иш ўринлари яратиш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.
Хайрулло Бозоров мазкур кичик саноат зонасида қурилиш, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштираётган Акмалжон Игамбердиев, Ғанижон Марасулов, Дилшод Маматбеков сингари тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
— Бу ихчам лойиҳаларни ярим йилда амалга ошириш мумкин, — деди вилоят раҳбари. – Шунинг учун қурилиш ишларини бир йилга чўзиш шарт эмас. Аммо бино-иншоотларни замонавий мезонлар асосида барпо этиш, энг сўнгги русумдаги технологияларни ўрнатиш зарур. Кичик саноат зонасида амалга оширилаётган ишлар бундан буён вилоят ҳокимлигининг доимий эътиборида бўлади.
Президентимиз 2020 йилнинг 5,6 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида ҳудудлар кесимида 1 миллион бош наслли қуёнлар тарқатиш режалаштирилган эди. Қўштепа туманида фаолият бошлаган “Водий наслли қуёнлари” агрофирмасида бугунги кунда Европадан келтирилган 2 минг бош қуён парваришланмоқда. Агрофирма раҳбари Нуриддин Эминовнинг қайд этишича, яқин истиқболда бу ерда кунига 1,5 тонна парҳезбоп қуён гўшти ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуа фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Натижада агрофирмада 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Юзма-юз мулоқотда вилоят раҳбари электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш, “Микрокредитбанк”нинг Фарғона вилояти филиалидан олиниши керак бўлган кредит масаласини охирига етказиш бўйича тадбиркорга қисқа фурсатда амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Ўтган йили Қўштепа туманида “Fergana global textile” МЧЖ пахтачилик кластери томонидан 164 та фермер хўжаликлари билан шартнома асосида 20 минг 733 тонна сифатли пахта ҳосили етиштирилди. Кластер корхонаси раҳбари Мўминжон Раззоқов ташаббуси билан йилига 80 минг тонна пахтани қайта ишловчи завод бунёд этилиб, АҚШ ва Туркия технология-лари ўрнатилди. Фарғона ва Тошкент шаҳарларида йилига қарийб 30 минг тонна калава ип ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари бунёд этилди. Экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Хитой, Ҳиндистон каби хориж мамлакатларида савдо уйлари очилди.
Вилоят ҳокими қўштепалик қишлоқ хўжалиги фидойилари билан учрашувда ўтган йилда улкан муваффақиятларга эришган 150 дан зиёд фермер хўжаликлари раҳбарлари ва механизаторларга пул мукофоти ҳамда эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.
— Қишлоқ хўжалигининг ривожи аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омилидир, — деди Хайрулло Бозоров. — Шу боис, фермерларга барча шароитлар яратиб берилади. Ютуқлар бардавомлигини таъминлаш учун экиш мавсумидан тортиб, барча агротехник тадбирларни сифатли бажаришимиз лозим. Айни жараёнда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасидан самарали фойдаланиш зарур.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда туманда 70 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Бу Қўштепа туманининг эртанги кун истиқболини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.