Нур кўтарган “Cизиф” ёхуд қуёш-одам

Нур кўтарган “Cизиф” ёхуд қуёш-одам

Хуршид Дўстмуҳаммад таваллудининг 70 йиллиги билан қутлаб

— Ижод сиз учун нима? — аудиторияда савол янгради.
— Машаққатли меҳнат, изтироб, дард, ҳузур, эҳтиёж… ўттиз беш хил жавоб айтилди. Аммо савол эгасининг жавоби бир умрга хотиримда муҳрланиб қолди: Ижод, бу – мубталолик!

Аудитория эшигидан ихчам, ўрта бўй, соч-соқолига қиров қўнган, юзидан ҳамиша нур ёғилиб турадиган бу инсоннинг хатлаши биланоқ, хонага қуёш кириб келгандек бўлади. Юзига ярашиқ ним табассуми танимаган-нетмаган одамнинг ҳам юрак ютиб, кўнгил тортиб мулоқот қилишига, ўртадаги парданинг кўтарилишига ишорадек туюлади. Яратган суюкли бандаларига бошқаларга ҳам суюкли бўлиши учун юзига шундай нур ато этиб қўйганмикин, деб ўйлаб қоламан. Қайси издиҳом, қай мажлисга кирмасин, ўзидан меҳр, иссиқлик, нур таратади. Қараб турасиз-у, Қуёш-одам эмасмикан, деган хаёлга борасиз. Устознинг вазмин қадам олишлари, баъзан юзини ерга тикиб, баъзан икки қўлини орқага жуфтлаб ўйчан нигоҳ, маъюс чеҳра билан юришлари шу кетишида кўнглида тинимсиз ғалаён, тафаккурида чексиз ўйни босиб, ортмоқлаб, миясида янги асарни пишитиб кетаётгани тасаввурини беради.

Дарс жараёнида бир жойда тек турмай, хона аро айланиб, биримизга ҳазил, биримизга сўроқ билан юзланганида, шошиб, тараддудланиб қолардик. Соатлаб қилинган маъруза сонияда ўтиб кетгандек бўларди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмас ташбеҳ, закий нигоҳ, топқирлик, ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган туғма дид, фаросат, беадоқ тасаввур, самимия-ти билан талабаларни яхши маънода ўзига мубтало қилиб қўйган бу муаллим – Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети кафедра мудири Хуршид Дўстмуҳаммад эди.
“Журналист бор шароитдан камчилик топмаса, журналист эмас. Ҳар қанақа жамиятга ижодкор, зиёли нимага керак? Сергак торттириш, огоҳ этиш, нуқсонини кўрсатиш учун. Олқишлайдиганлар топилади, жуда кўп. Олқишлар жамиятни ривожлантирмайди, муаммоларни ҳал қилмайди, олқишлар одамни безамайди. Олқиш жамиятнинг ривожига ишламайди”. Бу сўзларига журналист фаолияти давомида, айниқса республикада илк ташкил қилинган “Ҳуррият” мустақил газетасига муҳаррирлик қилган кезлари (1997–2002) содиқ қолди, ўтли, ўткир мақолалар босилди, кўплари ҳодисага айланди, резонанс берди.
Аввалига “Муаллим дегани шундай бўлса-да!” дея бу инсонга биргина шу нисбатни қистирганимга кейинчалик кўп уялдим. Уялтирганига, шундай инсон билан замондош этганига шукурлар қиламан. Хуршид Дўстмуҳаммад нафақат педагог, балки ҳақ сўзни, ҳақиқатни айтишдан қўрқмайдиган журналист, халқ дарди билан ёниб-куйиб юрадиган депутат, кўз илғамас маъноларни илиб олувчи нуктадон олим, “ҳазми оғир” ёзувчи, энг муҳими ва мушкули, яхши инсон ҳам.
Худо қодир қилса, бир инсон жуссаси шунча сифат, “оғир юк”ни Сизифнинг харсангидек кўтариб юра олар экан-да! “Кўнгил кишиси “оромкурси” билан чиқиша олармикин? Ижодга, руҳиятга таъсири йўқми депутатликнинг?” ўрни келганида сўраганим бу саволга “Мутлақо! Кунига беш-олти одам мурожаат билан келади. Ҳаётни, одамларни кўрасиз. Воқеликка яқинроқ бўласиз. Улар дардини айтади, мен хаёл суриб ўтираман. Депутатлик ҳам ижодкордек гап. Зарари бўлмайди”, деганди Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Набиевич.
Инсоннинг исми тақдирини белгилайди, деганлари ҳақиқат бўлса, Хуршид одамлар орасидаги қуёш бўлиб, шу миссияда бу дунёга келгани айни ҳақиқат. Қуёш иситади, Ерни яшнатади ва ўз ўрнида зимистонда кўзга кўринмаган нуқсонларни фош этиб қўяди. Хуршид Дўстмуҳаммад инсон, синалувчи, синовлардан ўтувчи сифатида бу вазифаларни тўла-тўкис адо эта олди, дея иккиланмай айта оламиз.
“Ҳақиқатни пана қилган булутлар тарқаб, яна қуёш чарақлайди. Вақти келса, гарчи кўзимиздан тирқираб ёш чиқса ҳам ўша қуёшга – ҳақиқатга тик қарашга мажбурмиз. Воқеликни қандай бўлса, борича гапириш – ҳақиқатни айтиш, адолатни тиклаш дегани. Бу – одамлар орасидаги, муносабатлардаги қуёшдир!”.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг суҳбатини тинглаб, англайманки, инсоннинг ботинида не бўлса, вужуд нима билан тўйинган бўлса, зоҳирга, сўзга ўша чиқади. Айланиб-ўргилиб, бу инсоннинг тили нур, ҳақиқат, одамийлик деган сўзларга тутилиб қолаверади.
“Кўнгилнинг аслида расми, суврати йўқ. Агар унинг расмини чизиш мумкин бўлса, у нурдан иборат бўлади. Кўзни оладиган, кўзга қадаладиган нур эмас, майин нур… Кўпинча кўнгилчан, таъсирчан, кўнгли нозик одамларни бошқача атаймиз а? Йўқ, бу одамга берилган улуғ мукофот. Қаранг, ҳар нарсага тебраниб, титраб туради-я! Санъат, бу – ана шу нозик-лик, ана шу мўъжизанинг меваси”.
Адабиёт, мусиқа, тасвирий санъат, кино – қўйингки, санъатнинг барча турларини мунаққидлардан қолишмас даражада синчковлик, нозиклик, пухталик билан таҳлил қилади, ўрганади, ўрганишдан тўхтамайди. Севимли ёзувчиси Ф.Достоевский асарларига қайта-қайта мурожаат қилади, Тенгиз Абуладзе фильмларидан бемисл завқ туяди, Казимир Малевичнинг “Қора квадрат”ига тикилиб, ҳаёт ҳақида
хаёлга берилади, мусиқа тинглаб қоғоз қоралайди… Ва дейди: “Ўткан кунлар” романининг эпицентри қаер? – Хўжа Маъоз қабристонининг тасвири. Бутун воқеанинг ҳаммаси ўша икки-икки ярим саҳифалик тасвирда мужассам”.
Ёки Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романига тўхталиб, дейди: “Жиноят ва жазо”ни ҳаммамиз ўқиганмиз. Воқеа битта: талаба боши айланиб, гангиб, опа-сингилларни ўлдириб қўйди. Бўлди. Энди ёстиқдек китоб ана шу қотилликнинг мулоҳазасига бағишланган. Тўғри қилдимми, йўқми? Мен ҳақманми бошқами?.. Асар охиригача изтироб чекади, ўйлайди. Аммо жавоб топилмайди. Асар тугайди. Достоевский айтади, воқеалар тугаб, ана шу воқеалар ҳақида изтироблар бошланган нуқтада бадиий адабиёт бошланади, деб”.
“Казимир Малевич. “Қора квадрат”. Бир қараганда, битта қоғозни қора бўёқ билан бўяб қўйгандек. Ёш бола ҳам чизаверади-ку! Нимасига бунча дунё санъат шинавандалари ҳайратга тушади? Палон миллион долларга сотиб олади? Қора ранг кўпроқ ҳаётга разм солишга мажбур қилади. Унга қараб, ҳамма ўз ҳаётини ўйлайди, ўтиб кетган умрга секииин қайрилиб қарайди, мушоҳада юритади. Кўзни беркитиб мушоҳада қилиш кўзни очиб мушоҳада қилишдан кўпроқ самара беради. Шунинг учун қора рангда маъно кўпроқ. Оқ ранг – шўхчанлик, қувноқлик, шодлик рамзи, қора рангда эса мулоҳазакорлик, ўйчанлик, диққат қилиш кўпроқ акс этади. Ҳаёт – ранглар симфониясидан иборат. Битта оқ ёки қора ранг билан ҳаёт жуда зерикарли бўларди”.
Бу каби топилмаларни ҳар ким ҳам топа оладими? Жузъий воқелик, ишорадан маъно чиқара оладими?
— Ижодкорга ҳамиша нима керак?
— Ижодий шароит керак. Бу шароитни жамият яратади, ижодкорнинг оиласи, ўзи яратади. Ижодкорни кайфият кишиси дейдилар-у, лекин у қачон кайфиятим яхши бўлади деб ўтирса, иш орқага чўзилиб кетади. Масалан, ўзим кайфият яхши бўлганда, ўтириб, роҳат қилиб ёзаман. Баъзан жаҳл, баъзан зарда билан ёзасиз. Баъзан бетобликда, тушкунликда ёзилади…
Хуршид Дўстмуҳаммад ёлғизликка, тинчликка, сокинликка мойил одам. Қий-чув, дабдабани, базми жамшидни кўпам хушламайди. “Мен бундай давраларда одамни эмас, оломонни кўраман, – дейди у. – Шошган одамлар, фикрламаётган одамлар… Дунёнинг ўзи шиддатли тезликнинг қурбонига айланиб турибди. Айни шундай паллаларда Кафка, М.Пруст, Ж.Жойс, Г.Маркес биз – шошаётган одамларни тоғдек машинами, танкми бўлиб, елкамиздан ушлаб тўхтатиб туради. “Шошма, одамзод, шошма!” дея. Темур Пўлатов, англанган дақиқаларнигина умр, дейди”.
— Армонларимдан бири – мусиқий асбоблардан, ҳеч қурса, бирини чалишни ўрганмаганим, – дейди севимли адибимиз суҳбатларидан бирида. – Мусиқа дидни тарбиялайди, ором беради, жунбишга келтиради. Мусиқани тушунмаган одам кўп нарсалардан бебаҳра қолиб кетади. Ҳар бир асарни ҳали яралмасидан ўз оҳанги, мусиқаси бўлади. Мана, “Ёлғиз” асарим “Чўли ироқ” садолари остида яратилган.

Чархпалагим чархпалак,
Айланасан мулойим.
Тўхтатолмай мен ҳалак,
Юргизганми Худойим.

Бу қўшиқ эса Хуршид Дўстмуҳаммад ҳаётининг серенадаси. У ҳаёт манзарасини ҳам, моҳияти-ю ҳикматини ҳам чархпалакда деб билади. Чархпалакни яхши кўради. Унинг фалсафасича, ҳаёт тинимсиз ҳаракатдан иборат. Бу ҳаракатнинг боши ҳам, охири ҳам йўқ. Чархпалак – энг доно, энг донишманд. Ўзбек меҳнаткашига, ўзбек деҳқонига ўхшайди. Тиним билмас, ғичир-ғичир қилиб, машаққат билан айланаверади. Шуниси билан унда донолик, кўҳналик, абадият рамзи бор.
“Дунёда кўнгилни, виждон, ориятни сотмай, инсон бўлиб қолмоқликнинг иложи борми? Шарти, сири нимада?” дея кўп ўйлайман. Жавобни умри ибрат олса арзигулик инсонлар ўгитидан қидираман. “Ҳаётимни ўзгартириб юборган, жиддий таъсир кўрсатган китоб – “Одоб-ахлоқ гўзаллиги” бўлган, – дейди ахлоқ-одоби чиндан ҳам гўзал Хуршид Дўстмуҳаммад. – Бу китоб талабаликнинг 3-4-босқич пайтларида қўлимга тушган. Рус тилида эди. Мен уни “Фаросат китоби”, “Назокат китоби” деган бўлардим. Ўқиб чиққач, бошқача одам бўлишим керак, деган талаб қўйганман ўзимга. Ётоқхонадагиларга зўрлаб, мажбурлаб ўқитганман ўша китобни. Учратганки инсонимни ўша мезонларга соламан-у, ҳа энди шунақа эканмиз-да, деб қўяман. Хафа бўлиб кетаман. Имконим бўлса, шу китобни ўзбек тилига таржима қилиб, ҳар бир келиннинг сепига қўшиб қўярдим”.
Ёзувчи инсон феълидаги салбий иллатлардан ҳайратлана-сиқила кўп асарлар яратди: “Жажман”, “Бозор”, “Донишманд Сизиф”, “Чаёнгул”, “Бе-
озор қушнинг қарғиши”, “Нусхакаш-нинг меросхўри”, “Оромкурси”… Но-
инсоф, муттаҳам инсонлар билан бир умр муроса қилолмади, юлғич, беорларнинг юзига тупурди, йўлига юрмади…
Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақида унинг ўзи гапиради. Ижозатингиз билан хулосани ўзингизга қолдираман, устоз!
“Ҳар битта инсон ўзича бир тилсим, ўзича бир роман. Ана шу романни қайта-қайта ўқигим келади. “Ўткан кунлар”ники йигирма марталаб ўқиб тушунмасангиз, битта одамни қачон тушунасиз?! Яхши дейишингиз мумкин, жаҳли тез, меҳрибон дейишингиз мумкин… бу ҳали ҳаммасимас. Қалбига кириб бораверсангиз, турли ҳолатларда ўрганаверсангиз, янги-янги қирраларини кашф этаверасиз…”

Севара АЛИЖОНОВА.