ҚИШЛОҚДАГИ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲА янги иш ўринлари яратилиб, экспорт ҳажмини оширмоқда

ҚИШЛОҚДАГИ  ИСТИҚБОЛЛИ  ЛОЙИҲА янги иш ўринлари яратилиб, экспорт ҳажмини оширмоқда

Бағдод тумани ҳақида гап кетганда илгарилари фақатгина қишлоқ хўжалиги тилга олинарди. Бугун эса вазият тамомила бошқача. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган мебелларнинг донғи юртимизда машҳур. Қалампирлари эса қадоқланиб, хорижга экспорт қилинмоқда.

Қўқон  шаҳрида илк бор ўтказилган ҳунармандчилик фестивалида Бахтиёр Шерматов,  Мирзаолим Турсунов томонидан ясалган “Орзу” кемаси яхшигина пулга сотилгани туманда тадбиркорлар, ҳунармандлар мактаби борлигидан далолатдир. Дарҳақиқат, кейинги йилларда саноат салоҳияти юксалиб, истиқболли лойиҳалар асосида йигирмадан зиёд корхоналар фаолият бошлади.

Инвестиция фаровонлик, иқтисодий барқарорликнинг асоси ҳисобланади. Чекка ҳудудларда инфратузилма яратилиб, кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда.  Хусусан, “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кичик саноат зонасида ҳозирга қадар ўттиздан ортиқ ташаббускорларнинг лойиҳалари маъқулланиб, амалга ошириш тадбирлари кўрилмоқда. Ўтган йилда 55 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 1 минг 400 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Беш юзга яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, туманда рақобатбардош, халқаро стандартлар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида янгиликларга қўл урилмоқда. Чунки бугун бозор, харидор топиш жуда мушкул. Айни кунларда туманда 15 та экспортёр корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлиб, 8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Пандемия жуда кўп режаларни ўзгартириб юборди, тадбиркорларни кўплаб масалаларда қийнаб қўйгани рост. Ҳаёт давом этаркан, шунга мослашиш, изланиш керак. Буни яхши тушунган бағдодлик тадбиркорлар  барча имкониятларни ишга солмоқда.

“Marvel invest” масъулияти чекланган жамияти ўз тараққиёт йўлини танлаб олган. Чинни маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада 150 нафар қишлоқ ёшлари меҳнат қилмоқда. Якунланган йилда Тожикис-тон, Қирғизистонга 200 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Корхона бу иш билан тўхтаб қолгани йўқ. Яқинда яна бир лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Жамият томонидан 8 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобига бир гектар майдондаги иссиқхонада гидропоника усулида помидор етиштирилмоқда. Барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Гидропоника усулидаги иссиқхонада Жанубий Кореядан замонавий жиҳозлар келтириб ўрнатилди. Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби чуқур таҳлил орқали аниқланади. Турли минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади.

— Иссиқхонамизда битта мавсумда 200 тоннадан ортиқ помидор етиштиришни кўзда тутганмиз, — дейди жамият раҳбари Нодирбек Давлатов. — Маҳсулотлар Россияга экспорт қилинади. Гидропоника усулида помидор кўчатидан 12 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Ҳозирги кунда 20 та иш ўрни яратилди.

Тадбиркорнинг бу каби ишлари бошқаларга ибратдир. Зеро, туманнинг тошлоқ ери бўлган жой бугун йирик корхонага айланди.

 

Маъсуджон Сулаймонов.

Шерзод Қорабоев олган суратлар.