МУРОДБАХШ ЙИЛ КЕЛДИ ТАШРИФИ ЯНГРОҚ

МУРОДБАХШ ЙИЛ КЕЛДИ ТАШРИФИ ЯНГРОҚ

Қиш фасли. Табиатнинг кумушранг кўзгусида кўнгиллардан тўкилаётган хушнуд сўзлар янада ёрқин кўриниш беради. Қишнинг қирови, қаҳратон қамчисидан титраса-да, қалбидаги қуёш тафти билан исинаётган ижодкор қалами тинмай ёзади, ёзаверади. Оппоқ қоғозлар қиш илҳоми, Янги йил чорловининг  жонли ифодаларига тўлади. Мана, ўша ёш юраклар ёлқинига тўла сатрлар… Фарғоналик ёш ижодкорларнинг таҳририятимизга йўллаган шеърларини сизларга илиндик. 

 

ҚИШ УМИДИ

Қишнинг елкасига бошимни қўйиб

Қаҳратон бағрига сингиб кетсайдим.

Тун бўйи заминнинг юзини ёпган

Минг битта учқунга тенгиб кетсайдим.

 

Заминни буркасам оппоқ либосга

Дил қадар кўчсайди ундаги оқлик.

Менга бир бахтдайин туюлар эди

Муҳаббат ўтида совуқ ёнмоқлик.

 

Шундай ёғаверсам баҳорга қадар

Кумушдай товланса турфа ранг борлиқ.

Озурда жонимга берарди таскин

Сенинг кўзларингда қор мисол борлик.

 

Қанийди булутга ўрнашиб олиб

Хар куни елкангга, сочингга ёғсам.

Ҳеч бўлмаса, эркам, шу қор мисоли

Мен сенга жудаям, жудаям ёқсам.

Ўлмасой НИШОНОВА,

Марғилон шаҳри.

 

КЎНГЛИМ КЎЧАСИНИ

СУПУРАДИ ҚИШ

Кимдир титроғимга босаяпти лаб,

Юрагимни ичиб чанқоқ босар ишқ.

Музлик ҳовлисида қорлардек гуллаб

Кўнглим кўчасини супуради қиш.

 

Кескир ҳайратларни самога илиб

Руҳимда туйғудан тикланар дарахт.

Умримнинг уйига қўнғироқ қилиб:

“Сени севаман!” деб табриклайди Бахт!

 

Онам тасбеҳ санар бахтимни ўйлаб,

Кунлар саломимга ахтарар алик.

Қишнинг қишлоғида қорбўрон ўйнаб

Соғинчдан сирпаниб учар болалик…

 

Партўшак қоқади осмон бағридан,

Кафтларин дуога очиб турар дил.

Пишириқ пишириб қишнинг қоридан

Юрагимда мушшак отар Янги йил!

Абдубанноб МАНСУРОВ,

Марғилон шаҳри.

 

ЎҒЛИМГА

Яна мен кеч қолдим, яна бир ўзинг,

Турибсан дераза олдида ўйчан.

Келар йўлларимга қадалган кўзинг,

Юзларинг соғинчдан қизарган кулча.

 

Ишхона-интизом, тартибдир болам,

Дақиқам ҳисобли, куним саноғда.

Иккита дунёйим қоронғу тортар,

Интизор кутганинг ўйлаган чоғда.

 

Бироқ, ҳаёт шундай заҳмат чекмасак,

Кўксингга қадамас баҳор гулларин.

Юзингни силасам яшнаб кетади,

Меҳнатда ёрилган қадоқ қўлларим.

 

Кун бўйи ўйлайман, чопиб юрасан,

Зиналари кўпда боғча деганнинг.

Ухласанг елкангни ёпдими опанг,

Биларми совуққа юпқа эканинг.

 

Ишдан қайтаяпман сен томон шошиб,

Бу тиғиз кунларда нурар иродам.

— Битта кам, дейсизми чиқишар йўлдан,

Машинани тезроқ ҳайданг биродар.

 

Яна мен кеч қолдим, ўзимдан бурун,

Нигоҳларим шошар сен турган ёққа.

Ҳайдовчи сўкинар рулига уриб,

Ҳозир қаролмайман яшил чироққа.

 

Бағримни тўлдир-чи, келдим полвоним,

Бўйнимни куйдирар олов билагинг.

Онангдан ранжима, онангни тушун,

Қуёшдан тўкилган заррин бўлагим.

Яна мен кеч қолдим, онангни тушун…

Дилшода ЭРГАШЕВА,

Фарғона шаҳри.

 

 

ТАШҚАРИДА ЁҒАР ҚОР…

(оқ шеър)

Ташқарида ёғар қор…

Қалбингда баҳор…

Ўрик гулин тангачалари…

Кўкдан сочилган сочқилар

Бошинг узра тўкилар,

Минглаб, миллионлаб

Орзулар… оппоқ орзулар…

 

Кафтингни тутасан

Қўлингга қўнади оппоқ муҳаббат

Ва эриб кетади бир зумда

Кафтинг тафтидан…

Изларини кўзга суртасан…

Оппоқ қор – оппоқ муҳаббат…

 

Бахтли бўлолди у

Бир он бўлса ҳам.

Кайфият беролди бир муддат.

Бир из қолдиришга арзийди умри,

Жисми житдеккина бўлса ҳам…

Оппоқ қор парчаси – оппоқ кайфият…

 

Табиатнинг сурати сокин

Тўзиб кетган фақат оқ капалаклар.

Қувишиб, қувнашиб юз-у кўзингдан

Ўпич олаётган оқ малакчалар.

 

Қисматлар бир хилда, тақдирлар ўхшаш,

Оппоқ орзулар-ла юраклар туташ…

Абдулла БОҚИЙ,

Тошлоқ тумани.

 

ОТА

Ғамлар дийдорингиз борар аритиб,

Надомат тошлари қалбимни ёрар,

Томчилаб оқмоқда юракдан соғинч.

Меҳрингиз кӯчаси кенгайиб борар.

 

Бардош синиқлари санчилар дилга,

Ота! Изтироблар улғайган эрмак,

Хаста умидларим чиқолмас тилга,

Тунлар тасаллидан тӯқийман эртак.

 

Ҳануз келолмайсиз, бормоғим душвор,

Ота! Меҳрингизга қонгим келади.

Инжу  денгизидан бағримда ғубор…

Бу мунглиғ қисматдан тонгим келади.

 

Чӯлдаги янтоқдан сизни хӯп сурдим,

Дилимда қолмади йиллар бардоши,

Умримни дийдорга улашиб юрдим,

Оҳ, ота! Соғинчим — кӯнгил қардоши.

Дийдор… ғамларимни аритиб юбор!

Дилафрўз ЭШОНҚУЛОВА,

Ўзбекистон жаҳон тиллари университети катта ўқитувчиси.

 

УФҚДА ҚУЁШМАС

ЮРАК ПОРЛАЙДИ

Сўзнинг юки билан юксалади руҳ,

Ишончдан куч олар чалажон қадрим.

Ўзлигимга соя ташлайди андуҳ,

Соғинч уммонида тўлғонар дардим.

 

Музда томир отар менинг юрагим.

Баҳор эркатойи бойчечак бўлиб.

Кўнглимни бир соҳир ишққа белагум,

Аллага интизор келинчак бўлиб.

 

Боладек бағрига чопиб бораман.

Бир ёниқ, бир илиқ дийдор чорлайди.

Уфқига қуёшдек ботиб қоламан,

Уфқда қуёшмас юрак порлайди.

Дилфуза ҚОСИМОВА,

Қўқон шаҳри.

 

МУРОДБАХШ ЙИЛ КЕЛДИ

ТАШРИФИ ЯНГРОҚ

Лаҳзалар ўтади бир-бирин қувиб,

Яна соатлар ҳам қилмайди карам.

Вақт деган ботирнинг сири яширин,

Тўхтамас Ер-осмон ўтинганда ҳам.

 

Бироқ Сен қаддингни кўтаргин, дўстим,

Улғайган   ёшингга кўрсатгил меҳр.

Ўтган умрингни ҳам нишонла, токи —

Янги йил эзгулик дебочасидир.

 

Биз умид қўшиғин куйлаймиз чунон,

Кумушранг кунларда саодат порлоқ.

Соатлар бонг урар, тунлар чароғон,

Муродбахш йил келар ташрифи янгроқ.

 

Янги йил — энг баланд марраларга йўл,

Янги орзуларга бешикдир шаксиз.

Йўргакдаги лўппи юзли боладай,

Эртага истиқбол сари очар юз.

 

Милён йилки, яшил либосда дуркун,

Муаззам арчалар биллур тож кияр.

Рангин ёғдулардай қўнар дилларга

Қадрдон тилаклар, қадрдон ўйлар.

 

Қанча истак бўлса, тила мардона,

Юксак манзилларга йўл солгин абад.

Сен кутган, мен кутган, биз кутган бу йил

Яхшиликлар йили  бўлгуси албат!

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.