“Кейинги вақтда кексалик, хасталик сабаб, жуда кам уйқу бўлиб қолдим. Уйқу қочганда боши-кети йўқ, узуқ-юлуқ ўй-хаёл қалашиб келавераркан. Шунда тунчироқ остида турган дафтарга баъзи тасодифий фикрларни ёзиб қўядиган бўлдим. Дафтаримни “Тундаликлар” деб атадим. Бу “жанр”нинг “кундалик”дан фарқи шуки, унда хронологик тартибдаги воқеалар бўлмайди. Бу гаплар, бири боғдан, бири тоғдан бўлса ҳам, кимнидир фик-ри ё саъй-ҳаракатига туртки бўлиши мумкин. Қолаверса, улар муаллифнинг руҳий ҳолатидан дарак, зеро, биз ҳаммамиз маънавий оламга ҳамиша қандайдир бир тарзда улуш қўшиб яшаймиз”.

Асқад МУХТОР, Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Асқад Мухтор ҳаётининг сўнгги йилларида яратилган “Тундаликлар”и ёзувчи ижодида, адабиётимиз тарихида юз кўрсатган янги “жанр” сифатида алоҳида ўрин тутади. Одам ва олам, ижодкор ва жамият, ақл ва кўнгил муносабатлари, ижоднинг ўзига хос табиати ҳақида баҳс юритилган мазкур чизгилар дастлаб “Тафаккур” журналида, сўнг “Маънавият” нашриёти томонидан алоҳида китоб ҳолида 2005 йилда чоп этилди.

Ёзувчи “Тундаликлар”ини икки дафтарга ажратган. Биринчи дафтар Замаҳшарийнинг “Навобиғал калом” асаридаги “Ортиқча сўздан тилни тиёлмаган одамнинг жилови шайтон қўлидадир” деган сўзларини келтириш билан бошланган. Бу эса қайдлардаги қисқалик ва лўндаликнинг сабабини изоҳлашга хизмат қилган.

“Тундаликлар”даги қайдлар ягона, муштарак ғоявий-фалсафий йўналишга эга бўлмаса-да, ўқувчини одам ва олам бағридаги сир-синоат, мўъжизалардан огоҳ этади, теран ўй-хаёлларга чорлайди. Уларда ёзувчининг бедор қалби, уйғоқ тафаккури, туғёнли ва долғали кечинмалари барқ уриб туради.

Китобда ёзувчи яшаб ўтган давр муаммолари, унинг ижодкор қалбидаги оғриқлари яққол намоён бўлади. Масалан, шўро ҳукуматининг бир ёқлама, мафкуравий тазйиқ ва ёлғонларга асосланган сиёсатини Асқад Мухтор мансуб бўлган авлод вакиллари доимо ҳис қилиб яшадилар. Ёзувчи бу ҳақда қуйидагиларни қайд этади: “Сизиф афсонасини биласиз, “абадий харсанг”ни ҳам биласиз. Менинг авлодим ўша харсангни 70 йил давомида “чўққи”да юмалатди. Ичимда нола бор”.

“Тундаликлар”да Шарқ адабиётининг беқиёслигини, унинг Ғарб адабиёти тараққиётига таъсирини ёзувчи алоҳида асослайди: “Биз Шарқ адабиётининг Ғарбга, айниқса, мумтоз шеъриятга таъсири ҳақида қандайдир тор, пароканда бир тарзда фикр юритамиз. Тўғри, кўп номлар, асарлар, қиёслашлар (“Лайли ва Мажнун” – “Ромео ва Жульетта”) бизга маълум: Гюгонинг “Шарқ тароналари”, Ҳётенинг “Шарқ девони”, Байроннинг шарқона достонлари, Адам Минцкевичнинг “Қрим сонетлари”, Пушкиннинг “Қуръондан иқтибос”, “Боғчасарой фаввораси” асарлари, Сергей Есениннинг “Форс тароналари” туркуми, Михаил Лермонтовнинг Кавказ достонлари, Ҳофиз, Саъдий, Фирдавсий, Жомий, Навоий ва бошқа улуғ зотларга кўплаб бағишловлар, тақлидлар… Шарқ даҳосининг сеҳри нимада эканини анг-лаш учун ушбу ҳодисани кенг миқёсда адабий оқим ва усулларнинг ҳаракат жараёнида тадқиқ этиш керак. Шарқ шеърияти – муҳаббат ва меҳр тўла, гўзал ва ҳассос, юксак бадиий рамз ва ташбеҳларга бой, эркин, инсоний, теран фалсафий, анъанавий романтик шеърият. Қадимдан шундай. У асрлар давомида Ғарб адабиётининг романтик руҳини бир неча бор қутқариб қолди”.

Мутафаккир ва даҳоларга хос жиҳатлар ҳақида тўхталаркан, “Даҳолар ўз касблари доирасидан чиқиб кетадилар. Фалончи – шоир, фалончи олим, аммо Навоий – Навоийдир, Эйнштейн — Эйнштейн” дея таъкидлайди. Айрим тарихий шахсларнинг жамият тараққиётидаги муҳим ўрнини чуқур англаган, уларнинг ўзаро учрашувларида қонуният борлиги, оддий туюлган суҳбатларни ҳам авлодларга ибрат бўлувчи унутилмас ҳодисага айланиб қолишини ёзувчи қуйидагича ифодалайди: “Амир Темур Ҳофиз Шерозий билан учрашганда шоирнинг машҳур мисраларини эсга олиб: “Ҳали сенмисан, жононнинг бир холига Самарқанду Бухорони бағишлаб юборган?!” – деб дарғазаб бўлганмиш,  деган гаплар юради. Бу – ақлга сиғмайдиган уйдирма. Аслида бу аввалига дўстона ҳазил-мутойибадан бошланган жиддий суҳбат бўлган. Бу ўша шоирнинг дастлабки жавобидан ҳам кўриниб турибди: “Саховат, тақсир, азбаройи сахийлигимиздан шундай юпун бўлиб ўтирибмизда!..” Ваҳоланки, шоир оддий хаттотлик билан кун кўрган.

Ҳофизнинг Амир Темур билан учрашуви бежиз эмасди. Машҳур шерозлик шоир унча-мунча ҳукмдорлар билан учрашавермаган. Ҳатто Бағдод султони Аҳмад Жалойир, Бенгал султони Ғиёсиддин, султон Маҳмуд Баҳманий ва бошқа ҳукмдорларнинг  таклифларини рад этган. У буюк лирик шоир бўлиш билан бирга, бевосита ижтимоий мавзуларда фожиа, аламли асарлари билан ҳам машҳур бўлган. Табиийки, шуҳратли шоирнинг бу жиҳати ҳам Соҳибқиронни қизиқтирган. Шунинг учун профессор А.Арберри “Мумтоз форс адабиёти” китобида бундай дейди: “Бу икки буюк шахснинг учрашуви адабиётдагина эмас, тарихда ҳам жуда муҳим воқеа эди”.

Мухтасар қилиб айтганда, Асқад Мухтор “Тундаликлар”ида бадиий-эстетик қарашлар даврнинг долзарб муаммолари билан уйғунликда юз кўрсатиб, асар таъсирчанлигини, жозибадорлигини таъминлаган. “Тундаликлар”дан жой олган ушбу қайдлар фикрларга ўзига хос туртки беради, ўқувчини тафаккурга чорлайди.

Ўтган йили миллий адабиётимиз равнақи учун яшаган ва уни бир неча поғона юксакликка кўтарган ёзувчи таваллудининг юз йиллиги нишонланди. “Тундаликлар” ёзувчининг «Дарёлар туташган жойда», «Опа-сингиллар», «Туғилиш», «Давр менинг тақдиримда», «Чинор», «Бўронларда бордек ҳаловат» сингари  ўнлаб асарлари сингари алоҳида қадр касб этаётгани адиб ижодининг халқ қалби билан муштарак-лигини англатади.

Акбарали САБИРДИНОВ,

филология фанлари доктори.