ЯНГИ УЙГА ЯНГИ ОРЗУЛАР БИЛАН

ЯНГИ УЙГА  ЯНГИ ОРЗУЛАР  БИЛАН

Учкўприк тумани “Муллазоир” массивида 120 та хонадондан иборат кўп қаватли замонавий уйларнинг калитлари ўз эгаларига тантанали топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида бунёд этилиб, аҳолига 20 йиллик имтиёзли кредитлар асосида берилаётган уй-жойлар вилоятимизда халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг амалий ифодаси бўлди.

Фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг 72 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар, 10 таси мамлакатимиз ҳаётида алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар, 12 таси меҳнат мигрантлари, оғир ижтимоий вазият-га тушиб қолган аёллар, шунингдек, ногирон ва меҳнат фаолияти чекланган фуқаролар учун ажратилди.

Янги уйнинг қурилиш ишлари “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси буюртмасига асосан бир нечта пудрат ташкилотлари томонидан 17,7 млрд. сўм маблағ ҳисобига амалга оширилди.

0,5 км. ичимлик суви,  0,8 км. электр, 0,66 км. табиий газ тармоқлари, 0,6 км. ички йўллар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Янги, шинам ва қулай уй соҳибига айланган, унга янги орзулар билан қадам қўйган юртдошларимиз шодлигининг чеки йўқ.

Дилшода ЭРГАШЕВА.