ЛОҒОНДА ҚЎШМА КОРХОНА

ЛОҒОНДА ҚЎШМА  КОРХОНА

Янги йил байрами арафасида Фарғона туманининг Лоғон қишлоғида “Баҳодир Лоғон текстил” қўшма корхонаси очилди.

Янги  корхонада  450 нафар аҳоли меҳнат фаолиятини бошлади.

Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров иштирок этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар энг чекка ҳудудларда ҳам саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Вилоят раҳбари янги корхона имкониятлари, ишчи-хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар  билан  танишди. 62 миллион доллар сармоя киритилган корхонада ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маҳсулотлар  Хитой, Туркия, Россия каби хорижий давлатларга экспорт қилинади.

Корхона бир йилда 18 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш имкониятига эга.  Пахта хом ашёси кластер таркибидаги Фарғона, Қува, Ёзёвон туманлари фермер хўжаликларидан келтирилади.

Шунингдек, Хайрулло Бозоров ҳудуддаги “Vodiy shoes” МЧЖ қўшма корхонаси фао-
лиятини ҳам кўздан кечирди.

Қўшма корхонада эркак ва аёллар, болалар учун бежирим, сифатли пойабзаллар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар асосан маҳаллий хом ашёдан тайёрланади. Бу ерда 150 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланган. Бир кунда 2,5 минг жуфт пойабзал истеъмол бозорига чиқарилади.

Вилоят раҳбари корхоналар фаолияти, келгусидаги режалар, янги лойиҳалар билан яқиндан танишар экан, уларнинг саноат салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш, экспортни кўпайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Тадбир сўнгида вилоятда  илғор кластерлар сафидан ўрин олган  “Фергана осеана текс” кластери меҳнат жамоасига  пахта йиғим теримида фаол иштирок этганлиги ва шартнома режасини ортиғи билан бажарганлиги учун  қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.

Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.