БУЮК ИШЛАРГА ДАЪВАТ ЭТМОҚДА

БУЮК ИШЛАРГА ДАЪВАТ  ЭТМОҚДА

Юртимизда биринчи бор ўтказилган Ўзбекистон  ёшлари форумида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  сермазмун нутқини тинглаб, кўнглим фахр-ифтихорга тўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган муҳим фикрлар, хусусан, иқтидорли талабалар учун Президент гранти таъсис этилиши, республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендияларининг жорий қилиниши, икки ва ундан ортиқ фарзандини шартнома асосида ўқитаётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилиши борасида айтган таклифларидан жуда қувондик.  Ёшларни  қўллаб-қувватлашга  қаратилган лойиҳалар, уларни  иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш бўйича илгари сурган ғоялар бизни янги мақсадлар сари даъват этди.

Хусусан,  “Ёшлар: 1+1”, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор”, “Ёшлар кичик саноат зоналари”, “Лойиҳалар фабрикаси”, “Ёшлар техно-
парклари”, “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси жорий этиш борасидаги янги ташаббуслар ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек,  ёшларни уй-жой билан таъминлаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилани мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш каби долзарб масалаларга бўлган эътибор ёшлар камолотида ўзига хос ўрин тутади.

Истеъдодли болаларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш, ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий етук бўлиб улғайиши, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ҳарбий-ватанпарварлик ғояларини  тарғиб этиш  борасида олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Президентимизнинг “Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!”- дея ёшларга қарата айтган сўзларидан  ҳамма қатори мен ҳам тўлқинландим.

Машҳурабону Абдурауфова,

ФарДу талабаси.