Учинчи Ренессанс пойдевори яратилади

Учинчи Ренессанс  пойдевори яратилади

Жорий йилнинг 18-25 декабрь кунлари республикамиз бўйлаб ўтказилган ёшлар форуми Янги Ўзбекистоннинг янги авлоди камолга етиши, уларнинг ҳаётда ва жамиятда муҳим ўрин эгаллаши, янги ташаббуслар, янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилгани билан ёдда қоларли бўлди.

Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол тарбиялаш, уларнинг мустақил ҳаётга дадил қадам қўйишларига шароит яратиш, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, замонавий ахборот технологиялари саводхонлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш каби долзарб вазифаларни ўз ичига олган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш мақсадида  ташкил этилган Фарғона ёшлар фестивалининг якуний босқичи вилоят Театр-концерт саройида ўтказилди.

Унда вилоятимизнинг ташаббус-кор ва тадбиркор, фаол ҳамда иқтидорли ёшлари иштирок этишди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров фарғоналик ёшларни мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган ёшлар анжумани билан самимий қутлади:

— Сиз — жамиятимизнинг олтин захираси бўлган ёшлар билан тарихий кунларда кўришиб турибмиз, — деди Хайрулло Бозоров ўз мурожаатида. – Эътироф этиш керакки, бугун ислоҳотлар кириб бормаган, ёшлар жалб этилмаган бирор бир соҳа йўқ. Мамлакатимизда илк бор ёшлар тўғрисидаги Қонуннинг қабул қилиниши, ўтган 4 йил давомида 70 га яқин қарор ва фармойишларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам  навқирон авлоднинг эртанги истиқболига қаратилган улкан эътиборнинг ифодаси бўла олади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев видеоселектор тарзида ўтказилган “Ўзбекистон ёшлари форуми”нинг 30 мингдан ортиқ иштирокчилари, улар орқали юртимиз ёшларига қарата “Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман. Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, азму шижоатингизга суянамиз” дея мурожаат қилди. Дарҳақиқат, янги 2021 йилдан мамлакатимизда, шу жумладан, вилоятимизда ҳам  Учинчи Ренессанс пойдевори яратилади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, уни сизлар яратишингизга ишонамиз. Вилоятимизда ёшлар вакиллари билан доимий мулоқотлар ўтказишнинг йўлга қўйилгани ҳам бу борадаги дастлабки қадамлар бўлиб хизмат қилмоқда.

Форумда ёшларнинг маънавияти, ахлоқий маданиятини юксалтириш, уларнинг илм-фан, таълим, адабиёт, спорт, тадбиркорлик соҳаларидаги ютуқлари билан 2021 йил – Фарғона ёшлари йили бўлишига умид билдирилди.

Вилоятнинг бир гуруҳ фаол ва ташаббускор ёшларига вилоят ҳокимлигининг Ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Таниқли санъаткор ва ёш ижрочилар томонидан намойиш этилган маданий дастур ёшлар байрамига янада  жўшқин кайфият улашди.

 

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.