ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ СЕССИЯСИ

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ СЕССИЯСИ

Шу йилнинг 28 декабрь куни вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимлиги, тегишли бўлим ва бошқармалар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, шаҳар-туман студияларида маҳаллий Кенгашлар депутатлари, секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари қатнашди.

Сессия кун тартибига киритилган масала – Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йилги асосий кўрсаткичлари тўғрисида вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Восилжон Назаровнинг маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек, “2021 йил учун Ўзбекистон Респуб-ликасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, 2021 йилда халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллий бюджетларни бошқаришда ваколатлари кенгайтирилди. Хусусан, маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайиши таъминланди.

“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга кўра, 2021 йилги Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг даромадлари 2 трлн. 904,9 млрд. сўм ва харажатлари 3 трлн. 815 млрд. сўм миқдорида белгиланмоқда.

Вилоят маҳаллий бюджети даромадларининг 2021 йилдаги асосий прогноз кўрсаткичлари ва бу борада белгиланган устувор вазифалар йиғилиш қатнашчилари иштирокида кенг муҳокама этилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Расулжон Мирзааҳмедов, Манзура Салимова, Рисолат Мамажонова, шунингдек, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдуз Хўжаева, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Маъсудхон Маматхонов, “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов, ҳудудий студиядан Бешариқ туман ҳокими Расулжон Жўраевлар кун тартибига киритилган масала бўйича амалий таклиф ва тавсиялар бердилар.

Сессияда кун тартибига киритилган масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.