Давлат мукофотлари тантанали топширилди

Давлат мукофотлари тантанали топширилди

Президентимиз фармонларига мувофиқ, эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашиш, коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишда ўз бурчига содиқ қолиб, мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқимиз фаровонлигини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларидаги ибратли фаолияти, бетакрор истеъдоди ва илмий салоҳияти билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари — фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Улар қаторида вилоятимиздан ҳам турли соҳа вакиллари, фахрийлар ва ёшлар бор.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши биносида ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тантанали тадбирни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров кириш сўзи билан очди ва мукофотлар соҳибларини халқимиз,  Президентимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди. Маросимда юксак давлат мукофотларини тантанали топширди.

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар камтарона меҳнатларини юқори баҳолаб, давлатимизнинг юксак мукофотларига муносиб кўргани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

— Пандемия даврида давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизимига катта эътибор қаратилди, — дейди Фарғона туманидаги “Шоҳимардонобод” ҚВП мудири Маҳбубахон Сотволдиева. — Айниқса, биз шифокорларни доимо қўллаб-қувватлагани ғайрат ва куч бағишлади. Бу касаллик жиловланишига эришилди. Бир қатор ҳамкасблар қаторида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвонига лойиқ кўрилганим менга фахр бағишламоқда. Албатта, бу ишонч ва юксак масъулиятдир.

 

М. Сулаймонов.

М. Қодиров олган сурат.