”COVID – 19”: НИҚОБНИ ТАШЛАШГА ШОШИЛМАНГ!

”COVID – 19”: НИҚОБНИ ТАШЛАШГА ШОШИЛМАНГ!

Дунё олимлари, хусусан, республикамиз шифокор мутахассислари тадқиқотига кўра, коронавирус иссиқ ёки совуқ ҳавода нобуд бўлмаслиги деярли тасдиқланди. Яъни, ҳаво ҳарорати қанчалик совуқ бўлса, вируснинг яшаш имконияти кучайиши кузатилган. Шунинг учун ниқоб ва қўлқопларни белгиланган қоидага риоя қилган ҳолда тақиб юриш, ижтимоий масофани сақлаш, доимий равишда қўлларни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш талаб этилмоқда.

Бундан ташқари, фуқаро-ларимизга эслатиб ўтмоқ-чимизки, кўча-кўйдан уйга қайтганда кийилган устки кийимларни даҳлизда қолдиринг, қўлларни узоқ муддат совунлаб ювинг, юз-кўзларни, томоқ-бурунларни иссиқроқ сувда камида уч марта чайиб ташланг. Шу тариқа, уйин-гизга вирус кирмаслигининг олдини олган бўласиз.

Сўнгги вақтда коронавирус туфайли жаҳонда карантин чекловларининг амал қилиш муддати узайтириб борилаётганлиги, айрим Европа мамлакатларида коронавируснинг янги варианти билан боғлиқ вазият назорат остидан чиққанлиги, шунингдек, янги   2021 йил кириб келаётганлиги инобатга олиниб, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, вазирлик, идоралар, корхоналар ва бошқа ташкилотларга турли хил корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасаларида тарбияланувчилар, ўқувчилар ва талабалар иштирокида ёпиқ биноларда турли байрам тадбирлари ва кечаларини ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланди ҳамда фуқароларга Янги йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш тавсия этилди.

Сиз касал эмасман ёки бу касалликдан тузалганман, ниқоб тақмасам ҳам бўлади, дейишга шошилманг. Боиси, касалликнинг яширин даврида вирус аломатларини сезмаслигингиз ва уни тарқатувчи бўлишингиз мумкин.

Агар эътибор берсангиз, баъзи шахслар ниқобни юзининг ияк қисмига тушириб олади, баъзилари эса ҳимоя воситасини чўнтагига солиб қўйганига гувоҳ бўласиз. Айниқса, жамоат жойларида, йирик мажмуаларда  савдо-сотиқ билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлар ниқоб тақишни “унутиб қўйишмоқда”. Эсдан чиқармаслик керак, ниқоб оғиз-бурунни тўлиқ ёпмаса, унинг ички қисмига вируслар ўрнашиб олади ва инсоннинг коронавирусдан  зарарланиш эҳтимоли ортади.

“COVID-19” инфекцияси тарқалиши дунё миқёсида ҳали-ҳануз катта муаммо бўлиб қолмоқда. Ўтган фурсат давомида бу инфекциядан сақланишнинг биринчи йўли шахсий гигиенага ва карантин қоидаларига риоя қилиш экани маълум бўлди. Мазкур қоидаларнинг биринчи талаби эса ниқоб тақиб юриш ҳисобланади. Коронавирус хавфи мавжуд экан, ниқобни ташлашга шошилманг!

Аҳмаджон ЯКУБОВ,

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи.