ТАДБИРКОРСИЗ ФАЙЗИ ЙЎҚ ВА АБГОР БИНОЛАР…

ТАДБИРКОРСИЗ ФАЙЗИ ЙЎҚ ВА АБГОР БИНОЛАР…

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси” ДУКнинг “Қувасой” кичик саноат зонаси 2018 йили 11,8 гектар майдонда ташкил этилган бўлиб, “Қувасой чинни заводи” ўрнида фаолият бошлаган ва бугунги кунга қадар 12 та лойиҳа доирасида 1022 та янги иш ўрни яратилди.

 

Аммо аксарият кўп қаватли бинолар тадбиркорлар жалб этилиб, самарали фойдаланилмаётгани туфайли қаровсиз ва ташландиқ ҳолатда ҳувиллаб ётибди. Ваҳоланки, саноат зонасида муҳандислик-коммуникация тармоқлари, табиий газ ва электр энергияси масаласида муаммо йўқ.

— Айни пайтда ҳудудда бор-йўғи 4 та лойиҳа ишлаяпти, унинг доирасида 300-350 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган, — дейди “Қувасой” кичик саноат зонаси мутахассиси Баҳодир Парпибоев. — Боиси яхши ният билан иш бошлаган кўплаб тадбиркорлар кетиб қолмоқда.

Шунинг учун ҳам бу ерда жойлашган бўш бинолар ўтган икки йил давомида бир неча маротаба қўлдан-қўлга ўтди. Фойдаланишга жой олиб қўйиб, умуман келмаётган тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Баъзилари бизнес-лойиҳани тўлиқ амалга оширмай ташлаб кетган бўлса, айрим тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозорда ўз харидорини топа олмади.

Ҳозирги кунда омборларда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар харидорини кутиб ётган бўлса, кичик цехларда ишлаб чиқарилаётган айрим маҳсулотлар ҳам рақобатдош бўлолмайди. Чунки маҳсулот сифати, кўриниши бугунги харидор дидига мос эмас. Шу боис бу каби саноат зоналарига тадбиркорларни жойлаштиришда масаланинг бозор талаблари жиҳатларига ҳам эътибор қаратиш керак. Эскирган услубда ишлаш, кўр-кўрона иш ўринлари яратиш билан мақсадга эришиш қийин.

Албатта, “Қувасой” кичик саноат зонасида амалга оширилган муваффақиятли лойиҳалар ҳам бор. “Quvasoy Universal Best Textile Group” МЧЖ томонидан Хитой, Туркия технологиялари асосида 60 турдаги кийим-кечаклар тайёрланиб, асосан Россияга экспорт қилинмоқда. Корхонада 200 нафар қувасойлик хотин-қизлар иш билан таъминланган бўлиб, менежмент ва маркетинг ишларини ривожлантириш мақсадида Туркиядан уч нафар малакали тадбиркорлар ҳам жалб этилган.

Тадбиркор Дилмурод Аҳмедов бизнес-режасига кўра, хитойлик ҳамкорлар кўмагида қурилиш материаллари учун қўшимча хом ашё ишлаб чиқарилмоқда. Аммо хитойлик тадбиркорлар билан амалга оширилган бир неча лойиҳалар кутилган натижани бермади. Шу сабабли тадбиркорлик лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишда жаҳон бозоридаги талаб ва таклифни жиддий ўрганиш, илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоялардан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров Қувасой шаҳрида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишиб, кичик саноат зонасидаги ачинарли ҳолатни кескин танқид қилди.

— Эсиз бинолар! – деди вилоят раҳбари фойдаланилмай, нураб ётган кўчмас мулкларни кўздан кечириб. — Бу бинолардан оқилона фойдаланилганда қўшимча яна минглаб иш ўринлари яратиш мумкин эди. Афсуски, шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари “Қувасой” кичик саноат зонасига тадбиркорларни жалб этиш борасида йиллар мобайнида сусткашлик қилиб келган.

Ташаббус йўқ жойда тадбиркорлик ривожланмайди. “Қувасой” кичик саноат зонаси фаолиятини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш учун эса тадбиркорларни кенг жалб этиш, истиқболли бизнес-лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилиш зарур. Акс ҳолда, бу бинолар эгаси йўқ уйдек – кўримсиз ва абгор ҳолда тутдек тўкилаверади!..

 

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.