ЧАПАҚАЙЛАР ДАҲО…МИ?!

ЧАПАҚАЙЛАР ДАҲО…МИ?!

Чап қўлда ёзадиган ёки асосий юмушларни чап қўл орқали бажарадиган инсоннинг ҳаракатлари ғалати туюлганми ҳеч?

Эҳтимол, ўзингиз ёки энг яқин дўстингиз, оила аъзоларингиздан бири чапақайдир. Нега чапақай инсонларга атрофидагилар ҳайрат кўзи билан қарашади? Негаки кўпчиликнинг фикрича, юмушларни чап қўл ёрдамида бажариш мураккаб ва бунда улар қийинчиликка учрашади.

Атрофимиздаги инсонларни кузатганимизда шунга амин бўламизки, баъзилар кундалик ишларни чап қўлда бажаришади-ю, бироқ ўнг қўлда ёзишади, баъзилар эса ёзувни чап қўлда ёзса-да, қолган юмушларни бажаришда ўнг қўлдан фойдаланади. Биринчи ҳолат чапақайлик ҳисобланади, иккинчиси эса ёзиш қобилияти чап қўлга берилгани билан изоҳланади. Чапақайликни бола уч-беш ёшдалигида унинг хатти-ҳаракатларини кузатган ҳолда аниқласа бўлади. Хўш, чапақай боланинг ҳаракатларини тузатса бўладими? Умуман олганда, бунинг бола психологиясига таъсири қандай?

Болалигимда чап қўлда қоғоз қоралаётганимни кўрганларнинг аксарияти “Вой, чап қўлда ёзяпсанми?” дея ҳайратланишарди. Бу сўзларни бирон марта салбий қабул қилмаганман, негаки эсимни таниганимдан бери ота-онам ўнг қўлда ёзишимга мажбурламаган, аксинча бу ноёб қобилият ҳаммага ҳам берилмаслигини уқтиришган.

Психологларнинг таъкидлашича, чап қўлда ёзадиган болани ўнг қўлда ёзишга мажбурлаш салбий оқибатларга олиб келар экан.

— Ота-оналарнинг чапақай фарзандларини таълим жараёнида ўнг қўлини ишлатишга мажбур қилишлари ва ўқитувчиларни ҳам бунга ундашлари болаларнинг руҳиятида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Ўйлаб кўринг, сиз ўнг қўлда ёзасиз-у, бироқ кимдир сизни мажбурлаб чап қўлда ёздирмоқчи. Қани, буни уддалай оласизми? Қанчалик қийинчилик туғдиради бу ҳолат? Буни бола психологиясига буриб таҳлил қиладиган бўлсак, бу унинг ўқиши, психологияси, ўзига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатади, — дейди психолог Гулруҳ Ғуломова.

Бундан тўрт йил олдин қишлоқдаги келинойим уйимизга келганди, гап энди мактабга бораётган ўғлига бориб тақалди. У  ўғлининг мактабда ўқиши қийин кечаётгани, дарс тайёрлаш чоғи ҳар гал йиғлаб уй вазифаларини бажаришини айтиб қолди. Бунинг сабабини сўраганимда, чап қўлда ёзаётганини кўрган бобом уни ўнг қўлда ёзишга мажбурлаган, ҳаттоки жазо чоралари ҳам қўллаган.  Жиянимнинг ўқитувчиси ҳам мактабда чапақай ўқувчиларни ўнг қўлда ёзишга ўргатиш учун астойдил ҳаракат қилар экан.

Шу воқеага тўрт йил бўлди. Ўқишини сўраганимда, унинг тортинчоқ эканини, доскага чиққанда “ўзини йўқотиб қўйиши”, дарсларни ўзлаштиришга қийналишини айтишди, ҳуснихати ҳам талаб даражасида эмас. Мана, қийноқлар, жазолар натижаси…

Чап қўли орқали бетакрор расмлар чизган рассомлар, қуйма сатрлар битган шоир-у ёзувчилар, мусиқа ноталарини яратган бастакорлар-у олимлар, спортчиларни бугун бутун дунё тан олган.

Чап қўллар инсониятга Леонардо да Винчи, Эйнштейн, Чарли Чаплин, Пушкин каби даҳоларни берган. Тажрибаларнинг кўрсатишича, чапақай болани биринчи синфга келганида ўнг қўлга ўргатиш вазиятни янада қийинлаштиради. Шунинг учун ҳам имкон қадар чап қўлда ёзадиган болани ўнг қўлга ўргатмаган маъқул. Бу болада табиий жараённи тушунмаслик ва уни илм ўрганишдан безиши, жамиятдан четлашишига олиб келиши мумкин. Акс ҳолда, келажакда бастакорлар, рассомлар, ижодкорлар, математиклар, машҳур футболчи ва баскетболчилар етишиб чиқишига тўсқинлик қилишингиз мумкин.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.