Ташқи меҳнат миграцияси: Тил ва ҳунар ўрганиб…

Ташқи меҳнат миграцияси: Тил ва ҳунар ўрганиб…

Умумтаълим мактабини тамомлаган Бунёд жўяли иш тополмади. Бирон бир касб-ҳунар этагидан тутмаган  йигит кундалик юмушларни бажариш билан андармон бўларди.

Танишларидан Россия-да даромадли иш борлигини эшитиб қолди. Яқинларининг қаршилигига қарамай йўлга отланди. Афсуски, хато қилганлигини кеч тушунди. Тил билмаслик, қўлида ҳунар йўқ  йигит  нима иш қиларини билмай сарсон бўлди. Ўзидан ортиниб уйга пул жўнатишга имкон топа олмасди. Ёғочни қайта ишлаш корхонасига ишга кирди. Аммо техника ва механизмларни бошқариш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш талабларини билмасди.  Кунларнинг бирида юз берган воқеа уни бир умрга ногирон қилиб қўйди…

Шифохонада даволаниш харажатлари ҳам яқинларнинг ёрдамида амалга  оширилди. Чунки иш берувчи  билан  қонуний меҳнат шарт-номаси тузилмагани боис тиббий хизмат харажатларини қоплашдан бош тортди, ногиронлик нафақаси ҳам  тайинланмади.

Яқинда у билан ногоҳон учрашиб қолдим. Ўйчан, маҳзун нигоҳлар ортида оғриқ, алам кўз ёшлари яширингандек. Унинг қалби  орзу ҳавасларга лиммо-лим эди. Ҳаётнинг ширин дамларига тўйинмаган йигит қисматига ачиндим…

— Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят  филиали  директори Отабек Атабоев. — Хорижда иш берувчилар билан  видеоконференц алоқа орқали мулоқот қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Шу кунга қадар Россия Федерацияси Москва  вилоятида фаолият  кўрсатаётган “Пик-индустрия” МЖЧ қурилиш  компанияси мутахассислари суҳбатидан ўтган  210 нафар фуқаролар аниқ иш ҳақи ва кафолатланган ижтимоий ҳимоя асосида ишга жўнатилди.  Шунингдек, “Росдорстрой” МЖЧ билан келишувларга кўра  300 нафарга яқин бульдозерчи, кранчи ва самосвал ҳайдовчилари бўйича вакансияларга буюртмалар беришди.  “Вологодское мороженное” корхонаси 30 нафар, “Вологодский подшипниковый завод” 150 нафар фуқароларимизни ётоқхона билан таъминланган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиб, кейинчалик  иш билан таъминлаш таклифини билдирган. Бу каби амалий таклифлар  кўп. Айни кунда Фарғона шаҳридаги мономарказ биносида вақтинчалик меҳнат миграциясига кетаётган,  рус тилини ўрганиш истагида бўлганлар учун ўқув машғулотлари ўтказиш йўлга қўйилган. Машғулотлар Россия халқлар дўстлиги университети  тест маркази мутахассислари томонидан ўтказилиб, ўқув курсини битирганларга сертификатлар берилади.

Президентимизнинг  “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида  меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

— Фарғона саноат касб-ҳунар коллежи негизида ишсиз аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилди, — дейди  Бандлик  бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ҳомидов. — Бу ерда  16 та касб ва хорижий тилларга ўқитиш орқали маҳаллий ҳамда хорижий иш берувчиларнинг талаб-ларига мос малакали мутахассислар  тайёрланади. Бундан ташқари, Фарғона тумани компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 8 та касб ва хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган “Фарғона тумани касб-ҳунарга ўқитиш маркази” фойдаланишга топширилди. Бу ерда  500 нафардан  ортиқ ишсиз фуқаролар   касбга ўқитиш курсларига жалб этилган. Айниқса, хотин- қизларни касб-ҳунар эгаллашига қулайликлар яратиш мақсадида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан  11 та ҳудудда  “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани”ларига қўшимча тарзда яна  6 та ҳудудда “Ишга марҳамат” мономарказлари филиаллар ташкил этилиб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан керакли  жиҳозлар етказиб берилди.

— Ўттиз беш ёшдаман, — дейди Учкўприк туманидаги Калхат  қишлоғидан келган Баҳромжон Тошпўлатов. — Россияга ишга борсам, қўлимда ҳунарим йўқлиги, рус тилида сўзлаша олмаслигим сабабли  дуч келган юмушларни бажариб келардим. Жуда кўп қийинчиликларни бошдан ўтказдим.  Топиш-тутиш, ётиб-туришда ҳаловат йўқ. Мукаммал касб-ҳунар эгаси бўлмай  туриб ўзга юртда ишлаш қанчалик оғир эканлигини ўз ҳаётимда кўрдим. “Ишга марҳамат” мономарказида рус тилини ўрганиш ва пайвандлаш йўналишида касб эгаси бўлиш учун белгиланган машғулотларда қатнашяпман. Энди қаерга бориб ишласам  ҳам ўз  касбим бўйича меҳнат қиламан.

Айни кунда  вилоятдаги   22 та касб-ҳунар мактаблари, 7 та техникум ва 5 та коллежлар ўқув базасида  таълим жараёнига халақит бермаган ҳолда ишсиз фуқаролар ва меҳнат мигрантларини қисқа муддатли касб-ҳунарга ўргатиш курслари ташкил этилди. Бу  йил давомида  15000 нафарга яқин ишсиз ва хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни қисқа муддатли ўқув курсларига қамраб олиш ва касб эгаллашларига кўмаклашади. 2021 йилда Корея Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги офиси томонидан Фарғона шаҳрида “Касбий таълим маркази ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилади.

 

 Расулжон Камолов.