Тадбиркор давлат хизматини кўрсатади

Тадбиркор давлат хизматини кўрсатади

Юртимизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, самарали рақобат муҳитни шакллантириш ҳамда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ҳаётбахш ислоҳотлар татбиқ этилаётир. Лекин давлат томонидан алоҳида соҳаларни ортиқча тартибга солиш ҳолатлари ҳанузгача мавжудлиги хусусий секторнинг давлат функцияларини амалга оширишдаги иштироки даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Жумладан, давлат функцияларини хусусий секторга бериш имкониятини ўрганишга ҳамда мазкур йўналишда тегишли шарт-шароитларни яратишга кўмаклашувчи тизимнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари томонидан ушбу масалаларга эътибор қаратилмаётганлигига олиб келаётган эди. Эндиликда бунга барҳам берилди.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан жорий йил 7 декабрда қабул қилинган “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”га қарор бу борада муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди.

Бозор шароитида рақобатни янада ривожлантириш, тадбиркорликнинг янги йўналишлари тараққиётига қўшимча имкониятлар яратиш, фуқароларнинг ишчанлик фаоллигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ “Давлат функциялари – бизнес учун имконият” лойиҳаси амалиётга жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан давлат бошқаруви соҳасига хусусий секторни жалб қилишнинг дастлабки йўналишлари этиб: давлат функцияларини аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ва бошқа усуллар орқали босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш ҳамда давлат бошқаруви соҳасида амалда мавжуд имкониятларни кенгайтириш белгиланди.

Эндиликда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, давлат хизматлари марказлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этишга рухсат берилмоқда.

Қарор билан Давлат хизматлари агентлиги агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг ягона электрон реестрини шакллантиради ва юритади;

фуқаролар учун ягона электрон реестр орқали ўзига қулай агентларни танлаб олиш имконияти яратилади;

агент хизматлари учун фуқаролар томонидан алоҳида тўлов амалга оширилади, бунда нархлар тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида хизматлар кўрсатилиши тақиқланган давлат хизматлари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

“Давлат функциялари – бизнес учун имконият” лойиҳаси доирасида давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари штат бирликларининг мақбуллашти-рилган қисми ҳисобидан 8 та штат бирлигидан иборат Хусусий секторни таҳлил қилиш ва ривожлантириш бошқармаси ташкил этилди ҳамда унинг вазифалари тасдиқланди.

Бошқарманинг вазифалари этиб “Давлат функциялари – бизнес учун имконият” лойиҳаси ва давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш, вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, хусусий секторга ўтказилиши так-лиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокамадан ўтказиш учун электрон майдонча фаолиятини юритиб бориш, хусусий секторга берилиши мумкин бўлган давлат функциялари таҳлилини олиб бориш ва ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўрилиши юзасидан таклифлар тайёрлаш белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарорнинг қабул қилиниши бозор шароитида рақобатни, тадбиркорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга қўшимча имкониятлар яратиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга, давлат бюджети харажатларини мақбуллаштириш каби бир қатор ислоҳотлар йўлида хизмат қилади.

 

Раҳматилло КАМОЛОВ,

ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати.