МАҲАЛЛА РАИСИ ИСЛОҲОТЧИ БЎЛСА

МАҲАЛЛА РАИСИ ИСЛОҲОТЧИ БЎЛСА

Вилоят ҳокимлиги кичик мажлислар залида   маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев иштирокида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, ички ишлар, солиқ бошқармалари, Марказий банк, вилоят прокуратураси раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди, туман-шаҳар ҳокимлари бошчилигидаги масъуллар ҳудудлардаги студияларда онлайн кузатишди.

Йиғилиш кун тартибидаги масала — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида маҳалла тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида берган топшириқ ва кўрсатмаларидан келиб чиқиб, Фарғона вилоятида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиевнинг маърузаси тингланди.

— Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳаллалардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг янги тизимини яратишда Хоразм тажрибасини қўллаш, бунда “Маҳалла раиси — ислоҳотчи” тамойили асосида иш олиб бориш талаб этилади, — деди
Б. Парпиев. — Ҳафтада бир марта ташкил этиладиган “Маҳалла соати”да аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ хулосаларни беришга эътибор қаратилади.

Вилоятда жорий йил давомида жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари 122,5 фоизга ошгани, мавжуд 1041 та МФЙнинг 3 фоизидагина бу ҳолат камайгани танқид қилинди.

Муҳокама қилинган масала юзасидан масъулларга янги тизимнинг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, маҳалла фуқаролар йиғинларини замонавий бино билан таъминлаш, маҳалла раислари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини танқидий ўрганиш, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойилини кенг жорий этиш, ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталарини белгилаш каби муҳим вазифалар топширилди.

Президентимизнинг “Маҳаллабай ишлаш тизимида солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъуллар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларнинг энг қуйи тизимида бажаришнинг асоси шу. Буни одамлар ҳис қилиши керак” деган топшириғи асосида иш ташкил этилиб, ҳар бир маҳалла, ҳар бир оиланинг ичига кириб борилади. Эндиликда давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгинадиган тизим яратилади.

 

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.