МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ – ФАХРИМИЗ ВА ИФТИХОРИМИЗ!

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ –  ФАХРИМИЗ ВА ИФТИХОРИМИЗ!

Ана шундай туйғулар ҳар бир юртдошимиз қалбида жўш урмоқда

Ватан ҳимоячиси бўлиш — шараф. Ҳарбийларимиз бугун туну кун мамлакатимиз хавфсизлиги ҳамда барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида мардонавор хизмат қилмоқда. Айни кунларда жойларда ташкил этилаётган  “Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги тадбирларда ёшларни шу руҳда тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Карантин қоидаларига амал қилиб ўтказилган мазкур фестиваль ватан ҳимоячиларини шарафлаш, уларнинг муқаддас бурчларини эътироф этиш шодиёнаси ҳам бўлди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулло Бузруков Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбийлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, бутун ҳудуд узра она ватан тараннуми кўнгилларга улуғворлик улашди. Миллий армиямиз қудратини белгиловчи замонавий қурол-яроғлар, энг сўнгги русумдаги  ҳарбий техникалар, алоқа воситалари намойиши билан биргаликда, ҳарбийлар ва ёшлар ўртасида спортнинг миллий кураш, бокс, қўл жанги, тош кўтариш каби бир  неча турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Тадбирда ҳарбий хизматчилардан таркиб топган фахрий қоровул саф тортди. Шахдам қадамлар товуши ҳарбий юришларга ҳамоҳанг,  юракларда она юртга садоқат билан хизмат қилиш ҳиссини юксалтирди. Ҳарбий оркестр жамоасининг ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлари, санъаткорларнинг байрам табриклари, концерт дастурлари тадбирга алоҳида файз киритди.

— Мардлик бизнинг қонимизда бор, — дейди подполковник Фарҳод Саиджонов. — Айниқса, тинчлигимиз посбонлари, дея таъриф берилганида янада ғурурланиб кетаман. Ҳар тонгни осудалик, хотиржамликда қарши олаётган халқимнинг шукроналигига оз бўлса-да, ҳиссам қўшилаётганлигидан хурсандман. Бугун ёшлар билан суҳбатлашдик, улар орасида ҳарбийликка қизиқувчилар ҳам кўп экан.

Тадбирнинг кўргазмали қисмида жанговар техникалар саф тортиб, рамзий ҳарбий юришга чиқдилар. Иштирокчилар уларни олқишлар билан кузатиб турдилар. Фестивалда спорт мусобақалари ғолиблари ва фаол иштирокчилар муносиб тақдирландилар.

 

Маъсуджон Сулаймонов.