Хатлов-антропометрия. У нима мақсадда ўтказилмоқда?

Хатлов-антропометрия. У нима мақсадда ўтказилмоқда?

Дунёда эпидемиологик хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётгани касалликларга қарши курашиш фаолиятидаги ёндашувларни, ҳозирги мураккаб шароит ва орттирилган тажрибалардан келиб чиқиб, такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Айниқса, касалликлар профилактикаси, эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ҳамда даволашда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари иш услубларини қайта кўриб чиқиш давр талабига айланди. Шу мақсадлардан келиб чиқиб ҳамда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида 2020 йил 12 ноябрда Президентимиз томонидан “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Мазкур Фармонда  хонадон патронажи, тиббий хатлов, антропометрик ўлчов ва текширувларни амалга ошириш, аҳоли орасида тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик одатларини шакллантириш мақсадида тарғибот тадбирларини олиб бориш белгиланган.

Жорий йилнинг 1 декабри-дан бошлаб тиббиёт муассасаларида, корхона-ташкилотлар, ўқув юртлари ҳамда аҳоли хонадонларида хатлов-антропометрия жараё-
ни амалга оширилмоқда. Бу тадбирга малакали тиббиёт мутахассислари жалб қилинган.

Хатловда фуқароларнинг бўйи, тана вазни, тана вазни индекси, бел айланаси, артериал қон босими, пульси ва сатурацияси ўлчанмоқда. Бундан ташқари, фуқаролар-нинг овқатланиш одатлари, жисмоний фаоллигини аниқлаш бўйича саволлар ҳам бериляпти.

Фарғона шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиника 53395 нафар фуқароларга хизмат кўрсатади. Муассаса томонидан хатлов ва антропометриядан ўтказиш учун 23 та бригада ташкил этилди. Ҳар бир бригада махсус жиҳозлар, жумладан, тарози, пульсоксиметр, хатловларни қайд қилиш журнали, хонадон тиббий карталари билан тўлиқ таъминланган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ўзаро ҳамкорликнинг намунали йўлга қўйилгани туфайли шу кунгача аҳолининг 50 фоиздан зиёди хатловдан ўтказилди.

Тадбирларни ўтказишнинг моҳияти халқимизнинг  “Касалликни даволагандан кўра олдини олган афзал”, деган ҳикматига тўла мос келади. Ушбу жараёнда тўпланаётган маълумотлар фуқароларда яширин кечаётган касаллик-лар ёки уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини аниқлашга, турли юқумсиз касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Натижада аниқланган касалликларни тез ва самарали даволаш имконияти пайдо бўлади. Қолаверса, тиббиёт ходимлари хатлов билан бирга, аҳолига соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданияти, зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний фаол бўлиш, спорт билан шуғулланиш ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришади. Бу хайрли тадбирлар юртдошларимиз саломатлигини асрашда ижобий самара бериши, шубҳасиз.

 

Шаҳноза МАМУРОВА,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи.