КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИ ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИЛМОҚДА

КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИ ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИЛМОҚДА

Вилоят ҳокимининг 2020 йил 19 октябрь кунги “Кўчмас мулк объектларини кадастр ҳисобига олишни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида алоҳида режа ишлаб чиқилган.

 

Айни жараёнда вилоятда мавжуд 805 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш ишларини амалга ошириш белгиланди. Бир вақтнинг ўзида Кадастр ахборот тизимида ҳисобга олишни тизимли асосда мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича вилоят ҳамда шаҳар-туман комиссиялари таркиби тасдиқланди.

Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий филиаллари мутахассислари хатлов ишларига тўлиқ жалб этилган. Мутахассислар томонидан бугунги кунга қадар 686 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 543 минг 184 та кўчмас мулк объект-
лари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Унинг якунларига кўра, 15 минг 878 та қўшимча объект ҳамда 1754 гектар ер майдони аниқланиб, бюджетга қўшимча солиқ манбаси ҳисобланишига эришилди. Янги маълумотлар ўз вақтида кадастр ҳисобига олиниб, ҳудудий солиқ органлари маълумотлар базасига киритиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятда хатлов ишлари давом эттирилмоқда.

Хайрулло ОХУНОВ,

Кадастр агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати ходими.