Фармон ижроси — амалда. КЕЧИРИМЛИЛИК – ХАЛҚИМИЗНИНГ ЭЗГУ ФАЗИЛАТИ

Фармон ижроси — амалда. КЕЧИРИМЛИЛИК – ХАЛҚИМИЗНИНГ ЭЗГУ ФАЗИЛАТИ

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан, жумладан, вилоятимиздан 5 нафар шахс озодликка чиқди, шунингдек, Фарғона вилоятидан бўлган 4 нафар маҳкумларнинг жазо муддатлари қисқартирилди.

Шу йилнинг 9 декабрь куни ви-
лоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров  ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра озодликка чиққан ҳамюртларимиз билан суҳбатлашди.

— Бундай эътибор ва рағбатдан фойдаланиб, бундан буён тўғри йўлдан адашмасликка ҳаракат қилишингиз керак, — деди вилоят раҳбари. — Ишонамизки, энди ҳалол меҳнат қилиш орқали юрт равнақи, фарзандларингиз бахту камоли учун муносиб ҳиссангизни қўшасиз. Бу борада қандай муаммо бўлса, ёрдам беришга тайёрмиз.

Марғилон шаҳрида яшовчи Абдухалил Ортиқов 2018 йили 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. У муддатидан аввал озод этилиб, оиласи бағрига қайтди.

— Оила аъзоларимиз қандолат-чилик билан шуғулланади, — дейди у вилоят раҳбари билан суҳбатда. — Мен ҳам ака-укаларимнинг ёнига кириб, сидқидилдан ишлайман. Фарзандларимни ўзим камолга етказаман.

Қўштепа тумани, «Соҳибкор» МФЙда истиқомат қилувчи Жамолиддин Сайдаҳмедов қарийб 50 ёшда. Тақиқланган оқим ғояларини тарғиб қилгани учун 2015 йили 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

— Турмуш ўртоғим ва уч нафар болаларим менсиз роса қийналишибди, — дея суҳбатни давом эттирди Ж. Сайдаҳмедов. — Озодликка чиққан куним маҳалла раиси Асқар Тожибоев бошчилигида бир гуруҳ маҳалладошлар ҳол-аҳвол сўраб келишди. Ҳокимлик ва ички ишлар идоралари ходимлари беғараз ёрдам беришяпти.

Шунингдек, юзма-юз мулоқотда Марғилон шаҳрида яшовчи Зулфиқор Абдулазизов, қўштепалик Файзулло Раҳматуллаевларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ишга жойлашиш борасида тижорат банклари, бандлик бошқармаси мутахассислари томонидан амалий тавсиялар берилди.

Вилоят ИИБнинг пробация бўлими бошлиғи, подполковник Равшан Холдоровнинг қайд этишича, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа тегишли мутасадди идоралар ҳамкорлигида озодликка чиққан беш нафар ҳамюртларимизни реабилитация ва ижтимоий мослаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш, ишга жойлаштириш ҳамда йўқолган фуқаролик паспортини янгитдан расмийлаштириш, уйининг кадастр ҳужжатини қилиб бериш каби аниқланган бошқа муаммоларини ҳал этиш юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

 

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.