ФАРҒОНАГА “АДИБ ВА САНЪАТКОРЛАР ХИЁБОНИ” КЕРАК

ФАРҒОНАГА “АДИБ ВА САНЪАТКОРЛАР ХИЁБОНИ” КЕРАК

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Адиблар хиёбони” бугун халқимиз, айниқса, ижодга, санъатга иштиёқманд ёшларнинг севимли масканига  айланиб улгурди. Сўлим хиёбонда она халқига сокин нигоҳ ташлаб турган улуғ шоир ва ёзувчилар, маънавиятимиз пешволари ҳар қанча эҳтиром ва қадрга, эл муҳаббатига муносиб эканлигини англаймиз.

Азалдан адабиёт, санъат ва маданият бешиги саналган Фарғона заминидан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Муқимий, Хазиний, Увайсий, Фурқат, Эркин Воҳидов, Асқад Мухтор, Йўлдош Сулаймон, Охунжон Ҳакимов, Худойберди Тўхтабоев сингари қанчадан-қанча етук ижодкорлар, Мукаррама Турғунбоева, Саодат Қобулова, Наби Раҳимов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодиров каби санъат пешволари етишиб чиққанидан қалбларимиз ғурурга тўлади. Бу улуғ зотлар сиймосига ҳурмат ва муҳаббат билан яшар эканмиз, Фарғонада “Адиб ва санъаткорлар хиёбони” бунёд этилса, унда фарғоналик ижод ва санъат намояндаларининг муҳташам ҳайкаллари  қад ростлаб турса, деган истак юракларимизда жўш уради. Хиёбон бўйлаб “Фарғона тонг отгунча”ю, “Тановар”лар, шоирларнинг дилбар сатрлари, ҳофизларнинг гўзал хонишлари жаранглаб турса, қандай соз бўларди.

Юртдошларимизга чинакам руҳий озуқа берадиган, маънавий қувват улашадиган маскан жуда керак. Бу каби эзгу ишлар халқимиз, хусусан, ёшларимиз маънавияти юксалиши, уларнинг адабиётга, санъатга бўлган меҳрини оширишга хизмат қилади.

Муродхон

ТИЛЛАХЎЖАЕВ,

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи бўлим бошлиғи.